Аёл судьялар сонини ошириш мақсадида 2023/2024 ўқув йилида хотин-қизларга қўшимча 12 та квота ажратилди

Аёл судьялар сонини ошириш мақсадида 2023/2024 ўқув йилида хотин-қизларга қўшимча 12 та квота ажратилди

Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда судьялар орасидаги хотин-қизларнинг улуши 14 фоизга етди (бу кўрсаткич Қозоғистонда 51%, Россияда 66%, Словенияда 70%, Португалияда 75%).

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига 2023/2024 ўқув йили учун фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқ ихтисосликлари бўйича қабул эълон қилинган.

Таҳсиллар давлат гранти асосида амалга оширилиб, тингловчилар ойлик стипендия билан таъминланади.

Ўқув жараёнлари Судьялар олий мактаби биносида олиб борилади, аёл тингловчиларга ўзлари истиқомат қилувчи ҳудуддаги судларда амалиёт ўташ имконияти тақдим этилади (амалиёт ўташ жами ўқиш даврининг қарийиб ярмини ташкил қилади).

Ҳужжатлар 2023 йилнинг 5 июнига қадар қабул қилинади.

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech