Инсон ҳуқуқлари ҳар нарсадан устун. Дунё тажрибасида ислоҳотлар, режалар, ривожланиш тенденциялари марказида инсон ва унинг ҳуқуқларини таъминлаш масаласи турса, албатта ижобий ютуқлар бардавом бўлади.
2023 йил 25 январь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да Парламент комиссиясининг олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов “Аввал инсон, кейин жамият ва давлат”деган ғояни Конститутциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдириш, бу борада қилинаётган ишлар кўламини кенгайтириш ва натижадорлигини ошириш борасида комиссия бир неча мақсадларни ўз олдига вазифа қилиб белгилаб олиши лозимлигини қайд этди. Шунингдек, барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришишни жадаллаштиришда парламентнинг ролини оширишга алоҳида урғу берди.
Жумладан, парламент фаолиятида, раҳбарлик лавозимларига тайинлашда, барча даражадаги муҳим қарорларни қабул қилишда аёлларнинг тенг ҳуқуқлилик асосида иштирокини таъминлаш, COVID-19 пандемияси одамлар саломатлиги, хавфсизлигига ва фаровонлиги даражасига ҳамда инсонларнинг ҳаёти, тирикчилик қилиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатаётганини инобатга олиб 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини тўлиқ амалга оширишни тезлаштириш учун барқарор ва кенг қамровли тикланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришиш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш каби йўналишлар комиссия фаолиятида муҳим деб топилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган ғояларини ижро этиш мақсадида 2022 йил 5-6 декабрда Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ўтказилди. Унда инсон ҳуқуқлари соҳасида Янги Ўзбекистон сиёсатини кенг ёритиш масалаларига алоҳида эътибор берилди. Глобал форум сўнгида якуний ҳужжат — Инсон ҳуқуқлари соҳасида марказий Осиёда таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд харакатлар режаси қабул қилинди.
Глобал форумда 120 дан ортиқ халқаро экспертлар, 2000 дан ортиқ миллий ташкилотлар вакиллари қатнашди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари йўналишида таълим бўйича адабиётлар кўргазмасида инсон ҳуқуқлари таълимига бағишланган 250 га яқин номдаги мингдан ортиқ китоб ва илмий журналлар намойиш этилди.
Мазкур форум ва унинг якуни бўйича қабул қилинган ҳаракатлар режасининг аҳамияти шундаки, сифатли ва ривожланган таълим орқали ҳаётни, керак бўлса дунёни ўзгартириш мумкин. Бу мақсад атрофида бирлашиш ва ўзаро тажриба алмашиш эса, кўзланган маррага эришишни тезлаштиради. Комиссия аъзолари Самарқанд глобал форумини ижобий баҳолашди.
Шу билан бирга, комиссия аъзолари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “2022 йилда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисида”ги ахборотини ҳам эшитишди.
Қайд этилганидек, 2022 йилда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 3 та миллий маърузаси БМТ шартномавий қўмиталарида эшитилди:
БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Олтинчи миллий маърузаси;
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни бажариш бўйича Учинчи миллий маърузаси;
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши бўйича Бешинчи миллий маърузаларида илгари сурилган таклифлар кўпчилик овоз билан мақулланди.
Бундан ташқари, 2022 йилда 95 та норматив ҳуқуқий-ҳужжат лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказилди. Миллий марказ томонидан халқаро мажбуриятларни бажаришда тўсқинлик қилаётган масалалар ва уларни бартараф этиш бўйича берилган таклифлар комиссия аъзолари ўтасида атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда шунингдек, Парламент комиссиясининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборот ҳам кўриб чиқилди.
Ахборотда келтирилганидек, Парламент комиссияси томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”) ўз вақтида ва сифатли бажариш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар қилинди.
Ўтган даврда комиссиянинг 7 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 34 та масала кўриб чиқилди. Шунингдек, Парламент комиссияси томонидан 13 марта давлат ва нодавлат ташкилотларининг ахбороти эшитилди, 1 та халқаро форум, 2 та учрашув, 14 та давра суҳбати, 22 та семинар, 10 та конференция ўтказилди.
Тадбирда 2023 йилда Парламент комиссияси томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
- Қўшилди: 26.01.2023
- Кўришлар: 1893
- Чоп этиш