Сўнгги йилларда барча соҳада бўлгани каби ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоясида ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши асосида тузилган комиссия юртимиздаги ногиронлиги бўлган шахслар турмушидаги муаммоларни ўрганмоқда.
Бугунги кунда кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун тизимда 198 та маҳаллий бўлинма, 14 та худудий бўлим, 1 та Марказий бошқарув, 63 та ўқув ишлаб чиқариш корхоналари масъулияти чекланган жамиятлар, 1 та сиҳатгоҳ, 2 та дам олиш маскани ҳамда “Бир сафда” журнали таҳририяти фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ушбу тизимлар фаолиятини ўрганиш, таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш мақсадида ҳар беш йилда Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятининг қурултойи бўлиб ўтади. Бу йилги қурултойга ҳам қўшни давлатлар, шунингдек, Россиядан кўзи ожизлар жамияти раҳбарлари таклиф этилди.
Қурултой бош маърузаси “Таҳлил ва танқид тараққиёт омили” деб номланди. Маърузалар давомида фаолиятнинг барча жиҳатларига тўхталиб ўтилиб, ютуқ ва камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тизимда кўзи ожиз инсонларнинг меҳнат фаолиятини юзага чиқаришга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар, оммавий-ташкилий, маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш ҳамда реабилитация ишлари ҳам чуқур таҳлил қилинди.
Қурултой сўнгида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раислигига Эргаш Норпўлатов бир овоздан қайта сайлангани маълум қилинди.
Н.Раҳмонова, ЎзА
- Қўшилди: 27.09.2024
- Кўришлар: 349
- Чоп этиш