Россияда мураккаб вазиятда қолган ўзбекистонликларга моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарига кўра, Қозондаги “ЭНКА Иншаат ве Санайи А.Ш.”, Челябинскдаги “Агропарк Урал”, Ростов-Дондаги “Качевник” корхоналарида ишлаётган ўзбекистонликлар ва уларнинг иш берувчиси билан учрашувлар ўтказилди.
Челябинскдаги Савдо-саноат палатасида ҳудуддаги 14 та ташкилот вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 2017 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасида ташкилий тарзда фуқароларни ишга жалб этишга доир имзоланган ҳукуматлараро келишув ва Вазирлар Маҳкамасининг 725-сонли қарори талаблари батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, Санкт-Петербург, Тула, Перм, Волгоград ва Воронежда мураккаб вазиятда қолган фуқароларга моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, паспортлари олиб берилди. Тулада қийин аҳволда қолган ва Москвада оғир тан жароҳати олган юртдошлар Москва - Тошкент, Москва - Самарқанд авиарейслари орқали ватанга қайтарилди.
Kun.uz
- Қўшилди: 28.02.2024
- Кўришлар: 2052
- Чоп этиш