Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг конституциявий мезонлари

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг конституциявий мезонлари

Шу йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити арафасида "Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Конституциялари" номли китоб чоп этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инглиз ва рус тилларида нашрга тайёрланган ушбу китобнинг масъул муҳаррири академик Акмал Саидов билан янги нашр мавзуси, мазмун-мундарижаси ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

— Китоб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконидаги конс­титуциявий тараққиёт мавзусига бағишланган, — деди А.Саидов. — У сиёсатчилар, қонун ижодкорлари, тадқиқотчи ва олимлар, давлат органлари, ил­мий ва маърифий муассасалар мутахассислари, талабалар ҳамда жаҳон конституционализми масалаларига қизиқадиган барча китобхонлар учун фойдали манба бўлиши шубҳасиз.

 

— Мазкур китобнинг аҳамияти нимада?

— Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) маконидаги Конс­титуциялар тўпламининг нашр этилиши камида қуйидаги иккита сабабга кўра, катта аҳа­мият касб этади.

Биринчи сабаб. Китобда бугунги кунда улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қа­рийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот — ШҲТга аъзо мамлакатларнинг Конституциялари илк бор яхлит ҳолда жамланган. Ҳақиқатан ҳам, ШҲТнинг умумий майдони 34 миллион квадрат километрдан иборат бўлиб, бу Евроосиё материгининг 60 фоиздан зиёд ҳудуди, деганидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қа­рийб чорак қисмини ташкил қилмоқда". Ушбу рақам 2030 йилга бориб 35-40 фоизга ошиши кутилмоқда.

Иккинчи сабаб. Янги нашр­да Ўзбекистонда амалга оширилаётган бугунги конс­ти­туциявий ислоҳотлар жа­раё­нида халқаро ва хорижий конс­титуциявий амалиётни, жумладан, мамлакатимиз билан сиё­сий, иқтисодий, маданий ва коммуникациявий жиҳатдан узвий боғлиқ бўлган ШҲТ давлатларининг бу борадаги тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани ўз аксини топган.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, кейинги 30 йил давомида "ШҲТ оиласи"га мансуб мамлакатларда 10 дан ортиқ конс­титуциявий ислоҳотлар амалга оширилган. Бу ислоҳотлар жараёнида конституциявий тузумни тубдан янгилаш, суверенитетни мустаҳкамлаш, давлатларнинг конс­титуциявий ва миллий ўзига хослигини қайд этиш каби янгиланишлар йў­лидан борилган.

Бунда ҳар қайси давлатнинг конституциявий ўзига хослиги, бетакрорлигига алоҳида эътибор берилганки, айни омиллар ШҲТ маконидаги конституция­вий-ҳуқуқий хилма-хилликдан далолат беради. Айни чоғда ШҲТ мамлакатларида амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар фаласафаси ушбу янгиланишларнинг кўп жиҳатдан уйғунлиги ва ҳамоҳанглигини ҳам тасдиқлайди.

 

— ШҲТ маконидаги конституциявий ислоҳотларга хос уйғунлик нималарда кўринади?

— ШҲТга аъзо давлатлар Конститу­ция­ларининг асосий ўзига хос хусу­сият­ларидан бири — конституциявий ислоҳотларнинг инсон шаъни ва қадр-қим­ма­ти, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда таъминлашга йўналтирилганлигидир. Бу мезонлар қадимги Шарқ алломаларининг инсон — мукаррам зот ҳамда табиатни асраб-авайлайдиган ва ер юзидаги ҳаётни давом эттирадиган онгли жонзот эканига доир теран инсонийлик ғояларига таянади.

Бунинг тасдиғи сифатида айрим ми­соллар келтираман:

 Хитой Халқ Республикаси Конс­титуциясига мувофиқ, "Хитой Халқ Республикаси фуқароларининг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Фуқароларни ҳар қандай йўл билан ҳақоратлаш, туҳмат қилиш, асоссиз айблаш ва таҳқирлаш тақиқланади" (38-модда);

 Қозоғистон Республикаси Конс­титуциясига кўра, "инсон қадр-қиммати дахлсиздир" (38-модда), "ҳеч ким қийноққа, зўравонликка, бош­қа хил шафқатсиз ёки инсон қадр-қи­матини ерга урадиган муомала ёхуд жазога дучор этилмаслиги шарт" (17-модда), "ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шахсий ва оилавий ҳаёт, ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳи­мояланиш ҳуқуқига эга" (34-модда), "ҳар қайси шахс бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур" (18-модда);

Ҳиндистон Республикаси Конс­титуциясида ҳар бир шахснинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатланиши ҳам­да ҳимоя қи­линиши таъкидланган, хусусан, 39-модда­да давлат сиёсатининг тегишли принципларига кўра, болаларнинг "эркинлиги ва қадр-қимматини таъминлайдиган даражада улар соғлиги учун зарур ривожланиш шарт-шароитлари" яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 51А-моддада ҳар бир фуқаронинг "хотин-қизлар қадр-қимматини ерга уриш билан боғлиқ иллатлардан воз кечиш" мажбурияти қайд этилган;

 

— Кейинги даврда тобора урф­га айланаётган долзарб мавзу: экология муаммоларига ШҲТ маконидаги Конституцияларда қандай ҳуқу­қий ечимлар кўзда тутилган?

— Чиндан ҳам, инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро уйғун ҳамжиҳатликни таъминлаш ШҲТга аъзо давлатлар Конс­титуцияларининг яна бир асосий ўзига хос хусусиятидир, десак, янглишмаймиз. Чунки айни мавзу Шарқнинг қадимда яшаб ўтган улуғ алломаларини қанчалик ўзига жалб этган бўлса, замондошларимизнинг доимий диққат марказида ҳам шунчалик долзарблигини сақлаб турибди.

Айни соҳа бўйича ШҲТга аъзо давлатлар Конституцияларида қуйидаги нормалар белгиланган.

 Хитой Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, "давлат атроф-му­ҳит­ни муҳофаза қилиш ва соғломлаштириш бўйича чоралар кўради. Давлат дарахт кўчатлари экиш ва кў­ка­ламзорлаштириш билан боғлиқ иш­ларни рағбатлантиради, ўрмонзорларни муҳофаза қилади";

 Қозоғистон Конституцияси 31-моддасида қайд этилишича, "давлат атроф-муҳитни, ҳаётни ва инсон са­ломатлиги­ни яхшилаш бўйича муҳим мақсадларни ўз олдига қўяди", 61-моддага биноан "парламент ...атроф-муҳитни муҳофаза этишга тааллуқли қонунлар чиқариш ҳуқуқига эга".

 Ҳиндистон Конституциясининг 48А-моддасида қайд этилишича, "давлат атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва яхшилаш, шунингдек, мамлакат ўрмонзорлари ҳамда жонли табиати муҳофаза этилишини таъминлашга интилади".

 

— Давлат ва иқтисодиёт масаласи ШҲТ маконидаги Конс­титуцияларда қандай акс эттирилган?

— ШҲТ маконидаги давлатлар рақобатбардошлигини оширишнинг энг муҳим шарти фуқароларнинг хусусий мулкини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳи­собланади. Шунинг учун айни соҳада ҳам ШҲТга аъзо давлатлар Конституциялари ўза­ро ҳамоҳанг ва фарқли нормалари билан ажралиб туради. Хусусан:

 Хитой Конституциясининг 11-моддасига кўра, "иқтисодиётнинг ножамоат сектори, шу жумладан, қонун доирасида фаолият олиб борадиган якка тартибдаги ва хусусий хўжаликлар социалистик бозор иқтисодиётининг муҳим қисмидир. Давлат якка тартибдаги ва хусусий хўжаликлар қонуний ҳу­қуқ­­ларини ҳимоя қилади ҳамда уларнинг фаолиятини йўналтиради, якка тартибдаги ва хусусий хў­жаликлар ишини кузатиб боради ва назоратга олади", 13-моддага биноан­ давлат "фуқароларнинг қонуний даромадлар, жам­ғармалар, турар жой ва қонунда кўзда тутилган бошқа мулк­лари"ни ҳамда "фуқароларнинг хусусий мулкка мерослик ҳуқуқи"ни ҳимоя қилади;

  Қозоғистон Конституциясининг 6-моддасига асосан, "давлатга қарашли ва хусусий мулк тан олинади ва тенг равишда ҳимоя қилинади. Мулкдан фойдланиш бир вақтнинг ўзида жамият­ фаровонлигига ҳам хизмат қилиши талаб этилади. Мулк субъект­лари ва объектлари, мулкдорларнинг ўз ҳуқуқ­ларини амалга ошириш кўлами ва чегаралари, уларни ҳимоя қи­лиш кафолатлари қонун билан белгиланади... Ер қонунда ўрнатилган асослар, шароитлар ва тартиб-таомилларга кўра хусусий мулк тасарруфида ҳам бўлиши мумкин".

Ушбу мамлакат Асосий қонунининг 26-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг "қонуний йўл билан эгалик қи­линган ҳар қандай мулкнинг хусусий мулкдори бў­лиш" ҳуқуқи, мол-мулк, шу жумладан, мерос ҳуқуқи кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилган. Бундан ташқари "ҳеч қай­си шахс суднинг қарорисиз ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулк­нинг давлат эҳтиёжлари учун мажбуран олинишига фақат қонунда кўзда тутилган истисноли ҳолатларда, тенг қийматга эга тўлов амалга оширилганидан ке­йингина йўл қўйилиши мумкин".

Шунингдек, мазкур моддага биноан: "ҳар қайси шахс эркин тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, ўз мол-мулкидан ҳар қандай тадбиркорлик фао­лиятида эркин фойдаланиш ҳуқуқ­ларига эга. Монополия фаолияти қонун билан тартибга солинади ва чекланади. Ғирром рақобат тақиқланади".

 Ҳиндистон Конс­титуциясининг 300А ва 301-моддаларида белгиланишича, "ҳеч қайси шахс қонундан ташқари ҳолатда ўз мулкидан маҳрум этилмайди". Бутун Ҳиндистон ҳудудида савдо-сотиқ, тижорат ва тадбиркорлик фао­лиятини амалга ошириш эркинлиги таъминланади.

ШҲТ маконидаги Конституцияларнинг ҳамоҳанглигига бу каби яна кўп­лаб мисолларни келтириш мумкин. Энг муҳими, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жа­раёнида ушбу омилларнинг барчаси ат­рофлича ўрганилмоқда ва ибратли тажрибаларни изчил ўз­лаш­тириш чоралари кўрилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисида сўзлаган нутқида умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самар­қанд бирдамлиги ташаббусини илгари сур­­­гани бежиз эмас. Бу ташаббуснинг мақсади, Президентимиз таъ­бири билан айтганда, "бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўл­­­маган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ён­дашув ва қа­рорларни излашга тайёр, "Самар­қанд руҳи" тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал мулоқотга жалб қилишдир".

Қолаверса, "Шанхай руҳи" тамо­йил­лари асосида бирдамлик, ўзаро қўл­­лаб-қувватлаш ва шерикликни мус­таҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган асосий шиор — "Ҳар биримиз кучли бўл­саккина ШҲТ кучли бўлади" ғоясини амалда рўёбга чиқариш муҳим аҳамият­га эгадир.

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech