Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг 2020–2024 йилларда амалга оширилиши тўғрисида МАЪЛУМОТ

 

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезони ҳисобланади.

Дунё тажрибасини ўрганган ҳолда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш мақсадида 2020 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш мақсадида дунё мамлакатлари ўзларининг миллий стратегия ва ҳаракат режаларини қабул қилмоқда. Ҳар бир давлатнинг ушбу йўналишдаги стратегияси ўз миллий хусусиятлари ва халқаро мажбуриятларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Бугунги кунга келиб, жаҳоннинг 40 дан ортиқ давлати инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси (режаси)ни қабул қилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим ва зарурий шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб беради.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 22 февралдаги БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширишда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги 90 дан ортиқ халқаро ҳужжат нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қуйидаги 5 та устувор йўналишлардан иборат:

  • Шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
  • Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда барқарор ривожланиш;
  • Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш ҳамда мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш;
  • Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолиятини самарали ташкил этиш;
  • Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Миллий стратегиянинг бажарилишини мунтазам мониторинг қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Президент Администрaцияси ва Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган маълумотни киритиб бормоқда.

Бугунги кунга қадар Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг 78 та бандидан 69 та банди (88%) тўлиқ бажарилди, 2 та банди (3%) назоратдан ечилди, 7 та бандни (9%) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

2020–2024 йилларда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга бевосита қаратилган 58 та  қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 57 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг
29 та қарорлари қабул қилинди.

  • Шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш йўналишда 2020–2024 йилларда Миллий стратегия доирасида 25 та тадбир ташкил этилди, 2 та видеоролик тайёрланди, 200 дан ортиқ жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилиниши белгиланган 13 та қонундан 9 таси қабул қилинди:
  1. “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун (янги таҳрирдаги) (2020 йил 17 август);
  2. “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун (2021 йил 8 февраль);
  3. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун (2021 йил 27 апрель);
  4. “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун (2021 йил 31 май);
  5. “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонун (2021 йил 4 июнь);
  6. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун (янги таҳрирдаги) (2021 йил 5 июль);
  7. “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун (2021 йил 7 декабрь);
  8. “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонун (2021 йил 15 декабрь);
  9. “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун (2023 йил 16 июнь).

Қабул қилинган ушбу Қонунлар жамиятдаги инсон ҳуқуқлари йўналишида мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.

Хусусан, мамлакатимизда болалар меҳнатига батамом барҳам берилди, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кескин қисқарди. 2022 йил 10 март куни пахтадан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва улар билан савдо қилувчи жаҳондаги етакчи компанияларни бирлаштирувчи Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнати батамом бартараф этилганлигини тан олиб, Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкотни бекор қилди. Одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик такомиллаштирилди, охирги 5 йилда ушбу йўналишда 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормага сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. 2021 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун бу соҳадаги муҳим қадамлардан биридир.

Юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш ҳар доим устувор вазифалардан бири бўлиб келган. Шу боис, 2021 йилда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонундаги принципиал янгиликлар диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида, аввало, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритилди.

Қонун билан белгилаб қўйилган виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги асосий устуворликлар конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, дунёвий давлатчилик тамойилини кафолатлаш, шунингдек, аҳоли онги ва қалбига ёт ғояларнинг сингдирилишига қарши маърифат йўли билан курашишни назарда тутади.

Миллий стратегия доирасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, республикадаги меҳнат фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, мамлакатдан чиқиш ва унга киришни ташкил этиш тизими ва механизмларини тартибга солиш мақсадида 2021 йилда “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Айтиш керакки, бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистонда 2024 йилгача бўлган муддатда фуқаросизликка барҳам бериш борасида “Мен мансубман” (“#Ibelong”) глобал кампаниясини амалга ошириш бўйича қатор ижобий ишлар қилинди. Хусусан, 2017–2024 йиллар давомида 80 554 нафар шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий адолатни таъминлаш воситаси сифатида катта аҳамиятга эга. Бу тизим ҳар бир шахсга ижтимоий ёки иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини беради. Шунингдек, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда қонуний маданиятни шакллантиришга қаратилган муҳим қадамдир. 2023 йилда қабул қилинган “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди.

Мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида Ўзбекистон томонидан ратификaция қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг шартномавий органларига ўз вақтида Даврий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

2020–2024 йиллар давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистон Республикасининг 7 та Даврий маърузалари тақдим этилди, шундан 5 таси кўриб чиқилди ва тегишли тавсиялар берилди.

Миллий стратегия доирасида 2021–2024 йилларда БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари ҳамда бошқа механизмларининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида 7 та янги миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати, шу жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар бажарилишини мониторинг қилишда жамоатчилик назорати ролини ошириш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, 2022–2024 йилларда Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат ташкилотлари ўзаро ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органларининг ҳамкорлиги” мавзусида 3 та Миллий форум ташкил этилди.

Шу билан бирга, ушбу йўналишда “Ўзбекистон Республикасида оммавий тадбирлар тўғрисида”, “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш тўғрисида”, “Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг янги таҳрири, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрири лойиҳалари ишлаб чиқилди. Аммо ушбу Кодекс ва Қонун лойиҳаларини қабул қилиш бўйича ишлар якунига етказилмаган.

  • Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда барқарор ривожланиш йўналишида 10 та қонун, 2 та Президент қарори, 3 та Ҳукумат қарори ҳамда 1 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, 2 та Миллий ҳаракатлар режаси, 2 та концепция, 2 та дастур ишлаб чиқилди, 6 та мониторинг ҳамда 2 мингдан ортиқ тарғибот тушунтириш тадбирлари, 4 та давра суҳбатлари ўтказилди, 10 га яқин видеороликлар тайёрланди.

Шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилиниши белгиланган 10 та қонундан 7 таси қабул қилинди:

  1. “Аҳоли бандлиги тўғрисида” (2020 йил 20 октябрь);
  2. “Таълим тўғрисида” (янги таҳрирда 2020 йил 23 сентябрь);
  3. ““Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” (2022 йил 18 январь);
  4. “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида” (2022 йил 28 октябрь);
  5. “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида” (2024 йил 14 февраль);
  6. “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” (2023 йил 17 январь);
  7. “Педагогнинг мақоми тўғрисида” (2024 йил 1 февраль) қонун.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг йўналишлари белгиланди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда доимий ижтимоий нафақа олувчилар сони 2016 йилда 466 минг нафарни ташкил этган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ошди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Концепция БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясида белгиланган “Ёшлар манфаатларини кўзлаб, улар билан ишлаш” бош тамойилига асосланди.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш йўналишида белгиланган давлат органларида, нодавлат ва хусусий ташкилотларда, айниқса, қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ юқори лавозимларда аёлларнинг тенг вакиллигини таъминлаш сиёсатини такомиллаштириш вазифасини амалга ошириш мақсадида 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётда хотин-қизларнинг иштироки тобора кенгайиб, уларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35% га, тадбиркорлик соҳасида 37% га, сиёсий партиялар таркибида эса 49% га етди.

2024 йилга келиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38%, Сенат аъзоларининг 27%, маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25% аёллардан иборат. Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда қарийб 3 % ни ташкил этган бўлса, ўтган даврда бу кўрсатгич икки баробар ошиб, 5,7 %га етказилган.

Ишчи-ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш мақсадида 2022 йил 28 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Янги Меҳнат кодексида меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш асослари инсоннинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилди. Хусусан, инсоннинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касбни ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқи мустаҳкамланди.

  • Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш ҳамда мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш йўналишида2 та кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилди, 30 та ўқув курси, 2 та давра суҳбати, 14 та тренинг ўтказилди, 6 та ўқув қўлланма ва 17 та мақола чоп этилди.

Шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилиниши белгиланган 5 та қонундан 4 таси қабул қилинди:

  1. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун (2020 йил 15 октябрь);
  2. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун (2024 йил 15 ноябрь);
  3. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун (2024 йил 29 февраль);
  4. “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун (2024 йил 28 август).

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаолиятини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 25 мартда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди.

2024 йил 3 декабрь куни Марказнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-ресурс маркази негизида янги маърифат маскани – “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

 “Инсон ҳуқуқлари уйи” мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятни кучайтиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган ихтисослаштирилган платформа, яъни “инсон ҳуқуқлари маърифати майдони” ҳисобланади. Бу ерда, жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий ҳужжатлар, илмий тадқиқотлар, шарҳлар ва таҳлилий ҳисоботларнинг замонавий кутубхонаси шакллантирилди.

 Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида ногиронлар ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш кафолатлари, уларнинг камситилишининг олдини олиш ҳамда жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида тенг имкониятлар яратишга қаратилган нормаларга эга “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун 2020 йил 15 октябрда қабул қилинди.

Шунингдек, мамлакатимизда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун матни Брайль алифбосида китоб ҳолида нашрдан чиқди. Ушбу расмий нашрлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва “Адолат” миллий-ҳуқуқий ахборот маркази томонидан чоп этилди.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан доимий мониторинг амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, 2021–2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги турли йўналишлар юзасидан 23 та мониторинг тадбирлари амалга оширилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолиятини самарали ташкил этиш йўналишида 1 та Президент қарори, 1 та чора-тадбирлар дастури қабул қилинди, 1 та кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилди, 1415 та ахборот-таҳлилий ва образли медиа материаллар ҳамда видеороликлар тайёрланди, 3900 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги бутунжаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида 2022 йил 7 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу Миллий таълим дастури доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш йўналишида 2023 йил 20–28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ташкил этилди.  

Ҳафталик давомида олий ва умумтаълим муассасаларида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзуларида 50 га яқин семинар, давра суҳбати, маҳорат дарслари, видеоконференция ва учрашувлар ўтказилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича малака ошириш ўқув курсларида давлат органларининг тегишли ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакаси мунтазам равишда ошириб келинмоқда. Жумладан, 2020–2024 йилларда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба”, "Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари", “Қийноқлар ва Истанбул протоколи бўйича тиббий-ҳуқуқий ҳужжатлаштириш курси" мавзуларида ташкил этилган ўқув семинарида ички ишлар ва прокуратура тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 2674 нафар ходими малака оширди.

Бундан ташқари, “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ва миллий механизмлар”, “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари”, “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзуларида ташкил этилган ўқув семинарларида эса тегишли давлат ташкилотларининг 1036 нафар ходимлари иштирок этиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимини оширди.

Бу борада 2020–2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 60 га яқин адабиёт ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 20 та сони нашр этилиб, давлат органлари ва ташкилотларига тарқатилди.

Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишида олиб борилаётган илмий фаолиятни ривожлантириш мақсадида 2021 йил 9 декабрда Марказ, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университетини бирлаштирган Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро магистрлик дастури бўйича олий ўқув юртлари Консорциуми ташкил этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Тошкент давлат юридик университетида “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ” магистратура йўналиши очилди.

Бундан ташқари, Миллий стратегия доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси қарори билан “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар рўйхати”га 12.00.13 – Инсон ҳуқуқлари (юридик фанлар, социология фанлари) ихтисослиги киритилди, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида юридик фанлар ва социология фанлари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи Илмий кенгаш тузилди.

2021–2024 йилларда инсон ҳуқуқлари ихтисослиги бўйича 5 та фалсафа доктори (PhD) ва докторлик (DSc) диссертaцияларининг ҳимояси амалга оширилди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия асосида Президентимиз ташаббуси билан 2020 йилда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.

2020–2024 йилларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини ошириш ҳамда соҳани ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшган 51 та миллий ва 17 та хорижий совриндорлар кўкрак нишони билан тақдирланди.

  • Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида БМТ Бош котибининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда Миллий стратегия доирасидаги ислоҳотлар асносида 2020–2024 йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорлик янада ривожланди.

Мамлакатимиз халқаро ташкилотлар доирасида халқаро нормаларни яратиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 10 дан ортиқ махсус резолюция, шунингдек Инсон ҳукуқлари бўйича кенгаши доирасида та резолюция қабул қилинди.

Ўзбекистон таклифига биноан инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бу борадаги ислоҳотлар билан танишиш мақсадида БМТ Бош котиби А.Гутерриш, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Ж.Унгбо, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ф.Тюрк, Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили И.Гилмор, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори М.Мекаччи, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия делегaцияси, шунингдек, БМТнинг Терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масаласи бўйича махсус маърузачи Ф. Ни Аолайн ҳамда Муносиб турар-жой масалалари бўйича махсус маърузачи Б. Ражагопал мамлакатимизга ташриф буюришди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021–2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси овоз берди.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида 2024 йил 29 май куни бўлиб ўтган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессиясида Ўзбекистон вакили 2025–2028 йилларга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига биринчи марта сайланди.

Ўзбекистоннинг БМТнинг нуфузли шартномавий органига

Миллий стратегия доирасида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қатор халқаро шартномаларга қўшилиши масаласини кўриб чиқиш вазифаси белгиланган. Жумладан, 2020–2024 йилларда 7 та халқаро шартномалар ратификация қилинди:

Миллий стратегия доирасида ҳар икки йилда бир маротаба Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми юқори ташкилий даражада ўтказиб келинмоқда.

2020–2024 йилларда:

  • “Ёшлар ̶ 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари”;
  • “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим”;
  • “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзуларидаги 3 та Самарқанд форуми ташкил қилинди.

2020–2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиянинг ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги 4 маротаба йиллик ахборот тақдим этилди.

Дунё давлатлари тажрибасида инсон ҳуқуқлари бўйича парламент назорати фаолияти ҳукуматни инсон ҳуқуқларига риоя қилишга ундайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича парламент назоратини ташкил қилиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2020 йил 25 сентябрдаги Қўшма қарорига асосан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди ва унинг таркиби ҳамда Регламенти тасдиқланди. Парламент комиссиясининг бугунги кунга қадар ўтказган 22 та йиғилишидан 12 тасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия мониторинги юзасидан эшитувлар бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси” бандларининг бажарилиши юзасидан умумлаштирилган маълумот ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиш учун юборилди. Хусусан, 2020–2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Сурхондарё, Навоий, Фарғона, Хоразм вилоятлари Кенгашлари йиғилишларида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижроси юзасидан муҳокама ўтказилиб, 10 та ҳудудий Халқ депутатлари кенгаши қарорлари қабул қилинди.

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech