“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига кўра: ижтимоий ёрдам ва ҳимояга, жамият ва давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида бошқалар билан бирга тенг тўлиқ ва самарали иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратилишига муҳтож барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахс – ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланади.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари – бу инсон ҳуқуқларининг махсус соҳаси эмас, балки унинг айнан ўзидир. Ногиронлиги бўлган шахслар бошқалар билан бир хил ҳуқуқлардан фойдаланишлари керак. Ушбу ҳуқуқлар барча ногиронлиги бўлган шахсларга ҳеч қандай истисносиз ёки камситишларсиз берилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари мураккаб, чунки турли хил ижтимоий-сиёсий, маданий ва ҳуқуқий шароитларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бузилади. Масалан, Ногиронлиги бўлган шахслар дуч келадиган умумий тўсиқ ишга жойлашиш билан боғлиқ. Хусусан, иш берувчилар кўпинча ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат функцияларини самарали бажаришлари учун зарур шарт-шароитларни яратишни хоҳламайдилар ёки таъминлай олмайдилар. Шу сабабли уларни ишга олишни хоҳламайдилар.
Ногиронлиги бўлган шахсларга улар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида тўлиқ иштирок этиши, шунингдек тирикчилик қилиш имконияти, транспорт воситаларидан эркин фойдаланиш, таълим олиш, маълумотлар олиш, мустақил эркин ҳаракатланиш имконияти берилиши керак. Ногиронлиги бўлган шахслар инсонга хос бўлган қадр-қимматни, унинг шахсий мустақиллигини ҳурмат қилиш, камситмаслик, барча имкониятлардан тўсқинликсиз фойдаланиш, имкониятларнинг тенглиги, жамият ҳаётидада тўлиқ иштирок этиш учун барча одамлар билан бир хил ҳуқуқларга эга. Булар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий тамойилларидир.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг минимал стандартларини белгилайдиган мажбурий аҳамиятга эга бўлган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Мазкур Конвенция Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йил 7 июнда ратификatsiя қилинган.
Конвенция иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан инсон ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилишини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар қонун олдида тўлиқ тенгликдан баҳраманд бўлишларини таъминлаши шарт. Конвенция ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари учун глобал ҳаракатнинг асосий катализатори бўлиб хизмат қилади, бу ногиронларнинг хайрия, тиббий даволаниш ва ижтимоий ҳимоя объекти сифатида қарашлардан инсон ҳуқуқларига эга бўлган жамиятнинг тўлақонли ва тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида қабул қилишга ўтишга имкон беради.
2023 йил июль ойида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция” қоидаларининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Дастлабки ҳисоботини Кўмитага топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши белгиланган.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий институционал тузилма тубдан ислоҳ этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарори билан Ҳукумат ҳузурида доимий фаолият юритувчи Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш ташкил қилинди. Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини тиклаш, уларни реабилитatsiя қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини таъминлашга доир давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлигига кўмаклашиш;
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратишда иштирок этишдан иборат.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.
Мазкур фармон билан агентликнинг қуйидаги асосий фаолият йўналишлари белгилаб берилди:
– аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсати ва чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
– ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш;
– вояга етмаган болаларни, аёлларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш;
– ёшлар, якка ёлғиз кексалар ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш;
– ижтимоий таъминот дастурларини юритиш.
Агентликнинг вилоят бошқармалари, туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ўз фаолиятини бошлади. Ушбу марказларнинг аҳолига профессионал ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиши бевосита маҳалла билан боғлиқ бўлади. Шу маънода, маҳаллаларда ижтимоий хизматлар ходимлари фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқдаки, аҳолининг муҳтож қатламини тўла қамраб олиш, сифатли ва профессионал хизмат кўрсатиш орқали уларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини ҳал этишга яқиндан ёрдам беради.
Бундан ташқари, 2024 йил 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишда ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим шаклланиши, уларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун уларнинг “меҳнатга лаёқатини белгилаш” амалиётидан воз кечилиши, шунингдек ногиронлик касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгиланиши алоҳида таъкидланди.