ИСЛОМОФОБИЯ – ИРҚЧИЛИК ВА КАМСИТИШ СИНГАРИ ИЛЛАТ

15 март – Халқаро исломофобияга қарши кураш куни

 

Исломофобия – ислом дини ва мусулмонларга нисбатан асоссиз қўрқув, нафрат, камситишни англатадиган иллат бўлиб, баъзида  қўрқитиш ёки таъқиб қилиш шаклида ҳам намоён бўлади. Сўнгги йилларда унинг тобора кенг тарқалаётгани аянчлидир.

Бугунги кунда исломофобия жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг йирик муаммолардан биридир. Унинг зарари фақат мусулмонлар билан чекланиб қолмай, балки бутун жамият, ҳаттоки давлатларга ҳам зарар етказади. У сабабли турли миллат ва динга мансуб одамлар бир-биридан узоқлашади, жамиятда нафрат кучаяди, тинчлик бузилади.

Шу маънода, ҳар йили 15 март – Халқаро исломофобияга қарши кураш куни сифатида дунё миқёсида нишонланаётгани алоҳида аҳамиятга лойиқ. Бу сана Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва Покистон Ислом Республикаси ташаббуси билан 2022 йил март ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси томонидан расман белгиланган бўлиб, уни нишонлашдан мақсад дунё бўйлаб мусулмонларга нисбатан адолатсизлик ва камситишларга қарши курашиш, шунингдек, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашдир.

Халқаро исломофобияга қарши кураш куни сифатида 15 март санасининг белгиланиши тасодифий эмас. Айнан шу куни 2019 йилда Янги Зеландиянинг Крайстчёрч шаҳридаги икки масжидда террорчилик ҳужуми содир этилган. Ўша куни террорчи Брентон Таррант масжидда намоз ўқиётган 51 нафар бегуноҳ мусулмонни ўқотар қуроллар билан шафқатсизларча ўлдирган, 40 нафарига жароҳатлар етказган. Мазкур воқеа бутун дунёга исломофобиянинг қай даражада хавфли эканини кўрсатиб берди ва халқаро ҳамжамиятни ушбу муаммога қарши бирлашишга ундади.

Исломофобиянинг тарихи VIII-IX асрларда ислом динининг Европага кириб боришига тақалади ва салиб юришлари даврида у кучаяди. Ушбу даврларда мусулмонларга “варварлар” (маданиятдан йироқ ёввойи одамлар) сифатида қаралган. Аммо айнан ўша даврларда ислом олами илм-фан, маданият, фалсафа, тиббиёт, архитектура ва бошқа кўплаб соҳаларда дунё цивилизацияси маркази ҳисобланган. Усмонлилар империяси куч-қудратга тўлган Ўрта асрларда эса Европа давлатлари билан муносабатлар таранглашуви исломофобиянинг янада қалтис тус олишига сабаб бўлган.

XX аср охири – XXI аср бошларида ақидапарастликнинг кучайиши асносида “исломофобия” атамаси истифодага киритилди. Айни шу даврда баъзи гуруҳлар ўз мафкуравий мақсадларини ҳимоя қилиш учун исломни гўёки зўравонликни тарғиб қилувчи дин сифатида кўрсатишга уринди, улар ҳатто ер юзининг турли минтақаларида террорчилик актлари содир этишгача бориб етди.

Бу ўринда, 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда содир этилган террорчилик актлари исломофобияни кескин кучайтириб юборгани, шундан кейин америкаликлар ва бошқа кўплаб халқлар исломни терроризм тушунчаси билан бир хил маънода қўллай бошлаганларини эслатиш лозим бўлади. Ўшанда ислом дини намояндаларининг террорчиликни қоралаши, ислом тинчликсевар, адолатпарвар ҳамда бағрикенг дин эканлиги, шу билан бирга мазкур террорчилик актларини содир этган шахслар бутун мусулмон оламининг жуда кам қисмини ташкил этиши тўғрисидаги фикрларига деярли эътибор қаратилмади.

Ўз навбатида, миграция жараёнларининг кучайиши натижасида кўплаб араб ва африка давлатларидан мусулмон аҳолининг Европага кўчиб кела бошлаши Европада ҳам исломофобияни кучайтириб юборди. Бунга асосан жамиятнинг баъзи қатламлари мусулмонларни ўз анъаналари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи куч сифатида қараши сабаб бўлди.

Ҳозирги вақтда исломофобия глобал муаммога айланиб улгурди. Бу нафақат айрим шахслар, балки бутун жамиятларга таъсир кўрсатувчи жиддий ижтимоий муаммодир. Охирги йилларда баъзи давлатларда мусулмонларга қарши нафрат қўзғатувчи чиқишлар ва зўравонликлар кўпайгани кузатилмоқда. Айрим сиёсий кучлар исломофобия воситасида мусулмонларга нисбатан салбий қарашларни шакллантиришга муттасил ҳаракат қилмоқда.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, исломофобия Қуръонни ёқиш, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақорат қилиш, “сўз эркинлиги” ниқоби остида қарийб икки миллиард инсоннинг муқаддас таълимоти, эътиқоди ва диний қадриятларини очиқдан очиқ ҳақорат қилиш каби ҳаракатлар шаклида ҳам кўпайиб бормоқда.

Ўзларини “инсон ҳуқуқларининг ҳимоячилари” дея бонг ураётган баъзи Ғарб давлатларида эса исломофобия билвосита қўллаб-қувватланиб, бундай ҳаракатларни амалга оширишга шароит ҳам яратиб берилмоқда. Айрим шахсларнинг сўз эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилиш баҳонасида мусулмон аҳлининг тенглик, камситмаслик ҳамда виждон эркинлиги каби ҳуқуқлари поймол этиши ҳолатларига қарши чоралар кўрилмаяпти.

Шу каби ҳолатлардан баъзиларини қисқача таҳлил қилиб кўрайлик.

Исломофобия жамият ва давлат ҳаётига қандай салбий таъсир кўрсатиши мумкин? Исломофобия нафақат шахсий ҳуқуқларни бузади, балки жамиятда иғволарни кучайтиради, ижтимоий тарқоқликни оширади, ҳатто глобал хавфсизликка салбий таъсир қилади. Бу муаммони тизимли равишда таҳлил қилиб, унинг оқибатларини тушуниш ва ечимларини излаш зарур. Хусусан, исломофобиянинг салбий оқибатлари бир қатор омилларда намоён бўлиши мумкин.

Биринчидан, исломофобия жамият бирдамлигига зарар етказиб, унда нафрат ва адоватнинг кучайишига сабаб бўлади. Чунки исломофобия одамлар орасида бўлиниш ва салбий муносабатни юзага келтиради. Мусулмонларнинг ҳуқуқлари бузилади, улар ўзларини камситилган, таҳқирланган ҳис қиладилар. Бу нафақат мусулмонларга, балки умумий ижтимоий муҳитга ҳам ёмон таъсир қилади. Турли маданият ва фикрларнинг ҳамжиҳатлигига эришилмайди, аксинча, уларнинг бир-бирига қарама-қарши қўйилиши оқибатида жамият тараққиёти секинлашади.

Иккинчидан, мамлакатда демократия ва инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилади. Исломофобия ўз табиатига кўра инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри зид бўлиб, инсоннинг бир қатор фундаментал ҳуқуқлари поймол этилишига сабаб бўлади. Бу ўринда, хусусан, эркинлик, шахсий дахлсизлик, тенглик, камситмаслик, фикр, сўз ва виждон эркинлиги, меҳнат қилиш каби ҳуқуқлар ҳақида сўз бормоқда. Баъзи давлатларда мусулмонларнинг ҳуқуқлари чекланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Хусусан, Европанинг айрим мамлакатларида аёлларнинг жамоат жойларида ҳижобда юриши, масжидлар қурилиши чекланиши, диний ташкилотларнинг давлат томонидан ёпилиши каби ҳолатлар демократик қадриятларга зиддир.

Учинчидан, исломофобия минтақавий ва глобал миқёсда экстремизм ва радикализмнинг кучайишига сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда исломофобия мусулмон аҳоли орасида экстремистик кайфият кучайишига, ўзларининг бузилган ҳуқуқларини турли радикал йўллар билан қайтаришга уриниш ҳолатларига олиб келиши мумкин. Бу эса терроризм хавфини кучайтириб, глобал хавфсизликка таҳдидлар янада кўпайишига туртки бўлади.

Тўртинчидан, исломофобия турли хил иқтисодий ва сиёсий муаммоларни келтириб чиқаради. Хусусан, исломофобия сабабли шахсларни ишга қабул қилмаслик, таълим муассасаларидаги баъзи нохолисликлар, мусулмон тадбиркорларнинг камситилиши ва ҳуқуқларининг чекланиши давлатнинг иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бунга жавоб сифатида эса, мусулмон давлатлар билан муносабатларнинг ёмонлашуви, мусулмонларнинг чет эл давлат маҳсулотларини сотишни ёки сотиб олишни бойкот қилиши каби ҳаракатлари иқтисодиётга катта зарар келтиради.

Мисол учун, 2020 йилда Франциянинг “Charlie Hebdo” журнали Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)ни карикатура қилгани ортидан юзага келган танглик ҳолатида бутун Яқин Шарқ ва араб давлатларида француз товарларини сотиш ва сотиб олишни бойкот қилиш кампанияси бошлаб юборилган эди. Оқибатда Франция иқтисодиётига миллиардлаб доллар зарар етган. Шунингдек, Франциянинг Туркия ва кўплаб араб давлатлари билан муносабатлари ёмонлашганди.

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда дунё миқёсида исломофобияга қарши курашиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Исломофобиянинг жамият ва давлат ривожланишига салбий таъсирини бартараф этиш ҳамда унга қарши курашиш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш лозим. Жумладан:

1. Таълим ва маърифат. Ислом дини ва мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурлардан халос бўлиш учун таълим тизимини ривожлантириш керак.  Мактаб ва университетларда ислом маданияти ва цивилизацияси, ислом динининг ҳақиқий моҳияти ҳақида холис маълумот беришни йўлга қўйиш зарур. Зеро, Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Мана шу олий ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим”.

2. Қонунчилик ва ҳуқуқий чоралар. Мусулмонларга қарши нафрат ва зўравонликни қонун даражасида тақиқлаш, шу билан бирга бундай ҳаракатларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш лозим.

3. ОАВ ва ижтимоий тармоқлар ролини ошириш. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ислом дини нотўғри талқин этилгани сабабли, кўпчиликда ислом дини ва мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурлар пайдо бўлади. Шу сабабли ОАВ ва ижтимоий тармоқларда мусулмонларга нисбатан холис ёндашувни таъминлаш ва ислом динини бузиб талқин этувчи материалларни чеклаш чоралари кўрилгани маъқул.

4. Диний бағрикенглик ва мулоқотни кучайтириш. Турли дин ва маданият вакиллари ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро мулоқотни ривожлантириш даркор. Бунда Ғарб давлатлари ва мусулмон мамлакатлари ўртасида маданий мулоқотни кучайтириш, жамиятда турли дин ва фикрларга ҳурмат билан ёндашиш руҳини сингдириш, диндор одамларни радикаллар билан адаштирмасликни тарғиб қилиш муҳим ўрин тутади. Шу маънода, 2024 йил 15 март куни БМТ Бош ассамблеясининг исломофобияга қарши курашиш чораларни ўз ичига олган резолюцияси қабул қилингани ушбу йўналишда катта қадам бўлди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда виждон эркинлигини ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган бир қатор ислоҳотлар ҳамда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур Қонун билан диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби соддалаштирилди, диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ва бошқалар белгиланди.

Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг давоми сифатида 2025 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини келтириш мумкин. Концепциянинг 8-бандида: Ўзбекистон Республикасида диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратишдан, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашишдан, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашдан, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат эканлиги белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, исломофобия жаҳондаги шусиз ҳам мураккаб вазиятнинг янада кескинлашувига, мусулмонларга нисбатан нафрат ва зўравонлик кучайишига олиб келади. У халқаро тинчлик, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига таҳдид солади, халқлар ўртасидаги тинч муносабатларга жиддий хавф туғдиради.

Шу сабабли ҳар бир жамият ва давлат ўз ҳудудида диний бағрикенгликни таъминлаш ва мусулмонларга нисбатан адолатли муносабатни шакллантириш йўлида ҳаракат қилиши лозим. Бинобарин, исломофобияга қарши самарали кураш орқали дунёда тинчлик, тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш мумкин.

 

 

Рустам Атовуллоев,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бош юрисконсульти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech