15.07.2019

АҚШда Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи Вазирлар конференцияси бўлиб ўтади

АҚШда Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи Вазирлар конференцияси бўлиб ўтади

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 2019 йил 16-23 июль кунлари амалий ташриф билан АҚШга боради ва Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи Вазирлар конференциясида иштирок этади. 

Мамлакатимиз делегацияси таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳам бор. Ташриф дастурида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.

Конференция ишида дунёнинг турли мамлакатларидан ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, диний раҳнамолар ва фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этиши кутилмоқда. 2018 йил 24-26 июлда Вашингтон шаҳрида ўтказилган Диний эркинликларни илгари суриш бўйича биринчи Вазирлар конференциясида дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 600 нафар вакил, жумладан  мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашган. 

Бундан бир йил олдин бўлиб ўтган дастлабки анжуманда диний эркинликларни илгари суриш йўналишида Ўзбекистон юксак баҳо олган ягона давлат бўлди. Ўшанда Ўзбекистон раҳбариятининг жамиятни модернизациялаш ва эркинлаштириш жараёнини изчил давом эттириш масаласига қатъий ёндашаётгани ва бу борада таъсирчан ҳамда самарадор чора-тадбирларни амалга ошираётгани туфайли шундай юқори натижаларга эришилгани алоҳида таъкидланди.

2018 йил декабрь ойида АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасидаги алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар рўйхати”дан чиқаришга доир қарори мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларнинг яна бир далили бўлди.

АҚШ Давлат департаменти 2019 йил 21 июнда эълон қилган 2018 йилдаги диний эркинлик бўйича маърузасида, Майкл Помпео таъбири билан айтганда, “кейинги 13 йилда биринчи бор Ўзбекистон алоҳида хавотир уйғотувчи давлат сифатида эътироф этилмади”. 

АҚШ Давлат котиби Ўзбекистонда БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳиднинг тавсияларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилингани, диний мотивларга кўра жазони ўтаётган бир ярим минг маҳкумнинг озод этилгани ва уларнинг эркин ҳаракатланаётгани, 16 минг фуқаронинг диний-экстремистик оқимларга алоқадор шахслар рўйхатидан чиқарилганини ҳам қайд этди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини, хусусан, диний эркинликларни ҳимоя қилиш соҳасида эришилган натижалар мамлакатда қабул қилинган “2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бевосита боғлиқдир. Бу, ўз навбатида, мамлакатда чуқур демократик ислоҳотларнинг бошланишига олиб келди.

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш мақсадида кейинги даврда давлатимиз раҳбари бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббусларнинг замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори ўз мужассамини топган. 

Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчиликда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги барча фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитларни яратди. Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуси халқаро жамоатчилик томонидан ижобий баҳолангани ҳамда мазкур Резолюциянинг қабул қилингани бежиз эмас. Чунки ушбу халқаро ташаббуснинг асосий мақсади инсонлар, миллатлар ва халқлар ўртасида бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймасликка ёрдам бериш ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий марказининг 
Матбуот хизмати

Orqaga