Инсон ҳуқуқлари нима?

Инсон ҳуқуқлари - ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи, жинси, этник келиб чиқиши, танасининг ранги, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас ҳуқуқларидир. Барча одамлар ҳар қандай турдаги камситишларни истисно қилган ҳолда, инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу ҳуқуқлар ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир.

Инсоннинг умумбашарий ҳуқуқлари кўпинча шартномалар, халқаро одат ҳуқуқи, ҳуқуқнинг умумий принциплари ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа манбаларида қонун кўринишида мустаҳкамланган ва кафолатланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ давлатларга инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ривожлантириш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларни юклайди.

Универсаллик ва ажралмаслик

Инсон ҳуқуқларининг универсаллиги принципи – халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосидир. Бу принцип 1948 йилда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” қабул қилиниши билан биринчи маротаба муҳим аҳамият касб этган ва доимий равишда инсон ҳуқуқлари соҳасига оид кўплаб халқаро конвенциялар, декларациялар ва резолюцияларда намоён бўлган. Масалан, 1993 йилда Венада бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференциясида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий тизимига боғлиқ эмаслиги таъкидланди.

Ҳар бир давлат камида инсон ҳуқуқлари бўйича битта асосий шартномани ратификация қилди, 80% давлатлар тўрт ва ундан ортиқ шартномаларни ратификация қилди. Бу эса ушбу соҳада давлатлар ўртасидаги умумий келишувни акс эттиради, уларга ҳуқуқий мажбуриятларни юклайди ва универсаллик принципини тасдиқлайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича баъзи асосий нормалар халқаро одат ҳуқуқида мустаҳкамланган.

Инсон ҳуқуқлари ажралмасдир. Шахс улардан маҳрум этилиши мумкин эмас, фақат камдан-кам ҳолларда ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бундан мустасно. Масалан, инсон суд тартибида жиноят содир этишда айбдор деб топилса, унинг эркинлик ҳуқуқи чекланиши мумкин.

Ўзаро боғлиқлик ва бўлинмаслик

Барча инсон ҳуқуқлари бир бутун бўлиб, улар ўзаро боғлиқ: масалан, яшаш ҳуқуқи, қонун олдида тенглик ёки сўз эркинлиги каби фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларми; иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар. Масалан, меҳнат қилиш ҳуқуқи, жамоат хавфсизлиги ва таълим, ёки ривожланиш ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи каби жамоавий ҳуқуқлар. Бир ҳуқуқни ҳурмат қилиш, бошқа ҳуқуқларни ҳурмат қилишга олиб келади. Худди шу тарзда, бирон-бир ҳуқуққа риоя қилмаслик, бошқа ҳуқуқларнинг амалга оширилишига салбий таъсир қилади.

Тенглик ва камситмаслик принципи

Камситмаслик принципи – инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг кенг қамровли принципидир. Ушбу принцип инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги барча асосий шартномаларда мавжуд ва инсон ҳуқуқлари бўйича баъзи халқаро конвенцияларнинг марказий мавзусидир. Масалан, ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Конвенция ва аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция.

Камситмаслик принципи ҳар бир инсонга қўлланилади ва инсоннинг барча ҳуқуқлари ва эркинликларига, жинси, ирқи, танасининг ранги ёки бошқа хусусиятларидан қатъи назар, бирон-бир камситишсиз қўлланилади. Камситмаслик принципи “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг
1-моддасида мустаҳкамланган тенглик принципи билан тўлдирилган: “Барча одамлар эркин туғилади ва қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқлари бўйича тенгдир”.

Ҳуқуқ ва мажбуриятлар

Инсон ҳуқуқларини тан олиш нафақат уларни амалга ошириш ҳуқуқини, балки муайян мажбуриятларни бажаришни ҳам англатади. Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, давлатлар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва уларни рўёбга чиқариш мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, давлатнинг инсон ҳуқуқларини амалга оширишга аралашмаслик ва уларни чеклашдан тийилишини англатади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти давлатдан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни талаб қилади. Инсон ҳуқуқларини амалга оширилиши давлатга инсоннинг асосий ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширилишини кафолатлаш мажбуриятини юклайди. Индивидуал даражада ҳар бир инсон бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши керак.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech