12.08.2019

Эркаклар ва аёллар тенглиги қонун билан кафолатланмоқда

Эркаклар ва аёллар тенглиги қонун билан кафолатланмоқда

Шу йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилди.

Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тайёрланган. Лойиҳани ишлаб чиқишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Адлия вазирлиги мутахассислари бевосита иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қўмита раиси Акмал Саидовнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳаси жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Лойиҳада эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлашнинг асосий принциплари ва бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.

Лойиҳани ишлаб чиқишда Марказий Осиё, МДҲ, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларининг гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги тажрибаси ўрганилган. Шунингдек, БМТнинг Аёлларга нисбатан таҳқирлашнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси нормалари ҳисобга олинган. 

Истиқболда ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида:

биринчидан, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларига оид ҳуқуқий муносабатлар такомиллашади;

иккинчидан, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш кафолатлари мустаҳкамланади;

учинчидан, бу борадаги муносабатларни тартибга солувчи турли даражадаги қонуности ҳужжатлар тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона қонунда мужассамлашади;

тўртинчидан, соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий марказининг 
матбуот хизмати

Orqaga