Норов АҚШда Нуланд билан учрашди

Норов АҚШда Нуланд билан учрашди

БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида қайд этилганидек, сўнгги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракат самараси ўлароқ, Ўзбекистон - Америка стратегик шериклиги икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг барча жабҳаларида сезиларли даражада жадаллашди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилига асосланган фаол сиёсий мулоқот изчиллик касб этган.

В.Нулaнд Америка томони мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Расмий Вашингтон мавжуд ўзаро алоқани икки томонлама даражада ва «С5+1»форматида мустаҳкамлашга тайёрлиги маълум қилинди.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничиликни ривожлантириш, минтақалараро муносабатни мустаҳкамлашга йўналтирилган ташаббускорлигини, дадил амалий қадамларини олқишлади. Мамлакатимизнинг Афғонистонда барқарор тинчлик ва барқарорликка эришиш, инфратузилма ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, қўшни давлатга кенг кўламли гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатига юксак баҳо берилди.

Учрашув давомида турли даражадаги бўлажак тадбирлар жадвали, шунингдек, савдо-инвестиция ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech