Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” ғоясини амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2020-йил 22-июнда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилиниб, натижада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик янада фаоллашди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартлар миллий қонунчиликка имплементатсия қилинди ҳамда давлат органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига татбиқ этилди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш соҳасида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган 2022 – 2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда Ўзбекистоннинг тараққиёт тенденсиялари, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини комплекс ривожлантириш йўналишлари аниқ белгилаб берилган.
Тараққиёт стратегиясининг аҳамияти шундаки, унинг ишлаб чиқилишида мавжуд муаммолар эътиборга олинган ва ечимини кутаётган долзарб вазифалар акс эттирилган. Энг муҳими, ушбу дастурий ҳужжатнинг ишлаб чиқилишида халқимиз фаол иштирок этди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» тамойилини барча ислоҳотларимизнинг бош мезони сифатида белгиладик. «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқдик».
Ўзбекистон тарихида 2023-йил апрел ойида илк бор конституциявий референдум ўтказилди, унинг тамал тоши инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишдан иборат бўлди. Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатидаги устувор йўналишларини белгилаб берди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларига тааллуқли конституциявий нормалар 3 баравардан ортиқ кўпайди ва 50 дан ортиқ моддани ташкил этди. Конституцияда инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилларига содиқлик мустаҳкамланган. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқшунослик институтлари – Миранда қоидалари, Хабеас корпус, Про боне.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементатсия қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификатсия қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда «Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз» деган улуғвор мақсад шаклланди ва «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга фаол кириб бормоқда.
Ўзбекистон халқаро майдонда амалга ошираётган барча чора-тадбирлар доирасида инсон ҳуқуқларини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг субъекти сифатида ўз ривожланишининг янги босқичига кўтарилди ва халқаро шартномалар тузиш ташаббускори сифатида халқаро нормаларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумотларни сарҳисоб қилиб, қуйидагича хулоса қилишимиз мумкин:
Инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчилик шакллантирилди;
Мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг институтсионал механизмлари яратилди;
Давлат инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширмоқда;
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва маърифат амалга оширилмоқда.