Статистика агентлиги делегацияси БМТ Статистика комиссиясининг 55-сессиясида иштирок этмоқда

Шу кунларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳида Статистика комиссиясининг навбатдаги 55-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги директори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Баҳодир Бегалов бошчилигидаги делегация аъзолари ҳам иштирок этмоқда.

Агентлик ахборот хизматининг маълумотига кўра, Статистика агентлиги раҳбари БМТ Статистика комиссиясининг 55-сессиясида чиқиш қилиб, мамлакатимизда статистика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, статистика идоралари фаолиятига жорий этилган сўнгги ўзгаришлар, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фаолиятни сифатни бошқаришнинг илғор тизимлари асосида йўлга қўйиш, статистик жараёнларни сўнгги халқаро статистика услубиётларига мос равишда амалга ошириш борасида эришилган натижалар хусусида маълумот берди. 

Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва гендер статистикасини юритиш борасида “Очиқ маълумотлар хатлови” (ODIN) баҳолашларида қайд этилган ютуқлар ҳақида маълумот бериб ўтилди. 

Шу билан бирга, БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича ижтимоий ва иқтисодий комиссияси (ЭСКАТО), шу жумладан ЭСКАТО ҳудудидаги давлатлар билан минтақавий статистикани такомиллаштириш бўйича йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари тўғрисида ҳам ахборот берилди. 

Сессия давомида статистика соҳасида қабул қилинаётган сўнгги халқаро услубиётлар ва илғор хорижий тажрибалар бўйича маълумотлар алмашилди ҳамда Статистика агентлиги директори номзодини 2025 йилда бўлиб ўтадиган БМТ Статистика комиссияси аъзолигига илгари суриш бўйича ташкилий масалалар муҳокама қилинди. 

Делегация аъзолари БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича ижтимоий ва иқтисодий комиссиясининг Статистика кенгаши Бюроси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Статистика комиссияси Бюросининг ишчи муҳокамаларида иштирок этди. 

Шунингдек, тадбирлар доирасида БМТ Статистика департаменти, Open Data Watch ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг SESRIC маркази, БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича ижтимоий ва иқтисодий комиссияси (ЭСКАТО)нинг Статистика бўлими, БМТ Европа Иқтисодий комиссияси Статистика бўлими, МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси ҳамда Канада, Малайзия, Корея, Сингапур, МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари миллий статистика идоралари раҳбарлари томонидан соҳага доир долзарб мавзулар ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. 

Учрашувлар якуни бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини ривожлантириш борасида муҳим масалалар бўйича келгусидаги ҳамкорлик келишувларига эришилди. 

Жумладан, Малайзия миллий статистика идораcи раҳбари билан икки идора ўртасида статистика соҳасида ўзаро ҳамкорлик ва англашув меморандуми имзоланди. 

БМТ Европа Иқтисодий комиссияси, Евростат ва Европа эркин савдо ассоциацияси томонидан 2024 йилнинг 4-чорагида Ўзбекистон миллий статистика тизимини глобал баҳолашдан ўтказиш режалаштирилди. 

Корея миллий статистика идораси билан 2024 йилнинг май ойида Статистика агентлиги делегациясининг тажриба алмашиш мақсадида ташрифи ва тизим кадрлари салоҳиятини ошириш мақсадида икки идора институтларининг “твининг” асосида интеграцияси масалалари юзасидан келишиб олинди. 

Мазкур учрашувлар сўнгги халқаро тавсиялар ва илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш масалаларида яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Гулноза Бобоева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech