РЕНЕССАНС ВА РАНГЛИ ҚАЛАМЛАР

16 март – Рангли қаламлар куни

 

Дунёнинг турли мамлакатларида тобора кенг нишонланаётган бу ғаройиб байрамнинг тарихи ҳақида Интернет ва бошқа манбаларда аниқ маълумот учрамади. Аммо, ушбу сана табиат турфа гуллар ва ажиб рангларга бурканган гўзал баҳор фаслига мутаносиблигининг ўзиёқ унинг муайян мантиқий асосга эга байрам эканини тасдиқлайди.

Рангли қаламлар тарихи хусусида эса маълумотлар кўп ва хилма-хил. Бу ҳақда батафсил фикр юритишдан олдин “қалам” сўзининг маъносини аниқлаб олайлик. Луғатларда қаламга ҳар хил таърифлар берилган.

Қалам – хат ёзиш, расм солиш, чизма  чизиш  учун  ишлатиладиган чизмачилик қуроли.

Қалам – сиртларга ўйиб гул ва нақш солишда ҳамда ҳайкалтарошликда қўлланадиган металл асбоб.

Бундан ташқари, қаламнинг қамиш қалам, мўйқалам, тош қалам (грифель), пўлат қалам (перо) каби турлари ҳам мавжуд.

Рангли қаламлар мавзусига қаламнинг дастлабки маъноси бевосита яқин. Чунки айнан хат ёзиш ва расм солиш учун ишлатиладиган қаламлар ёғоч ёки металл қобиқ ичига олинган мўрт, яъни синувчан материал – кўмир, қўрғошин, графит, қуруқ бўёқли ўзакдан ясалган бўлади.

Қадимда халқлар, шу жумладан, Шарқ  халқларида хаттотлар сиёҳ билан ёзиладиган қамиш қаламлардан фойдаланишган. Агар қаламнинг русча “карандаш” деган номи туркий тилдаги “қоратош”, яъни кўмир (ёки графит) сўзидан олингани назарда тутилса, ушбу ёзув асбобининг келиб чиқиш тарихи ўзимизнинг Турон-Туркистон заминига келиб тақалиши ҳам ажабланарли эмас.

Алишер Навоий асарларида “қалам” сўзи кўп учрайди. Хусусан, “Лисонут-тайр” достонида шундай мисра бор:

Асмаъий чекти қалам бирла давот,

Ёзди ул таҳрирнинг остида бот.

Навоий асарларида рангли қаламлар ҳам тилга олинган бўлиб, улар “қаламгун” сўзи билан ифода этилган. Табиийки, қора қалам ҳам рангли қаламлар сирасига киради. Ҳазратнинг “Хазойинул-маоний” асаридан шу ҳақда бир байт:

Магар ҳуро сочин қилди қаламгун сабҳасин коғаз,

Қилурда сунъ наққоши нигорим суратин тасвир.

Навоий замонида қаламга ҳурмат-эътибор ниҳоятда юксак бўлган. Бинобарин, айни шу сўз негизида ясалган “қаламий” каломи – сўз, ёзув, асар; “қаламкаш” – ёзувчи; “қаламзан” – котиб, мансабдор маъноларида қўлланган. Ҳатто, “қаламрав” сўзи мулк, яъни ҳукмдорнинг қўл остидаги ерлар, деган жуда кенг мазмунни ифода этган.

Аждодларимиз қаламнинг форсий тилдаги “хома” шаклини ҳам қўллаганлар. Шу жиҳатдан, “хомаки” – асарнинг қаламда ёзилган қораламаси, охиригача ишлов берилмаган дастлабки нусхаси, деганидир.

 Бошқа манбаларга қараганда, қора қаламлар дастлаб ХIV асрда Қадимги Римда ихтиро этилган. Бу қаламлар, одатда, иккита чўпча орасига қистирилган кўмир ёки қора сланец лойи бўлагидан иборат бўлган. Кейинчалик чўп ўрнига қўрғошин бўлагидан фойдаланилган. Бундай қаламни ишлатиш учун рассомлар қўрғошин дастачага қоғоз ўрашларига тўғри келган.

ХVI асрдан графит қаламлар урфга айланган. Хусусан, француз  олими Н.Канте 1790 йилда ҳозирги кўринишдаги, яъни графит ўзакли чўп қаламни ихтиро қилган. ХIХ асрнинг иккинчи ярмида ўзаги қисиб қўйиладиган ёки бураб чиқариладиган қаламлар пайдо бўлган ва ХХ асрда кенг тарқалган.

Қора қаламлар ёнига рангли қаламларнинг қўшилиши учун орадан яна уч аср вақт ўтди. Яъни, фақат ХХ асрдагина бизга яхши таниш бўлган кўркам ва бежирим рангдор қаламлар даври бошланди. Эндиликда турли ранглардаги қаламлар саноат корхоналарида  тайёрланади.

Дастлаб рангли қаламлар тўплами атиги 8 дона бўлган ва ХХ аср ўрталарида бу тўплам яна 40 рангдаги қаламлар билан тўлдирилган. Ҳозирги кунда рангли қаламлар тўплами 120 дан зиёд рангдаги қаламлардан иборат.

Агар оддий қора қаламнинг ёзадиган ўзаги сифатида фақат графитдан фойдаланилса, рангли қаламлар ўзагини ясашда мум, мой, елим, бўёқ каби турли моддалар аралашмаси ишлатилади. Эндиликда бўёқ изларини сув билан ўчирса бўладиган жуда қулай рангли қаламлар ҳам кашф этилган.

Рангли қаламларни харид қилишда уларнинг ранги униқмаслиги, юмшоқлиги, ёрқинлиги, қулайлиги каби кўплаб сифатлари эътиборга олинади. Бугунги кунда қаламлар чизмачилик, рассомлик, лойиҳачилик,  гримчилик, пардоз-андоз, дурадгорлик ва бошқа соҳаларда ишлатилади.

Бу ҳаётда рассом, чизмакаш, дурадгор ёки ёш бола бўлмаса-да, рангли қаламлардан унумли фойдаланадиган инсонлар ҳам учрайди. Раҳматлик устозим – атоқли таржимашунос олим Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг шундай ғаройиб одатлари бор эди.

Домланинг қўлёзмаларни таҳрир қилиш жараёнида ва дастхату табрикномалар битишда турлича рангдаги қаламлар ва замонавий фломастерларни қойилмақом бир маҳорат билан ишлатганларига кўп бор гувоҳ бўлганман. Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров ўз хотираларида бу хусусда алоҳида тўхталиб:

“Ғайбулла Саломовнинг жуда кўп мақолалари, рисолаларини қўлёзмада ўқиганман. Ҳеч ким шундай эмас. У қўлёзмаларини ноёб бир ҳуснихат билан ёзарди. Турли рангдор қалам, фломастерлар билан уларга ишлов берар, сарлавҳалар, бош ҳарфларни алоҳида қунт ва ихлос билан безатарди. Унинг қўлёзмаларини санъат асари каби томоша қилиб, варақлаб ўтиришни яхши кўрардим. Уни олимдан кўра кўпроқ каллиграфга ўхшатардим. Бу ноёб санъат унга қаердан, табиатнинг қай мўъжизакор еридан тортиқ этилганлиги устида ўйлардим. Ота-боболарида бўлмаса фарзанд қўлида нодир чизиқлар қаердан туғилсин?”, деб қайд этган (“Ғайбуллоҳ ас-Салом замондошлари хотирасида”, Тошкент, 2002. – 8-бет).

Шуни ҳам эслатиш жоизки, яна бир неча кундан кейин – 30 мартда қалам кашф этилган сана халқаро миқёсда нишонланади. Фурсатдан фойдаланиб, қалам ҳақидаги айрим қизиқарли маълумотларга эътибор қаратамиз:

  • битта одий қалам билан 56 километр узунликдаги чизиқ чизиш ёки 40 мингтадан ортиқ сўз ёзиш мумкин;

  •  дунёдаги энг улкан қаламнинг бўйи 12 метрга, вазни эса 24 центнерга тенг;

  • энг митти қаламнинг ҳажми 2 сантиметрга ҳам етмайди;

  • Ер юзида ҳар йили 14 миллиард донадан зиёд қалам ишлаб чиқарилмоқдаки, уларни бир-бирига уланадиган бўлса, сайёрамиз учун 62 та белбоғ бўлар экан;

  • ҳисоб-китобларга кўра, қаламда ёзилган битта ҳарфнинг вазни 0,00033 граммга тенг;

  •  битта улкан дарахтдан тахминан 300 мингта қалам ясаса бўлади.

Қаламнинг ноёб хусусиятларидан яна бири шундаки, у сув тубида ва коинотда ҳам бемалол ишлатса бўладиган ягона ёзув қуроли ҳисобланади. Улар ўзагининг қаттиқлик даражаси бўйича юмшоқ (белгиси – М), қаттиқ (Т) ва ўртача қаттиқ (МТ) турларга бўлинади.

Яна бир эътиборли жиҳат: илм-фанда ранглар инсон руҳияти­га жуда катта таъсир кўрсатиши ал­лақачон исботланган. Хусусан, ранглар воси­тасида иш унумини ошириш, одамлардаги бир қатор касалликларни даволаш мумкин. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида рангларнинг ана шу бетакрор хусусиятларидан оқилона фойдаланилади.

Рангларни тадқиқ этишга, айниқса, японлар илгари­дан жиддий эътибор бериб келишган. Шу боис дунёда ягона бўлган Ранг институ­ти Токио шаҳрида фаоли­ят кўрсатади. Бу даргоҳда ранглар ҳар томонлама тадқиқ этилади, хусусан, рангларнинг инсон руҳия­тига таъсири синчиклаб ўр­ганилади. Шунингдек, “Ранг асослари” деб номланган фан Япония мактаблари дастурига ҳам киритилган.

Халқимиз тилида: “ранги совуқ” ёки “истараси иссиқ” деган иборалар тез-тез учрайди. Хўш, ранглар иссиқ ва совуқ бўлиши мумкинми?

Маълумотларга қараганда, ранглар ола­мини иккига бўлиб, биринчи ярмига – иссиқ, иккинчи қисмига совуқ ранглар­ни киритиш кашфиёти асосан рассомларга мансуб экан. Бунга са­баб шуки, қизил, зарғалдоқ, сариқ ранглар – оловни, қизиган темирни, чўғни; ҳаво ранг, зангори, кўк ранглар эса, музни, сувни эслатади. Бун­дай фарқланиш, албатта, нисбийдир.

Дарвоқе, сарлавҳада қайд этилган “Ренессанс” тушунчаси билан рангли қаламлар ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Гап шундаки, инсониятнинг олис ва шонли тарихидаги Шарқ ҳам, Ғарб ҳам гувоҳи бўлган барча Уйғониш даврларида хаттотлар рангли қаламларда энг сара асарларни кўчирган ва тарқатган бўлса, рассомларнинг аксарият буюк ижод намуналари ҳам айнан рангли қаламларда чизилган.

Бугун мактабларда – болаларимизнинг, боғчаларда –набираларимизнинг жажжи қўлларида рангли қаламларни кўриб қувонишимиз бежиз эмас. Чунки навқирон авлодимиз вакиллари Учинчи Ренессанснинг сержило тимсолини чизмоқдалар, Янги Ўзбекистон ва Янги Уйғониш даври қиёфасини ёрқин рангларда яратмоқдалар! 

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech