Алишер Навоий ижоди Жанубий Корея матбуоти нигоҳида

СЕУЛ, 13 февраль. /«Дунё» АА/. Жанубий Кореянинг «Diplomacy Journal» журналида академик, юридик фанлар доктори Акмал Саидовнинг ғазал мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган «Мамлакат устуни, давлат таянчи» сарлавҳали мақоласи чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Алишер Навоий маърифатпарвар шахс сифатида ўзи яшаган даврда ҳам, кейинги даврларда ҳам тарихий манбаларда алоҳида қайд этилиб, шеърий асарларда кенг таъриф ва тавсиф қилинган. Беш асрдан зиёд муддат мобайнида буюк шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти ҳақида жуда кўп китоблар ёзилган.

Ҳазрат Алишер Навоий асарлари мағзига сингдирилган ҳаётий фалсафа замирида одамийлик ва бағрикенглик, эзгулик ва адолатпарварлик ғоялари ўз мужассамини топган. Янги Ўзбекистонни барпо этаётган ва учинчи Ренессанс пойдеворини тиклаётган замондошларимиз шундай эзгу фазилатларнинг соҳиблари бўлиши фарзу қарздир. Нега деганда, Ўзбекистон Президентининг «Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак», деган чорлови айнан шуни тақозо этади.

Акмал Саидовнинг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий сертификатга эга бўлган «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига янги ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши қайд этилди. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилишини қайд этди. Бошқа тилларга ихтисослаштирилган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилиши, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилиши таъкидланди.

«Шу маънода, «Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти» китобида буюк аждодимизнинг туркий адабий тил асосчиси эканига оид қизиқарли маълумотлар тақдим этилгани диққатга сазовор. Масалан, Алишер Навоийнинг туркий тил мавқеини кўтариш йўлидаги кураши ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, «Муҳокамат ул-луғатайн» асарига тўхталиш айни муддаодир. Зеро, ушбу асар тимсолида унинг муаллифи тилимизнинг бой имкониятларини кўрсата олган ва араб ҳамда форс тилларидан ҳеч қайси жиҳатдан кам бўлмаган гўзал ва қудратли тил эканлигини исботлаб берган забардаст тилшунос олим сифатида ўзини ёрқин намоён этган», — деб ёзади муаллиф.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech