Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим – бу инсон ҳуқуқлари бўйича билим, кўникма ва дунё қарашни шакллантириш орқали инсон ҳуқуқлари умумий маданиятни яратишга йўналтирилган тизим ва мақсадли харакатлар.
Инсон ҳуқуқларини фақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича билим ва кўникмаларни тарқатиш орқали амалга ошириш мумкин. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим барча инсонларни ўз ҳуқуқлари ва бошқаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ундайдиган қадриятлар, эътиқод ва муносабатларни илгари суради. У ҳар бир шахснинг ҳар қандай жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳаётда амалда бўлишидаги умумий масъулиятини ҳақидаги тушунчани ривожлантиради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Бошқармаси “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий харакатлар режалари”ни ишлаб чиқди. Ушбу раҳбарий тамойиллар давлатларга Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Миллий харакатлар режаларини ишлаб чиқишда ёрдам беришга мўлжалланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сонли Қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар стратегиясига мувофиқ “Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида ўқитиш ва тайёрлаш тўғрисидаги Декларациясини амалга ошириш бўйича Миллий харакат дастурини ишлаб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида ўқитиш ва тайёрлаш тўғрисидаги БМТ Декларациясини амалга ошириш бўйича Миллий харакат дастури Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон парламенти томонидан тасдиқланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳузурида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимлари учун Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинди. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш бўйича “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули ишлаб чиқилди. Мазкур модул асосида 2020 йил ноябрь – 2021 йил январь ойларида 40 та вебинар ташкил этилиб, жами 400 нафардан ортиқ раҳбар ходимлар ўқитилди.
Мазкур вебинарларга 9 нафар халқаро тоифадаги мутахассис жалб қилинди. Шунингдек, Марказ томонидан турли йўналиш ва босқичлардаги таълим муассасалари учун “Инсон ҳуқуқлари” фани бўйича ўқув дастурлари тайёрланган. 2020 йилда илк бор ташкил этилган “Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” мавзусидаги танловда 12 номинация бўйича қатнашган 80 та иштирокчи орасидан ғолиблар тақдирланди. Адлия вазирлиги томонидан “bolahuquqi.uz – Бола ҳуқуқлари портали” ҳуқуқий, мантиқий, интерактив ва кўнгилочар портал ишлаб чиқилди. Бош прокуратура Академиясида “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ” магистратура йўналиши очилди.
Шу муносабат билан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2021 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги Ф-5664 сонли фармойиши қабул қилинди. Мазкур фармойишга мувофиқ Миллий комиссия зиммасига халқаро шартномалар нормалари ва стандартлари, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари ҳамда ўзбек жамиятининг тарихий, миллий ва маданий қадриятларини инобатга олган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш юклатилди.
Шу негизда, халқаро ҳужжатлар доирасида мамлакатимиз зиммасига олган мажбуриятларни, шунингдек пандемия ва унинг оқибатлари натижасида юзага келган таҳдидлар ва муаммоларни инобатга олиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида янги ёндашувларни, янги методологияларни ва амалиётни акс эттирган инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилмоқда.
Ҳозирда Марказ томонидан Ўзбекистон Республикасида Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу ҳужжат давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда такомиллаштирилмоқда.
Қуйидаги ҳавола орқали инсон ҳуқуқлари бўйича интерактив курслар жойлаштирилган веб-саҳифага ўтишингиз мумкин: ecourse.nhrc.uz