Европа парламенти экологик жиноятлар рўйхатини кенгайтирувчи ва уларга нисбатан жазоларни кучайтирувчи янги Европа Иттифоқи директивасини қабул қилди. Одамларнинг ўлимига олиб келадиган экологик жиноят 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Европарламент (ЕП) 27 феврал, сешанба куни Европа Иттифоқининг экологик жиноятларга қарши кураш бўйича янгиланган директивасини кўпчилик овоз билан маъқуллади. ЕП сайтида хабар қилинганидек, Европарламентнинг 499 депутати ҳужжат учун овоз берди, 100 нафари қарши чиқди, яна 23 нафари эса бетараф қолди.
Ҳужжатда атроф-муҳитга қарши жиноятлар рўйхатини кенгайтириш ва уларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган. Жиддий экологик ҳуқуқбузарликлар қаторига ўрмонларни ноқонуний кесиш натижасида олинган ёғочнинг ноқонуний муомаласи, атроф-муҳитга зарарли машина қисмларини ноқонуний утилизация қилиш, зарарли кимёвий моддаларни ишлатиш ва йўқ қилиш қоидаларини бузиш киради.
Оғир жарималар ва қамоқ жазолари
«Европа Иттифоқи даражасида трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш, келгусида экологик жиноятларнинг олдини олиш учун изчил ва тўхтатувчи санкциялардан фойдаланиш вақти келди», деди Нидерландиядан Европарламент депутати Антониус Мандерс. Унинг қайд этишича, янги қонунчиликка кўра, корхонада атроф-муҳит ифлосланишига масъул бўлган раҳбарлик лавозимини эгаллаган шахслар корхона билан тенг жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жисмоний шахслар ва компаниялар томонидан содир этилган экологик жиноятлар етказилган зарарнинг узоқ давом этиши, оғирлиги ёки қайтарилишига қараб саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўлимга олиб келадиган қасддан экологик жиноятлар учун барча Европа Иттифоқи мамлакатларида шахслар 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Атроф-муҳитга қарши жиддий жиноятлар учун компаниялар глобал йиллик айланмасининг 5 фоизигача жаримага тортилади ёки 40 миллион еврогача тўлайди.
Kun.uz
- Қўшилди: 29.02.2024
- Кўришлар: 1929
- Чоп этиш