Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва касбий тайёргарлик бўйича материал ва ресурслари
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда катта аҳамиятга эга.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланишига, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларининг ошишига хизмат қилади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 7-февралда “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ПҚ-46-сон Қарори қабул қилинди.
Ушбу Қарор билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Шунингдек, ушбу Қарорда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этиш;
ҳар йили «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар» миллий танлови ўтказиб бориш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформани яратиш;
терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналишини ташкил этиш ва бошқа кўплаб чора-тадбирлар назарда тутилди.
Таъкидлаш жоизки бунга қадар ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, 2019-йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ҳузурида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ходимлари учун Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилинди.
Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини ошириш бўйича “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули ишлаб чиқилди. Мазкур модул асосида жами 400 нафардан ортиқ раҳбар ходимлар ўқитилди.
Бош прокуратура Академиясида “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ” магистратура йўналиши очилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқитиш ва тайёрлашни такомиллаштириш мақсадида раҳбар кадрлар факултети тингловчилари учун «Ички ишлар органларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш фаолияти» фани, сиртқи ўқитиш факултетларида «Инсон ҳуқуқлари умумий назарияси» фани бўйича дарслар жорий қилинди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Академиясида «Инсон ҳуқуқлари» кафедраси қайта ташкил этилди.
Миллий стратегия доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси қарори билан “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар рўйхати”га 12.00.13 – “Инсон ҳуқуқлари (юридик фанлар, сотсиология фанлари)” ихтисослиги киритилди, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳузурида юридик фанлар ва сотсиология фанлари бўйича фан доктори (ДСc) ва фалсафа доктори (ПҳД) илмий даражаларини берувчи Илмий кенгаш тузилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, шунингдек, ушбу йўналишда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида 12.00.13 – “Инсон ҳуқуқлари” (юридик фанлар, сотсиология фанлари) ихтисосликлари бўйича олий таълимдан кейинги таълим институти очилди, докторантлар ва мустақил тадқиқотчиларнинг қабули ташкил қилинди.
Бугунги кунда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси йиғилишларида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ва унинг “Йўл харитаси” ижроси бўйича ахборот мунтазам эшитиб борилмоқда.
“Йўл харитаси” 6 йўналишдан иборат бўлиб, 24 та бандда белгилаб берилган вазифаларни ўзида қамраган. Ўтган даврда ушбу ҳужжат ижроси доирасида, жумладан, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли орасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва унга риоя қилиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этилди.