Ногиронлиги бўлган ёшлар учун 15 миллионгача субсидия ажратилади

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидия ажратиб бориш тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган.

Ушбу тизимни жорий этиш мақсадида 21 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида» қарори тасдиқланди.

Мазкур қарорда Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача 14-30 ёшдаги ногиронлиги бўлган ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача, жумладан, 15 миллионгача бўлган миқдорда субсидия ажратиш тизими йўлга қўйилади.

Субсидия 2 та йўналишда ажратилади, хусусан, ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун, асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун берилади.

Ҳужжатлар қандай қабул қилинади.

Субсидия олишни хоҳловчи қарорга мувофиқ субсидия ажратишни сўраб мурожаат қилган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ногиронлиги бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс (ўн олти ёшга тўлмаган шахс номидан мурожаат қилган унинг қонуний вакили) томонидан нодавлат таълим ташкилотида ўқиш ёки асбоб-ускуна харид қилиш учун субсидия ажратишни сўраб давлат хизматлари марказига мурожаат қилади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ёшлар ишлари агентлигига бевосита ариза юборади.

Аризаларни қабул қилиш хизмати давлат хизматлари маркази томонидан бепул амалга оширилади.

Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидия ажратиб бориш тартибига бағишланган брифингда агентлик ахборот хизмати раҳбари Нодиржон Абдуқодиров маълумот берди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда 500 нафар талабгорга субсидия ажратилгандан сўнг субсидия бериш учун ариза қабул қилиш тўхтатилади. Кейинги йиллар субсидия ажратиш учун аризалар 2023 йилдан бошлаб ҳар йили — 10 январдан қабул қилинади.

Гулноза Бобоева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech