Ирқий камситишни тугатиш қўмитаси иштирокчи давлатлар томонидан “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги Конвенциянинг бажарилишини назорат қилувчи 18 та мустақил экспертлардан тузилган БМТнинг шартномавий органи ҳисобланади.
Барча иштирокчи давлатлар қўмитага тегишли ҳуқуқларни амалга ошириш юзасидан мунтазам равишда ҳисоботлар тақдим этиб боради. Иштирокчи-давлатлар Конвенцияга қўшилганидан кейин бир йил ўтгач, дастлабки ҳисоботларни, сўнгра ҳар икки йилда бир марта даврий ҳисоботларни тақдим этишлари шарт. Қўмита тақдим этилган ҳар бир ҳисоботни ўрганиб чиқиб, иштирокчи-давлатга “якуний мулоҳазалар” шаклида ўз фикр ва тавсияларини беради. Ҳисоботларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш процедурасидан ташқари, Конвенция учта қўшимча механизмни жорий этди: эрта жавоб бериш тартиби, давлатлараро шикоятларни кўриб чиқиш ва якка тартибдаги шикоятларни кўриб чиқиш, бу тартиблар орқали қўмита мониторинг вазифаларини амалга оширади.
Қўмита ҳар йили Женевада учта сессиядан иборат мажлис ўтказади, сессия одатда уч-тўрт ҳафта давом этади. Қўмита шунингдек, инсон ҳуқуқлари қоидаларининг мазмуни шарҳларини, тематик масалалар бўйича умумий тавсиялар (ёки умумий шарҳлар)ни нашр қилади ҳамда маълум мавзу доирасида муҳокамаларни ташкиллаштиради.
2021 йил декабр ҳолатига кўра Конвенцияда 182 та давлат иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг 1995 йил 31 августдаги “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро Конвенцияга қўшилиш тўғрисида”ги 129-I-сонли қарорига мувофиқ ушбу Конвенцияга қўшилди. Ўзбекистон Республикаси учун 1995 йил 28 сентябрдан кучга кирди.
“Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенция” қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 1999 йилда дастлабки ва иккинчи даврий ҳисоботи, 2005 йилда учинчи ва бешинчи даврий, 2008 йилда олтинчи ва еттинчи даврий, 2012 йилда саккизинчи ва тўққизинчи даврий, 2018 йилда ўнинчи-ўн иккинчи даврий ҳисоботлари БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасига топширилган, 2022 йил октябрда ўн учинчи-ўн тўртинчи даврий ҳисоботлари БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасига топширилган.
Марказ томонидан БМТнинг Ирқий камситишни тугатиш қўмитасига тақдим этилган даврий ҳисоботлар билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:
https://tbinternet.ohchr.org/_layouts/15/TreatyBodyExternal/Countries.aspx?lang=ru