“Ишончим комил, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги эзгу ҳамкорлик анъаналарини нафақат тиклаш, ҳар икки давлат тараққиётига хизмат қиладиган ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, айни пайтда уларни бугунги глобализация шароитига мос келадиган янги, юксак даражага кўтариш вақти келди. Мамлакатларимиз олдида турган вазифалар ва амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг муштарак хусусиятларга эга экани ва бу ўзгаришлардан кутилаётган натижалар ҳам кўп жиҳатдан ўхшаш эканини инобатга оладиган бўлсак, бундай ҳамкорлик янада муҳим аҳамият касб этади”.
Ушбу фикрлар Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон қаламига мансуб “Революция” номли китобнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йили ўзбек тилига таржима қилинган ва чоп этилган нашрига давлатимиз раҳбари ёзган сўзбошидан иқтибос олинди. Ўтган даврда, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама изчил ривожланиб бормоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макроннинг таклифига биноан шу йил 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан Франция мамлакатида бўлди. Ташриф доирасидаги мулоқотлар кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.
Бунга қадар Ўзбекистон Президенти 2018 ва 2022 йилларда Францияга расмий ташриф буюрган бўлса, ўз навбатида, Франция Президенти 2023 йили Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Олий даражадаги ушбу ташрифлар ҳамкорлик муносабатларининг барча соҳа ва йўналишларида янги даврни, яъни юксалиш босқичини бошлаб берди.
Бу ҳақда фикр юритганда, турли соҳалардаги манфаатли алоқаларимиз ривожини кўрсатадиган кўплаб рақамлару тафсилотларни келтиришдан тийилмоқчимиз. Бунинг ўрнига маданий соҳадаги ҳамкорлигимизнинг ёрқин ютуғи бўлган иккита мисолга эътибор қаратиш билан кифояланамиз.
Биринчи мисол: 2022 йилда Парижнинг нақ марказида – дунёдаги энг машҳур музейлардан бири, Франциянинг ноёб дурдонаси ҳисобланувчи Лувр музейида Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган дастлабки йирик кўргазма юқори даражада ўтказилди.
Иккинчи мисол: 2024 йилда Франция мезбонлик қилган ёзги Олимпия ва Параолимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари фаол иштирок этиб, тарихий натижаларга эришдилар. Яъни, ўз тарихида илк бор энг кўп медаллар жамғарган Ўзбекистон бу борада катта ютуқларни қўлга киритиб келаётган 15 та пешқадам давлат сафидан ўрин олди.
Ўзбекистон Францияни дунёнинг сиёсий ва иқтисодий етакчиларидан бири деб билади. Франция Европа сиёсатида катта роль ўйнайди ва парламентаризм бўйича бой тажрибага эга. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев бу галги давлат ташрифи доирасида Париж шаҳрининг Бурбон саройида Франция Миллий мажлиси Раиси Яэль Браун-Пиве билан учрашув ўтказгани алоҳида аҳамиятга эга.
Мулоқот аввалида Яэль Браун-Пиве хоним парламент – француз демократиясининг юраги, дея таъкидлади. Ўзбекистон Франциянинг дўсти, стратегик ҳамкори, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистонга яқин ҳамкор эканимиз билан ғурурланамиз, деди Франция Миллий мажлиси Раиси.
Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватлайди, бинобарин, кейинги йилларда минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит вужудга келди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳам эътирофга сазовор. Бундай натижаларга биргина аниқ мисол – болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилганидир. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси кўплаб давлатлар учун ўрнак ва намуна бўлишга муносибдир.
Шунингдек, Яэль Браун-Пиве хонимнинг фикрича, парламент дипломатиясини, айниқса, парламентларимизнинг дўстлик гуруҳлари фаолиятини янги босқичга кўтариш лозим. Зеро, парламентлараро мулоқот – давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг “катализатори” бўлиши керак.
Ўзбекистон Президенти Франция парламенти Миллий мажлиси Раисининг фикрларини маъқуллар экан, мен ўзим ҳам 15 йил парламент аъзоси бўлганман, шунинг учун парламент ҳаётини ич-ичидан ҳис этаман, парламент – бу халқ уйи, халқ овози, дея уқтирди. Парламент ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асосларини яратишда фаол иштирок этмоқда. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизда Президентнинг айрим ваколатлари парламентга берилди.
Бундан икки йил аввал қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш юзасидан ўтказилган референдумда 85 фоиз сайловчи қатнашди, деди Президентимиз. Биз учун энг муҳими – халқ овозини эшитиш, халқимиз муаммоларини ҳал этишдир. Чунки Янги Ўзбекистонда халқчил давлат қураяпмиз. Маҳалла институтига катта эътибор қаратмоқдамиз.
Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар эндиликда ортга қайтмас тус олганлигига эътиборни қаратди. Қатъий сиёсий ирода билан одамларни бундай яшаш энди мумкин эмаслигига ишонтира олдик. Халқ бизга ишонгани учун ҳам ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда.
Янги Ўзбекистоннинг ислоҳотлар стратегиясида ҳамма учун тенг имкониятлар яратиш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, халқ фаровонлигини ошириш ва аҳолига муносиб турмуш шароитини таъминлаш устувор йўналишлар ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Франция Президенти Эммануэль Макрон бундан неча асрлар илгари яшаб ўтган шавкатли аждодларимиз Амир Темур ва Шарль VI орзуларини реал воқеликка айлантирмоқдалар.
Ўзаро суҳбат асносида Президентимиз учта аниқ таклифни олға сурди.
Биринчиси, Франция Миллий мажлиси Раиси ва француз депутатларни жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизга таклиф қилди.
Иккинчиси, “Ўзбекистон–Франция” парламентлараро форумини ўтказиш таклифини билдирди.
Учинчиси, Ўзбекистон парламентининг Қонунчилик палатаси ва Франция парламентининг Миллий мажлисида “Ўзбекистон–Франция” дўстлик гуруҳлари қайта тузилгани муносабати билан уларнинг фаолиятини янги босқичга кўтариш муҳимлигини қайд этди.
Давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббусларини Франция томони тўла қўллаб-қувватлади. Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Франция Республикаси Миллий Ассамблеяси ўртасидаги парламентлараро алоқалар жадал ривожланмоқда. Яқинда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Франция Миллий Ассамблеяси билан парламентлараро ҳамкорлиги бўйича гуруҳ тузилгани, кейинги саккиз йил ичида парламентларимиз вакиллари ўртасида йигирмага яқин икки томонлама ташриф ва мулоқотлар ташкил этилгани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Маълумки, Янги Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келадиган 2030 йилгача бўлган стратегия изчил амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаш билангина чекланиб қолмасдан, балки ушбу мақсадларни амалга оширишга қаратилган муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурмоқда.
БМТ Бош Ассамблеяси “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни айнан Ўзбекистоннинг ташаббуси асосида қабул қилди. Шу ўринда халқаро ҳамжамиятнинг олий минбаридан илгари сурилган ушбу таклифимизни қўллаб-қувватлагани учун француз ҳамкасбларимизга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.
Бундан икки йил аввал мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингани муносабати билан ўтказилган умумхалқ референдумида Франция Парламенти Сенати аъзолари Р.Ришар ва А.Валлини халқаро кузатувчилар мақомида иштирок этганди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнларида халқаро кузатувчилар мақомида иштирок этган “Франция – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Э.Морей раҳбарлигидаги Франция парламенти Сенати делегацияси аъзолари билан 2023 йил 8 июлда сермазмун мулоқот қилганмиз.
Айни вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси изчиллик билан амалга оширилмоқда. Юртимизда гендер тенглик, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, қийноқларга қарши курашиш борасида аниқ ва самарадор қадамлар қўйилмоқда. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан ҳар қандай зўравонликка барҳам беришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистонда 2024 йил октябрь ойида парламент сайловлари илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди. БМТ тавсияларига мувофиқ, аёл номзодлар квотаси 40 фоизгача оширилди. Ислоҳотлар натижасида парламент қуйи палатасидаги хотин-қизлар сони 38 фоизга етди, бу кўрсаткич халқаро ташкилотлар тавсияларига ҳамоҳангдир.
Сайлов арафасида, 2024 йил 6-8 октябрь кунлари камина раҳбарлигидаги Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегацияси Парижга ташриф буюрганди. Биз ўшанда Франция кенг жамоатчилигига мамлакатимиздаги сайловларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот бериш учун бир қатор учрашувларда қатнашганмиз.
Ўзбекистоннинг янги парламенти миллий қонунчиликни Конституция нормаларига мувофиқ янгилаш, дунёвий ва ижтимоий давлат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш борасида фаол иш олиб бормоқда. Яқинда Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳада давлат сиёсати концепцияси қабул қилинди.
Кейинги даврда сайёрамиздаги кескин иқлим ўзгаришлари, сув ва бошқа табиий ресурсларнинг камайиши жиддий муаммога айланмоқда. Ўзбекистон томони Франциянинг 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиш орқали Европани углеродсиз ривожланадиган дастлабки йирик иқтисодиётга айлантириш борасидаги ёндашувини, умуман олганда, ушбу ҳамкор мамлакатнинг экологияни асараб-авайлашга доир қатъий ва оқилона йўлини қўллаб-қувватлайди.
Бу ҳақда фикр юритганда, экология ва атроф-муҳит масалаларини биз ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ажралмас қисми сифатида кўришимизни таъкидлаш ўринлидир. Бинобарин, қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ янгиланган Асосий қонунимизда алоҳида конституциявий нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Яна бир муҳим қадам: Ўзбекистонда 2025 йил – “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб эълон қилинди. Мамлакатимиз Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимига ва Орхус конвенциясига қўшилган. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал қилиш учун Президент ҳузурида Иқлим кенгаши тузилмоқда.
Ўзбекистонда “Яшил макон” умумхалқ ташаббуси амалга оширилаётганига уч йил бўлди. Ўз навбатида, қўшни ва қардош давлатлар билан ҳамкорликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришдик. Тошкентда Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университети ташкил этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори саналади.
Ҳозирги кунда инсоният жуда оғир даврни бошидан кечирмоқда. Халқаро муносабатларда ўзаро ишончга дарз кетмоқда, қарама-қаршилик ва можаролар тобора кучаймоқда, барқарорлик ва тараққиётга турли таҳдидлар хавф солмоқда. Афсуски, бу муаммолар Ўзбекистон ва Францияни ҳам четлаб ўтмаяпти.
БМТ 2025 йилни – Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилгани бежиз эмас. Чунки мураккаб геосиёсий танглик, қуролли тўқнашувлар ва молиявий босимнинг кучайиши глобал иқтисодий таназзулга сабаб бўлди. Ўз навбатида, бундай номақбул аҳвол ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун интилаётган миллионлаб одамларни чуқур таҳликага солиб, турли муаммолар гирдобига ташлади.
Шундай экан, БМТ ташкил топганининг 80 йиллиги нишонланадиган йилда дунё парламентлари ҳал қилувчи ўринни эгаллаши зарур. Миллий парламентлар бутун жаҳон миқёсида ҳар томонлама ҳамкорликни таъминлаш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш ва ишончни тиклашда алоҳида роль ўйнаши тақозо этилади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ташаббуси билан 5-6 апрель кунлари Парламентлараро Иттифоқнинг 150 йиллик юбилей ассамблеяси илк бор Марказий Осиё заминида – айнан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши диққатга сазовор. Ассамблеянинг асосий мавзуси “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” эканлиги ҳам бежиз эмас. Биз ҳамкасбларимиз, Франция парламенти аъзоларининг ушбу халқаро парламентарийлар форумида фаол иштирок этишларига умид қиламиз.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳар икки палатасига анъанавий қонун ижодкорлиги функцияларидан ташқари, янада кенг ваколатлар берилди. Хусусан, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назорати кучайтирилди, ҳукуматнинг ҳисоботлари мунтазам эшитиб борилмоқда.
Давлат қурилиши жабҳасидаги бундай замонавий ёндашув миллий парламентнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллаётганидан далолат беради. Бинобарин, Ўзбекистон бу борада Франция билан тажриба алмашишдан манфаатдор.
Биз Франция билан эришилган парламентлараро ҳамкорлик даражасини қадрлаймиз. Икки мамлакат парламентларида парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатаётгани томонлар муносабатларнинг ушбу муҳим йўналишини ривожлантиришдан манфаатдор эканининг тасдиғидир. Ўтган давр мобайнида фаол ташрифлар алмашинуви амалга оширилди, хусусан, “Ўзбекистон –Франция” гуруҳи аъзолари ўртасида мунтазам равишда музокаралар олиб борилмоқда.
Энг асосийси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи доирасидаги мулоқотлар асносида мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Бу борада илгари сурилган амалий таклифлар, хусусан, жорий йилда француз ҳамкасбларимиз иштирокида Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон – Франция: гендер тенгликни таъминлашда парламентнинг роли” парламентлараро форумини ўтказиш таклифи алоҳида эътиборга молик.
Европанинг қоқ юрагида жойлашган Франция давлати билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз борганда, албатта, ушбу мамлакат сунъий интеллект бўйича глобал ҳамкорлик борасида нафақат кўҳна қитъада етакчи, балки бу борада бутун жаҳоннинг маркази ҳам эканини алоҳида қайд этиш даркор. Жорий йил февралида Франция ташаббуси билан “Сунъий интеллект соҳасидаги саъй-ҳаракатлар бўйича саммит” муваффақиятли ўтказилгани бу фикримизнинг амалий исботидир.
Аслида ҳам, сунъий интеллект бутун дунёмизни ўзгартирмоқда. Бу шунчаки технология эмас, балки бизнинг яшаш, ишлаш ва ўзаро муносабатларимизни ўзгартиришларга чоғлаётган қудратли воситадир.
Ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъмин этиш учун сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш зарурлиги борасида мамлакатларимизнинг ёндашувлари ўхшаш. Бинобарин, Ўзбекистонда Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси амалга оширилмоқда. Шунингдек, Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Биз илм-фан соҳаси ва фуқаролик жамияти иштирокига асосланган сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш керак, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун бу борадаги умумий стандартларни ишлаб чиқишда франциялик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликдан манфаатдормиз.
Давлатимиз раҳбарининг Францияга давлат ташрифи Ўзбекистоннинг мулоқот учун ҳар доим очиқлиги ва икки томонлама кун тартибининг барча йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ниятида қатъий ва собит эканига ўзига хос далилдир. Янада муҳими, ушбу олий даражадаги ташриф якунида имзоланган ҳамкорлик ҳужжатлари Ўзбекистон ва Франция давлатлари ўртасидаги шериклик ва дўстлик алоқалари ривожига шиддатли суръат ҳамда бой мазмун-моҳият бағишлайди.
Хулоса қилиб айтганда, халқаро ва давлатлараро муносабатларда ўзаро ишонч йўқолиб бораётган бугунги таҳликали ва нотинч даврда Франция билан стратегик ҳамкорликни ниҳоятда қадрлаймиз. Икки томонлама, минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан қарашларимиз яқинлиги ҳам жуда муҳим. Бу омилларнинг барчаси, ўз навбатида, ҳамкорликнинг бошқа соҳалари қатори парламентлараро муносабатларимизни ҳам янги босқичга кўтаришни тақозо этади.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати,
“Ўзбекистон-Франция” дўстлик гуруҳининг раиси
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 14-март кунги 52 (1378)-сони
- Қўшилди: 14.03.2025
- Кўришлар: 194
- Чоп этиш