1996 йил 21-22 ноябрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Биринчи жаҳон телевизион форуми ўтказилган. Кенг муҳокамалардан сўнг БМТ Бош Ассамблеясининг 1996 йил 17 декабрдаги қарори билан 21 ноябрь – Бутунжаҳон телевидение куни деб эълон қилинган.
Бош Ассамблея телевидениени турли можаролар, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид соладиган ҳар хил ҳолатларга ҳамда иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига олган бошқа муҳим масалаларга жаҳон аҳли эътиборини қаратишда улкан таъсир этувчи куч сифатида тан олган. Шунингдек, телевидение жамоатчилик фикрини бошқаришнинг муҳим воситаси ҳам саналади.
Дунёнинг кўпгина мамлакатларидаги соҳа вакиллари 21 ноябрни байрам сифатида нишонласа-да, бошқа барча айёмлар каби ушбу кунда ҳам ишлайдилар.
Телевидениенинг келиб чиқиши тарихи деярли бир аср аввалги даврга, яъни ХХ асрнинг бошларига бориб тақалади.
Замонавий ясси экранли телевизорларнинг “бобокалонлари” АҚШ, Япония ва Россия ҳудудида тадқиқотлар олиб бориш жараёнида пайдо бўлган. 1930-йилларнинг бошларида совет олимлари ва муҳандислари Борис Розинг, Семён Катаев, Александр Константинов, Питер Тимофеев, Павел Шмаков, америкалик ихтирочилар Владимир Зворикин ва Фило Фарнсуорт, британиялик муҳандис Алан Кемпбелл Суинтон ва бошқа олимларнинг саъй-ҳаракатлари, меҳнатлари туфайли телевизор аҳолининг амалий фойдаланиш босқичига олиб чиқилган.
Дастлабки телевизорларнинг кўрсатиш сифати ҳам ўзгача бўлган. Биринчи телевизорлар тасвирни фақат оқ-қора рангларда кўрсатган. 1950-йилларнинг бошида АҚШ, собиқ СССР ва кейинчалик бошқа давлатларда рангли телевизорлар ишлаб чиқилган.
Аммо, кўплаб манбаларда телевизорнинг ватани дея пойтаxтимиз Тошкент шаҳри эътироф этилади. Электрон телевидение 1928 йилда тошкентлик икки кашфиётчи Б.Грабовский ва И.Белянский томонидан яратилган бўлиб, тажриба сифатида қўлланилган илк телевизион ускуна ўша пайтда “телефот” деб номланганлиги эътиборга моликдир.
БМТнинг дунёдаги гуманитар инқирозлар ҳақида видеоматериаллар, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва хавфсизлик, тараққиёт каби долзарб масалалар бўйича ҳужжатли фильмлар тайёрловчи видео-бўлими ҳам мавжуд. Мазкур бўлим ўз фаолиятини 1947 йилда бошлаган бўлиб, Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши йиғилишларининг тўғридан-тўғри трансляциясини амалга оширади. Материаллар БМТнинг 6 та иш тилида тайёрланади.
Бугун телевидениесиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. У орқали чексиз аxбороту маълумотлар олиш, инсонларнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш мумкин.
Ҳозирги вақтда телевидение халқнинг ҳақиқий минбарига айланган бўлиб, у орқали аҳолининг мурожаатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жонли тарзда, тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган кўрсатувлар бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Ушбу кўрсатувлар орқали аҳолининг қийнаб келаётган муаммолари, ташвишлари ва тегишли масалалари бўйича масъул идоралар вакиллари саволларга жавоб қайтарилади. Шунингдек, юртдошларимизнинг мурожаатлари ечими бўйича амалий ишлар қилишга келишиб олинмоқда. Кейинги кўрсатувларда бу ҳақда ахборотлар бериш ҳам яхши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, бу турдаги кўрсатувларнинг таъсирчанлигини, натижадорлигини ошириш учун танқидий ва таҳлилий лавҳалар тайёрланиб, эфирга узатилмоқда. Бу борада телевидение ходимларининг масъулияти жуда каттадир. Чунки тайёрланган ҳар бир кўрсатув ортида халқнинг умиди, ишончи турибди.
Бугун ахборотни тезкорлик билан етказиш борасида интернет ва ижтимоий тармоқларнинг имконияти анча кенгайган. Одамлар бирор воқеа-ҳодиса ҳақида қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқлар орқали маълумот оляпти. Бу жараёнда телевидениенинг имкониятларини ошириш учун замонавий технологияларни жалб қилиш тақозо этилади.
Шундай қилиб, БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннан айтганидек, “Бутунжаҳон телевидение куни – телевидениенинг тинчлик ва тараққиётни таъминлашдаги ролига эътибор қаратиш учун ҳар йили нишонланади”.
Отабек Норбоев,
Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 21.11.2023
- Кўришлар: 2245
- Чоп этиш