Агар жабрланган ҳудудларга озиқ-овқат юборилмаса, май ойигача Ғазо сектори шимолида очарчилик юзага келади, дея маълум қилди БМТ. Бир миллиондан ортиқ одам аллақачон фалокатли вазиятда, дейди экспертлар.
Озиқ-овқат билан боғлиқ вазият Ғазо секторининг ҳар иккинчи аҳолиси ёки 1,1 миллион киши учун «фалокатли». БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) 18 март, душанба куни ушбу баҳони тақдим этди. Агар бирор чора кўрилмаса, май ойигача Ғазо секторининг шимолида очарчилик бўлиши муқаррар, дея маълум қилди жаҳон ташкилоти.
Ғазо сектори аҳолиси озиқ-овқат захираларини тугатди, дея таъкидлади ФАО. Минтақада тўйиб овқатланмаслик ва ўлим «кескин ошади», дея хавотирланяпти экспертлар. Уларга кўра, гуманитар ташкилотларга зарар кўрган ҳудудларга тўсиқсиз кириш имкони берилса, очарчиликнинг олдини олиш мумкин.
ЕИ дипломатияси раҳбари: Ғазо қабристонга айланди
Айни пайтда, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Ғазо секторидаги гуманитар вазиятдан хавотир билдирди. ҲАМАС ҳаракатининг ҳужумига жавобан Исроил ҳарбий операциясидан олдин, бу минтақа «энг катта очиқ қамоқхона эди, ҳозир эса энг катта очиқ қабристон», деди ЕИ дипломатияси раҳбари. Боррел Исроилни очликдан қурол сифатида фойдаланганликда айблади ва Бенямин Нетаняҳу ҳукумати инсонпарварлик ёрдамларининг қирғоқ секторига етиб боришига рухсат бермаётганига диққат қаратди.
Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбарининг танқидини рад этди. Кац Боррелни «Исроилга ҳужум қилишни тўхтатишга ва ҲАМАС жиноятларидан ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олишга» чақирди. «Исроил Ғазо секторига қуруқлик, ҳаво ва денгиз орқали ёрдам беришни истаган ҳар бир кишига кенг кўламли гуманитар ёрдам кўрсатишга рухсат беради», деб таъкидлади ташқи ишлар вазири.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 31 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Kun.uz
- Қўшилди: 20.03.2024
- Кўришлар: 1944
- Чоп этиш