Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмита (ИИМҲҚ) иштирокчи-давлатлар томонидан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни бажарилишини назорат қилувчи мустақил экспертлар органи ҳисобланади. Қўмита Пактнинг IV қисмида белгиланган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашига (ЭКОСОС) юкланган мониторинг вазифаларини амалга ошириш учун ЭКОСОСнинг 1985 йил 28 майдаги 1985/17-сонли резолюциясига мувофиқ ташкил этилган.
Барча иштирокчи давлатлар қўмитага тегишли ҳуқуқларнинг амалга оширилиши тўғрисида мунтазам равишда ҳисобот бериб туришлари шарт. Давлатлар Пактга қўшилганидан кейин икки йил ичида дастлабки ҳисоботни ва ундан кейин ҳар беш йилда бир марта даврий ҳисоботни тақдим этишлари керак. Қўмита ҳар бир ҳисоботни ўрганиб чиқади ҳамда ўз фикр ва тавсияларини иштирокчи-давлатга “якуний тавсиялар” шаклида тақдим этади.
Ҳисобот тақдим қилиш ва кўриб чиқиш тартибидан ташқари, 2013 йил 5 мартда кучга кирган Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг Факультатив протоколига асосан Қўмита Пактда белгиланган ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган шахсларнинг хабарларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш ваколатига эга. Муайян шароитларда Қўмита, шунингдек, Пактда мустаҳкамланган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларнинг қўпол ёки мунтазам равишда бузилишини текшириши ва давлатлараро шикоятларни кўриб чиқиши мумкин.
Қўмита Женевада йиғилади ва одатда йилига иккита сессия ўтказади, ушбу сессиялар уч ҳафталик ялпи мажлислар ва бир ҳафталик ишчи гуруҳнинг дастлабки сессиясидан иборат бўлади. Қўмита, шунингдек, Пакт қоидалари шарҳини умумий тавсиялар кўринишида нашр қилади.
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича Халқаро пакт (Нью-Йорк, 1966 йил 16 декабр) - Ўзбекистон Республикаси мазкур Халқаро пактга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг «1966 йил 16 декабрдаги Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга қўшилиш ҳақида»ги 1995 йил 31 августдаги 126-I-сонли қарорига асосан қўшилган. Ўзбекистон учун 1995 йил 28 декабрдан кучга кирган.
2019-йилда Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитасига Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларига риоя этилиши тўғрисидаги Учинчи даврий маърузасини тақдим этди ва ушбу маъруза 2021-йилда кўриб чиқилди.
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмита
https://www.ohchr.org/ru/treaty-bodies/cescr
БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 — 2026-йилларга мўлжаллаган Миллий ҳаракатлар режаси
https://lex.uz/ru/docs/-6354839
Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт
Ўзбекистоннинг Учинчи даврий маърузаси бўйича якуний мулоҳазалар