17.07.2019

Потомак декларацияси нима ҳақда?

Потомак декларацияси нима ҳақда?

Шу йил 16-23 июль кунлари Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтадиган Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи Вазирлар конференциясига таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси АҚШга амалий ташрифи доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий, молиявий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантиришга доир қатор тадбир ва учрашувларда иштирок этади.

Вашингтонда Икки томонлама савдо-саноат палаталари халқаро иттифоқида ўтказиладиган “Диний эркинликлар орқали барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни илгари суриш” мавзусидаги шўъба муҳокамасида Ўзбекистон делегациясининг иштироки ҳам режалаштирилган. Тадбирда диний эркинликларни таъминлаш масалалари мамлакатимизда савдо-инвестициявий жозибадорликни оширувчи муҳим омиллардан бири сифатида қайд этилади.

Маълумки, 2018 йил 24-26 июль кунлари АҚШ пойтахтида ўтказилган Диний эркинликларни таъминлаш бўйича биринчи Вазирлар конференциясида Потомак декларацияси ва Ҳаракатлар режаси қабул қилинган. Ўзбекистон ушбу муҳим ҳужжатларни қўллаб-қувватлайди.
Потомак декларациясининг айрим қоидалари қуйида келтирилмоқда (Декларация матни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо томонидан таржима қилинган):

“Бугунги кунда биз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида бундан 70 йил илгари эълон қилинган “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга”, деган юксак ғоядан узоқлашиб кетдик. Бу ҳуқуқ бутун дунёда тазйиқ-тажовузларга учрамоқда”.

“Диний эътиқод ёки виждон эркинлигини ҳимоя қилиш дунё ҳамжамиятининг ялпи мажбурияти ҳисобланади. Диний эркинлик мамлакатда ва мамлакатлар ўртасида тинчлик ҳамда барқарорликка эришишда муҳим аҳамиятга эгадир”.

“Қаердаки эътиқод эркинлиги ҳимоя қилинган бўлса, ўша ерда фикрни эркин ифода қилиш, тинч йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш ҳуқуқи каби бошқа эркинликлар ҳам тўла таъминланган бўлади”.

“Диний эътиқод эркинлигининг ҳимоя қилиниши сиёсий эркинлик, иқтисодий тараққиёт ва қонун устуворлиги таъминланишига бевосита кўмаклашади. Аксинча, қаерда бу эркинлик бўғилса, ўша ерда низо ва можароларга, беқарорлик ва терроризмга дуч келамиз”.

“Биз яшаб турган бу дунёда эътиқод эркинлигига риоя қилинса, ҳаётимиз яна ҳам обод бўлади”.

“Хусусий ва оммавий диний эътиқод ҳамда дунёқарашлар инсониятнинг олис тарихи давомида жамият фаровонлиги учун зарур аҳамият касб этиб келган”.

“Эътиқодли инсонлар жамоаларимизда беқиёс ўрин тутадилар”.

“Эътиқод ва виждон инсонларда тинчлик, бағрикенглик ва адолатга, хасталарни парваришлаш, қашшоқ ва ёлғиз кишиларга ёрдам кўрсатиш, оммавий мунозараларда қатнашиш ҳамда ўз мамлакатларига хизмат қилиш учун рағбат уйғотади”.

“Диний эътиқод эркинлиги инсоннинг кўламдор, ялпи ва теран ҳуқуқи бўлиб, барча халқлар ва мамлакатлар ушбу эзгу эркинликни бутун сайёра миқёсида ҳимоя қилишлари зарур”.

“Диний эътиқод эркинлиги умуминсоний ва ажралмас хусусиятга эга бўлиб, давлатлар инсоннинг мазкур ҳуқуқини ҳурмат қилиши ва ҳимоя этиши зарур”.

“Инсонни диний мансублиги ёки эътиқоди сабабли камситишга йўл қўйилиши мутлақо мумкин эмас”.

“Бирон-бир динга мансублиги ёки мансуб эмаслигидан қатъи назар, ҳар бир инсон қонун асосида тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга”.

“Инсонни муайян динни қабул қилишга мажбурлаш мақсадида унга тазйиқ ўтказилиши диний эътиқод эркинлигига хилоф ва ушбу ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади”.

Дин инсониятнинг умумий тарихида ва замонавий жамиятларда муҳим роль ўйнайди”.

“Диний ҳаётимизнинг кечаги, бугунги ва эртанги куни учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган табаррук жойлар ҳамда маданий мерос обидаларини асраб-авайлаб сақлаш зарур ва уларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш талаб этилади”.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати


Orqaga