Радио – инсониятнинг буюк кашфиётларидан бири

13 февраль – Бутунжаҳон радио куни

 

Мустақиллик арафасида, ўзбек тилига қонунан давлат тили мақоми берилган ўша тарихий даврларда газетани – рўзнома, журнални – ойнома (жарида ёки мажалла), дикторни – сухандон, радиони – овознигор деб аташ расм бўлганди. Аммо, негадир бу атамалар узил-кесил урфга айланмади, бугунги кунда уларни баъзан шундай қўллаймиз, холос.

Радио – нима дегани ўзи? Радио лотинча сўз бўлиб, “нурланаман”,  “нур тарқатаман” деган луғавий маъноларни беради. Замонавий тилда айтганда, радио – ахборотларни электромагнит тўлқинлар ёрдамида  узоқ масофадан симсиз узатиш ва қабул қилиш усулидир.

Болалик давримизда, қишлоқ жойларда ҳали телевизор оммалашмаган ХХ асрнинг 60-йилларида оиламиз улуғлари “беш сўмлик радио” деб таърифлаган овозли мўъжаз қути уйимиз деворида ҳамиша осиғлиқ турарди. Биз – даладан ҳориб қайтган болакайларга ҳар оқшом ундан тараладиган сеҳрли эртак ва мусиқаларни тинглаш ёқарди.

Радиотранзистор – эшиттиришларни қабул қилиш имконини берадиган радиоқурилма. Ўсмирлик йиллари транзистор қўлимиздан тушмаган. Терган пахтамиз ўн кило чиқмаса ҳам, барибир, 2-3 килолик радиотранзистор дала-даштлар ва шийпону “барак”ларда доим ҳамроҳимиз бўлган.

Радиоэшиттириш оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос электрон техникага асосланган  тури. Овозни махсус дастгоҳлар ёрдамида кўпайтиради ва кенг ҳудудларга, узоқ масофаларга етказиб беради.

Ҳаётимнинг талабалик ва кейинги босқичлари кўп бор радиоэшиттиришлар билан боғлиқ ҳолда кечган. Радиотингловчиларга бир гал шоир сифатида янги шеърларимни тақдим этсам, бошқа гал журналист бўлиб репортаж олиб борганман, шунингдек, расмий шахс мақомида интервьюлар берганман ва ҳоказо.

Хуллас, каминанинг ҳаёти ҳам кўп қатори радио билан бевосита ва билвосита боғлиқ. Бинобарин,  13 февраль – Бутунжаҳон радио куни менинг ҳам байрамимдир.

Хўш, у ҳолда, 7 май қандай кун? Зеро, 1895 йил 7 майда рус физиги ва электротехниги Александр Попов Санкт-Петербургда радионинг дастлабки вариантини оммага намойиш этган. Шу муносабат билан Арманистон, Беларусь, Россия каби давлатларда 7 май санаси – Радио куни сифатида нишонланади.

Қизиғи шундаки, бошқа бир қатор мамлакатлар ҳам радио “бизда кашф қилинган” дея фахрланади. Масалан, АҚШда мазкур кашфиёт Дэвид Хьюз ва Никола Тесланинг илмий изланишлари эвазига дунёга келгани айтилса, Беларусда – Яков Оттонович Наркевич – Иодка, Ҳиндистонда эса Жагадиша Чандра Боше томонидан радио кашф этилгани даъво қилинади.

Нима бўлганда ҳам, муҳими бу эмас. Муҳими, ким томонидан кашф қилинганидан қатъи назар, радио халқаро майдонда қўлга киритилган том маънодаги йирик илмий-техник ютуқдир. Шу маънода, радионинг инсоният ҳаётидаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда, 1946 йил 13 февраль – “БМТ радиоси” ташкил этилган кун муносабати билан 2011 йили ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан 13 февраль – Бутунжаҳон радио куни, деб эълон қилинган ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2012 йилда тасдиқланган.

          Дастлаб “БМТ радиоси” бешта расмий тил – инглиз, француз, рус, хитой ва испан тилларида эшиттиришлар олиб борган. Кейинчалик бу сафга араб тилидаги эшиттиришлар ҳам қўшилган. Шу тариқа 1950 йилда “БМТ радиоси” тақдим этадиган эшиттиришлар тили 33 тага етган.

Сўнгги йигирма йилда “БМТ радиоси” фаолияти туб ўзгаришларга юз тутди: тасма ғалтаклари (бобина) ва кассеталар ўрнини рақамли воситалар эгаллади. Аудиоэшиттиришлар мультимедия имкониятлари ҳисобига тўлдирилди. Яъни, матн, овоз, расм, тасвир ва бошқа ифода усулларидан бирдек фойдаланиш имконияти юзага келди. Радио таҳририятлари янгиликлар ташкилотларига айланиб, уларнинг радиодастурлари Интернет тармоғидаги рақамли майдонларда омма эътиборига ҳавола этиладиган бўлди.

Радионинг бошқа оммавий ахборот воситаларидан фарқи нимада?

Биринчидан, радио – демократик мулоқот учун ғоят муҳим майдон, ҳар кимнинг ўз фикрини ифода этиши ва бу фикрларнинг эшитилиши учун оддий ва қулай имкониятдир.

Иккинчидан, радио – сайёрамизнинг жуда олис ва қадам етмас ҳудудларида яшайдиган инсонларга ниҳоятда мақбул ва арзон алоқа усулидир.

Учинчидан, радио – ҳатто автоуловда ҳам йўл-йўлакай об-ҳаво ўзгаришларидан тортиб, кўчанинг қайси жойи тирбанд эканигача ўз вақтида хабардор бўлишни таъминлайдиган беминнат ёрдамчи.

 Тўртинчидан, радио – ёши, жинси, таълим даражаси ва касб-коридан қатъи назар, ҳар кимнинг улкан радиотингловчилар жамоаси аъзосига айланишига хизмат қиладиган яқин ҳамкор.

Бешинчидан, радио – бугунги кунда нафақат ахборот тарқатиш, балки маънавий-маърифий, кўнгилочар, омма фикрини шакллантириш каби вазифаларни ҳам бажариб келмоқда. 

Бундан ташқари, радио фавқулодда вазиятларда аҳолини тўғри ва тезкор ахборот билан таъминлашда улкан аҳамиятга эга. Чунки муайян табииий офатлар оқибатида турли инфратузилмалар ишдан чиққан, электр таъминоти, алоқа воситалари, жумладан, интернет тармоғи узилиб қолган танг ҳолларда айнан радионинг ўрни янада яққол намоён бўлади.

Бугунги кунда сайёрамизда радио кириб бормаган хонадоннинг ўзи йўқ. Кенг қамровли оммавий ахборот воситаси бўлмиш радио Ер курраси аҳолисининг 95 фоизини қамраб олиш имкониятларига эга.

Халқаро электр алоқаси уюшмаси маълумотларига кўра, ҳозир жаҳон мамлакатларидаги оилаларнинг 75 фоизида камида битта радио бор. Интернет тармоғи ва мобиль қурилмалар кундан-кун замонавийлашиб бораётгани туфайли ҳам радионинг қамрови кенгаймоқда, ундан янада самарали фойдаланиш имкониятлари ортмоқда. 

Соҳа мутахассисларининг маълумот беришича, Ўзбекистонда илк бор радионуқталарни ўрнатиш ва эшиттиришлар тайёрлаш 1927 йилдан бошланган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида тўртта, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида радиоканаллар фаолият юритмоқда.

Хусусий радиоканалларни қўшиб ҳисоблаганда, мамлакатимизда 40 дан ортиқ радиоканал тингловчиларга хизмат кўрсатмоқда. 

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech