Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита
Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита 18 мустақил экспертдан иборат орган бўлиб, иштирокчи–давлатлар томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилишини назорат қилади. Қўмита, шунингдек, Болаларни қуролли можароларга жалб қилиш ва Болаларни сотиш, болалар фоҳишалиги ва болалар порнографияси тўғрисидаги Конвенциянинг учта Факультатив Протоколларининг бажарилишини назорат қилади. Барча иштирокчи-давлатлар конвенция қоидаларини амалга оширилиши бўйича Қўмитага мунтазам равишда ҳисобот бериб борадилар. Иштирокчи-давлатлар Конвенцияга қўшилганидан кейин икки йил ўтгач, дастлабки ҳисоботларни, сўнгра ҳар беш йилда бир марта даврий ҳисоботларни тақдим этишлари шарт. Қўмита тақдим этилган ҳар бир ҳисоботни ўрганиб чиқиб, иштирокчи-давлатга “якуний мулоҳазалар” шаклида ўз фикр ва тавсияларини беради.
Қўмита, шунингдек, Конвенциянинг биринчи иккита Факултатив Протоколига қўшилган давлатлар томонидан тақдим этиладиган, болаларни қуролли можароларга жалб қилиш ва болаларни сотиш, болалар фоҳишалиги ва болалар порнографиясига оид дастлабки ҳисоботларни кўриб чиқади. Бундан ташқари, Қўмита иштирокчи-давлатлар томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг иккита Факультатив Протоколлари бузилганлиги ҳақидаги шахсий шикоятларни ҳамда Конвенция ва унинг учта Факултатив Протоколларида мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг жиддий ва мунтазам равишда бузилиши ҳолатлари бўйича текширувлар ўтказиши мумкин. Қўмита Женевада йилига уч марта мажлис ўтказади, бу уч ҳафталик ялпи мажлис ва бир ҳафталик ишчи гуруҳнинг дастлабки сессиясини ўз ичига олади.
2021 йил декабр ҳолатига кўра Конвенцияда 196 та давлат иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992-йил 9-декабрдаги 757-757-XII-сонли “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш ҳақида”ги қарорига мувофиқ қўшилган. Конвенция Ўзбекистон Республикаси учун 1994 йил 29 июлдан кучга кирган.
Ўзбекистон Республикаси 2008 йил 11 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факултатив протоколни, 2008 йил 12-декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли Факултатив протоколни ратификatsiя қилган.
“Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” қоидаларининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 1999 йилда дастлабки, 2005 йилда иккинчи даврий, 2010 йилда учинчи ва тўртинчи даврий, 2019 йилда бешинчи даврий ҳисоботлари БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига топширилган.
2022 йил сентябр ойида “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” қоидаларининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг бешинчи даврий ҳисоботи Қўмитанинг 91-сессиясида кўриб чиқилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг 91 сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажарилиши юзасидан Бешинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари юзасидан таклиф ва тавсияларини тақдим этди.
2024 йил 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.