Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил февраль ойида ўтказган йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратди.
Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани тарихий воқеа бўлгани ва ундаги мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари вилоят ва туман ҳокимлари ушбу шахсларга ёрдам бериш, уларнинг уюшмалари ва ташкилотлари билан мулоқот қилиш, шароит яратиш билан етарлича шуғулланамаётгани, айрим вазирлик, идоралар ва вилоят ҳокимликларда ногиронлиги бўлган бирорта одам ишга олинмагани танқид қилди.
Йиғилишда қўйилган масалалар ижроси бўйича айни пайтда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш мақсадида уларга мос иш ўринлари ўрганиб чиқилган.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган вакант лавозимлар учун очиқ танлов эълон қилинди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, вазирлик ва идоралар ҳамда корхона, ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган танловга оид маълумот агентликнинг вакант лавозимларга оид очиқ порталига жойлаштирилди.
Вакант лавозимга ариза юбориш учун vacancy.argos.uz порталига кириш, кейин "Кабинетга кириш" тугмасини босиш талаб этилади.
Кейинги қадамда OneID тизимидан рўйхатдан ўтиш керак. Бу тизимдан рўйхатдан ўтганлар эса логин ва пароли орқали шахсий кабинетига киради.
Шундан сўнг асосий саҳифага ўтиб, "Вакансия излаш" тугмасини босиш ва "Ногиронлиги бўлган шахслар учун" бўлимига ўтиш зарур. Кейин вакант иш ўрнини танлаш ҳамда малака талаблари билан танишгандан сўнг "Ариза юбориш" тугмасини босиш лозим.
Ариза ҳолатини "Менинг аризаларим" бўлимида кузатиб бориш мумкин.
Ногиронлиги бўлган шахсларга мўлжалланган вакант лавозимлар учун очиқ танловлар соддалаштирилган тартибда ташкил этилади.
Бунда, танловнинг барча босқичлари иш берувчи ташкилот томонидан ташкил этилади. Ушбу вакант лавозимлар учун танловларда тест синови ўтказилмайди.
Н. Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 04.04.2024
- Кўришлар: 1709
- Чоп этиш