Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида мамлакатимиз Бош консуллиги кўмагида Ziyo Art болалар ўзбек тили маркази янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, хорижда ўзбек мактабларининг кўпайиши мамлакатимизда, хусусан Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинган 2024 йилда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Бу шунингдек, нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам ёшларга кўрсатилаётган эътиборнинг яна бир ифодасидир.
Mahalla USA диаспора ташкилоти ҳузуридаги таълим маркази 2020 йил 19 сентябрда Бруклинда АҚШ да яшаётган ватандошларимизнинг фарзандларига ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, уларнинг онгига миллий қадриятларни сингдириш, уларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида очилган эди.
Мазкур таълим марказида 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун ўзбек тили ва адабиёти, одоб-ахлоқ, атроф-муҳит, компьютер саводхонлиги, тасвирий санъат, дин, математика бўйича машғулотлар ўтказилади, шахмат, самбо ва кураш тўгараклари фаолият юритади.
Машғулотлар танлов асосида саралаб олинган малакали ўқитувчилар томонидан Ўзбекистондаги ўқув материаллари асосида ҳафтасига етти кун ўзбек тилида олиб борилади.
Таълим марказининг янги биноси 10 та хонадан иборат, унинг умумий майдони 500 квадрат метрни ташкил этади. Ҳозирги кунда марказда 120-150 нафар бола таълим олмоқда.
Очилиш маросимида Mahalla USA жамоат бирлашмаси президенти Абдумалик Аҳмедов сўзга чиқди.
Унда марказни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ёшларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ўзига хослигимизни сақлашдан иборат экани қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбариятининг хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизга кўрсатаётган эътибори юксак баҳоланиб, юқори даражадаги ҳамкорлик ва кўмак учун миннатдорчилик изҳор қилинди.
Очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консуллиги вакиллари, конгрессменлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари, Ўзбекистон самбо федерацияси раҳбари, турли штатлардаги ўзбек диаспораси етакчилари ва фаоллари, маҳаллий аҳоли ва ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА
- Қўшилди: 15.02.2024
- Кўришлар: 2118
- Чоп этиш