Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш соҳасида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топмоқда.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда «Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз» деган улуғвор мақсад шаклланди ва «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга фаол кириб бормоқда.
I. Инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, шунингдек, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари алоҳида ўрин эгалламоқда.
Суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнида тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, «Хабеас корпус» институтини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда, низоларни судгача ҳал қилишда ва тарафларни яраштиришда адвокатларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда.
Судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун «Электрон одил судлов» тизими жорий этилди. Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими, шунингдек, Advice.uz ҳуқуқий маълумотлар тизимининг имкониятларини кенгайтириш ҳамда фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар хизматини кўрсатувчи «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.
Маъмурий, жиноий, жиноят-процессуал ва жиноят-ижроия қонунчилиги такомиллаштириб борилмоқда ҳамда инсонпарварлик тамойилига янада мослаштирилмоқда. Афв этиш ва жамоат бирлашмаларининг кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Жаслиқ қўрғонида жойлашган ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг ёпилиши муҳим инсонпарвар воқелик бўлди. Қабул қилинаётган чора-тадбирлар натижасида озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сони 2,5 баравар камайди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (кейинги ўринларда – БМТ) Инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги бутунжаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси» ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат дастурининг ижроси юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли орасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва риоя қилиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этилган.
Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва эркинликлари, фикр, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашда жамият ва давлат бошқарувидаги кенг қамровли туб ўзгаришлар катта аҳамиятга эга. Парламент ва жамоатчилик назоратининг самарали механизмлари мустаҳкамланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг парламент олдидаги масъулияти сезиларли даражада кучайтирилди. «Электрон парламент» ва «Электрон ҳукумат» тизими ривожлантирилмоқда, давлат хизматларининг турларини кенгайтириш, уларнинг имкониятлари, сифати ва тезкорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинмоқда.
Парламент, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, «Халқ қонунларнинг том маънода ягона манбаи ва муаллифи ҳисобланади» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида, жамоатчиликнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади» тамойилларини амалга ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис палаталари томонидан инсон ҳуқуқларининг ҳолати тўғрисидаги маърузалар, инсон ҳуқуқларини таъминлашда халқаро ва минтақавий механизмлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича миллий ҳаракат режалари («йўл хариталари»)ни тасдиқлаш амалиётининг йўлга қўйилиши қонун ижодкорлигида янги муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва уни ҳимоя қилишнинг миллий механизмларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозимлари жорий қилинди.
Фуқароларнинг ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлашнинг ноёб тизими яратилди. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ёшлар – келажагимиз», «Беш ташаббус» каби 20 дан ортиқ давлат ижтимоий дастурлари ва концепциялари амалга оширилмоқда. БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида миллий мақсадларни рўёбга чиқариш, инсон тараққиёти бўйича юқори индексга эга бўлган (интеллектуал салоҳияти, саводхонлиги, инсоннинг ўртача умр кўриш давомийлиги) давлатлар даражасига эришишга, ижтимоий соҳага инновацияларни кенг жорий этишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинмоқда.
Таълим ва тарбия соҳасида кенг кўламли туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 2025 йилга бориб, 3–7 ёшдаги болаларнинг 74,5 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олишни назарда тутувчи мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси ҳаётга жорий этилмоқда. 11 йиллик мактаб таълими тизими қайта тикланди. Бугунги кунда давлат, нодавлат ва хорижий олий ўқув юртларининг сони ортиб бормоқда.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги нуфузи оширилмоқда ҳамда халқаро даражада «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» тамойили асосида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар натижасида аҳолининг сифатли тиббий-санитария хизматларидан фойдаланиш имконияти ошди. Энг асосийси, мамлакатдаги ўртача умр кўриш даражаси 1990 йилдаги 67,2 ёшдан 2020 йилга келиб 74,6 ёшга етди, оналар ўлими бир ярим баравар ҳамда болалар ўлими эса, тўрт бараварга камайди.
Ўзбекистон иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимига қўшилди, мамлакатда Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда.
Кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнат мигрантлари, болалар, ёшлар, аёллар, катта ёшдагиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича ишлар тубдан қайта кўриб чиқилди. Оила институтини мустаҳкамлаш бўйича концепция қабул қилиниб, унинг мазмунида оилавий можароларни ҳал этиш механизмлари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ўрин олди.
Гендер тенгликни таъминлаш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидан. Хотин-қизлар учун 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича 200 дан ортиқ инновацион мактаблар ташкил этилди. Эркаклар ва аёллар учун никоҳ тузишнинг минимал ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланди.
Халқаро сайлов стандартларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилиниб, унинг асосида 2019 йил 22 декабрда «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида бўлиб ўтган сайловларда илк бор 5 та сиёсий партия иштирок этди. Сайловларнинг очиқ-ойдин, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлат ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи, жумладан, биринчи марта Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси иштирок этди.
Мамлакатда узоқ вақтдан бери яшаб келиб, Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган 50 мингга яқин юртдошларимизнинг ана шу муаммоси ҳал этилиб, уларни Ўзбекистон фуқаролари сифатида тан олишнинг қонуний чоралари кўрилди. Прописка қилиш тизимидан хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтиш бўйича ишлар амалга оширилди.
Барча иқтисодий ва ижтимоий дастурлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган инвестицион лойиҳалар янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бандликка кўмаклашиш жамғармаси, Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.
«Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойил асосида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлат ҳокимияти органларининг бош вазифаларидан бири бўлиб қолади.
Ўзбекистонда виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш соҳасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мамлакатда 16 та конфессиянинг 2 277 та диний ташкилотлари ўз фаолиятини олиб бормоқда. «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини амалга оширишга, диний таълим ва маърифат тизимини ривожлантиришга, диний ходимлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида ўз ривожланишининг янги босқичига кўтарилмоқда ва халқаро норма ижодкорлигининг фаол иштирокчиси ва янги халқаро шартномаларнинг ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда.
Иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий рейтинглар ва индекслардаги позицияни яхшилаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш мақсадида хорижий рейтинг агентликлари билан тизимли равишда яқиндан ҳамкорлик алоқалари амалга оширилмоқда. Устувор халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ташкил этилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида Ўзбекистоннинг ташаббуси билан «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари, инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачилар институти билан ҳамкорлик изчил равишда ривожланиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимизга ташриф буюрган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсияларини бажариш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари доирасида халқаро мажбуриятларини, шунингдек, ушбу ташкилот томонидан тақдим этилган пахта йиғим-терим кампанияси мониторинги якунлари бўйича тавсияларни бажариши, шу жумладан, 2017–2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича дастурнинг амалга оширилиши халқаро ҳамкорлар томонидан ижобий баҳоланди.
БМТ ташкил этилганидан буён Осиё минтақасида биринчи марта ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу Форумда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессиясининг асосий ҳужжатларидан бири сифатида тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларининг «Самарқанд руҳи»ни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлади.
2019 йилда Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Мустақил доимий комиссиясининг VI йиллик семинари ўтказилди ва унинг натижалари бўйича Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди.
II. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги камчиликлар
Мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалдаги ҳолатни ўрганиш натижалари, шунингдек, БМТнинг шартномавий органлари, Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг махсус маърузачилари, Универсал даврий ҳисобот ва бошқа халқаро механизмлар доирасида берилган тавсияларнинг тизимли таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида соҳада демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва изчил давом эттириш талаб этилади.
Биринчидан, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятини таъминлашнинг механизмларини тартибга солишда ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш зарур.
Иккинчидан, давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини ўзаро ҳамкорликда амалга оширишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари лозим даражада бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Учинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш, бу соҳада зарур дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг аниқ тартибини белгилаш лозим.
Тўртинчидан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш ҳамда шартномавий қўмиталарнинг хабарларини кўриб чиқиш юзасидан қарорларни бажаришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш лозим.
Бешинчидан, инсоннинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини кучайтириш, жумладан мазкур ҳуқуқларни поймол қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш талаб этилади.
Олтинчидан, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланиши, халқаро ва минтақавий механизмлар тавсияларининг тўлиқ бажарилиши учун суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйиш зарур.
Шу муносабат билан, қуйидаги мақсад ва вазифалар ҳамда асосий йўналишларни назарда тутувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини (кейинги ўринларда – Миллий стратегия) амалга ошириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
III. Миллий стратегиянинг мақсад ва вазифалари
Миллий стратегиянинг мақсади – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олиш ҳисобланади.
Миллий стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
1) мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш;
2) 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш;
3) Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар (қонун устуворлиги, норма ижодкорлиги сифати, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари, глобал рақобатбардошлик, инновацион ривожланиш ва бошқалар) бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш;
4) инсон ҳуқуқлари бузилишларига барҳам бериш мақсадида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов тизими ваколатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар фаолияти учун кенг шароитларни яратиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолашнинг миллий тизимини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш;
5) шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолиятининг очиқлиги ва ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашувларни ўтказиш амалиётини такомиллаштириш;
6) жиноятчиликнинг, айниқса одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш;
7) аҳолининг имконияти чекланган, кам таъминланган гуруҳлар ҳуқуқларини БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг «ҳеч кимни орқада қолдирмаслик» тамойилига мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамиятнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;
8) дин, сўз ва фикр эркинлиги, маълумот олиш, камситишга йўл қўймаслик, гендер тенгликни таъминлаш, барчанинг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан тенг фойдаланиши, кекса одамларнинг ижтимоий интеграцияси, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;
9) оила институтини, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилада зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан қўллаб-қувватлаш даражасини ошириш;
10) инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш, хусусий мулкчилик ва давлат-хусусий шериклик алоқаларини ривожлантириш;
11) таълимнинг сифати ва барча даражадаги қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, ўқитиш тизимининг инклюзивлиги ва ундан барчанинг фойдалана олишини таъминлаш;
12) инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-маърифий фаолиятининг сифати ҳамда манзиллигини яхшилаш;
13) давлатлараро муносабатларни, халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномавий органларнинг тавсияларини сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида инновацион тамойилларни жорий этиш;
14) БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикаси сайланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.
IV. Миллий стратегияни амалга оширишнинг асосий йўналишлари
- Шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлар:
шахсий ва сиёсий ҳуқуқларига оид халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш;
халқаро ҳуқуқ принциплари, нормалари ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кенг қўлланилиши, халқаро ҳуқуқ устуворлиги принципини амалга оширишнинг самарали механизмини яратиш;
судларнинг мустақиллигини ва холислигини таъминлаш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ҳамда «Хабеас корпус» институтини янада такомиллаштириш йўли билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда суд ҳокимиятининг ролини ошириш;
суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойилларини тўлиқ жорий қилиш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш, малакавий юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокат касбининг нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
жиноят процессида жабрланувчи ва гувоҳларнинг, шу жумладан вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш механизмини такомиллаштириш;
прокуратура органлари фаолиятининг халқаро стандартларга мувофиқ шаклларини жорий этиш, прокуратура фаолияти ошкоралигини ва унинг жамият олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, прокуратура тизими бошқарувида коллегиал органлар ролини кучайтириш;
фуқароларни тенгсизликнинг ҳар қандай кўринишларидан ҳамда аҳолининг заиф қатлам вакилларини камситишлардан ҳимоя қилишни таъминлаш;
шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳамда шахсга доир маълумотларни ҳимоялаш ҳуқуқини таъминлаш механизмини янада такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тили ва маданиятини ривожлантириш учун барча шароитларни таъминлаш механизмини такомиллаштириш;
бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, вояга етмаган болаларга нисбатан алоҳида муносабатни назарда тутадиган одил судлов институтларини жорий этиш, боланинг манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самаралироқ жорий этиш;
одам савдосига қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, болалар ва аёллар фоҳишабозлиги ва порнографиясининг сабаблари ҳамда шароитларини аниқлашга комплекс ёндашувни шакллантириш, шунингдек, одам савдосидан жабрланганларни халқаро стандартларга мувофиқ идентификация қилиш ва реабилитация қилиш механизмини янада такомиллаштириш;
аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, сайлов маданиятини ошириш, демократик, адолатли ва эркин сайловларга оид халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш, сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид халқаро стандартларни таъминлашда, жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий шикоятлари институтини жорий этишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг роли ва ўрнини ошириш;
давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини кучайтириш, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалаларини ҳал этишда, шунингдек, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда парламентнинг ваколатларини янада кенгайтириш, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, ҳаволаки қонун нормаларидан воз кечиб, тўғридан-тўғри тартибга солувчи қонун нормаларини қабул қилиш амалиётини кенгайтириш;
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини янада кучайтириш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида фуқаролик жамияти институтларини фаоллаштириш ва қўллаб-қувватлаш.
- Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги устувор йўналишлар:
иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларни таъминлашнинг самарали омили сифатида Камбағалликни қисқартириш дастурини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш;
хусусий мулк дахлсизлиги кафолатларини таъминлашнинг самарали механизмларини такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг, айниқса тадбиркорларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида тадбиркорлик тузилмалари иштирокини янада кенгайтиришга доир қонунчиликни такомиллаштириш;
соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлиги, ҳаммабоплиги ва инклюзивлиги бўйича ривожланган давлатлар даражасига эришиш, соғлиқни сақлаш хизматлари қамровини кенгайтириш, шунингдек, беморлар ҳуқуқларининг халқаро стандартларга мувофиқ ҳимоя қилинишини, хавфсиз, самарали, юқори сифатли ва арзон дори-дармонлар ва вакциналардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
репродуктив ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва ОИТС тарқалишининг олдини олиш, оилани режалаштириш бўйича хизматлардан фойдаланишда аёллар ва эркакларнинг имкониятларини кенгайтириш, репродуктив соғлиқ ва жинсий тарбия масалалари бўйича ўқув курсларини жорий қилиш;
ишчи-ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини, шу жумладан давлат хизматчилари, тиббиёт ходимларини, педагогларни меҳнат шартномаларида назарда тутилмаган ишлардан, мажбурий меҳнатнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни такомиллаштириш;
меҳнат мигрантлари ва улар оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича БМТ шартномавий органлари ва Халқаро меҳнат ташкилотининг тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш;
давлат органларида, нодавлат ва хусусий ташкилотларда, айниқса, қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ юқори лавозимларда аёлларнинг тенг вакиллигини таъминлаш сиёсатини такомиллаштириш, жамоатчилик онгида эркаклар ва аёлларнинг ўрни ҳақидаги тушунчаларни ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш;
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, кексалар, ёлғиз кексалар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит тизимни яратиш, ижтимоий суғуртага оид қонун ҳужжатларини қабул қилиш;
«Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, хусусан, уларни иш, уй-жой билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш, шунингдек, моддий ва ижтимоий имтиёзлар бериш орқали фарзандликка олувчи ота-оналарни рағбатлантиришни назарда тутувчи ташкилий-ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш;
«Ўзбекистон ёшлари – 2025» концепциясини ишлаб чиқиш, унда ёшларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб қилиш, шунингдек, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишнинг амалий чора-тадбирларини белгилаш;
фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқини таъминлаш механизмини такомиллаштириш, шу жумладан, ушбу тизимнинг электрон шаклга ўтказилишини таъминлаш;
мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш (2025 йилгача 3–7 ёшдаги болаларнинг 74,5 фоизини мактабгача таълим билан, шунингдек, 6 ёшли болаларнинг 100 фоизини қамраб олишни таъминлаш), болаларни интеллектуал ривожлантириш, парвариш қилиш ва соғломлаштиришни таъминловчи мактабгача таълим-тарбия тизимини ривожлантириш;
бутун умр давомида ўқишга бўлган имкониятларни рағбатлантириш, бошланғич ва умумий ўрта таълимни янги сифат даражасига кўтариш, ўрта махсус, олий, касб-ҳунар ва қўшимча таълим олиш имкониятини барча учун таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, олий ўқув юртларида давлат грантлари бўйича квоталарни ошириш;
тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини барча учун таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича тарғиботни кучайтириш, сув хўжалиги ва санитария ҳолатини яхшилашда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш;
урбанизация кўрсаткичларининг изчил ўсишини таъминлаш, республика шаҳарларини тарихий қадриятлари ва такрорланмаслигини сақлаб қолган ҳолда, дунёнинг замонавий мегаполислари модели бўйича ривожлантириш, «ақлли ва хавфсиз шаҳарлар» концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, маданий ва табиий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш;
аҳолининг қулай табиий муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари, атмосфера ҳавосини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградация жараёнларини ва биологик хилма-хилликнинг йўқотилишини тўхтатиш.
- Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш ҳамда мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича устувор йўналишлар:
Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларнинг мазмуни тўғрисида аҳоли ҳамда давлат органлари вакилларининг хабардорлигини ошириш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришнинг процессуал тартибини такомиллаштириш, ушбу тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш;
давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш;
инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни янада такомиллаштириш, озодликдан маҳрум қилиш жойларида ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқлари бузилишларининг олдини олиш;
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини такомиллаштириш;
васийлик ва ҳомийлик тизимини ислоҳ қилиш йўли билан болаларнинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқини таъминлаш, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, бола ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар қоидаларини имплементация қилиш ва мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этишни тизимли равишда мониторинг қилиш.
- Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича устувор йўналишлар:
инсон ҳуқуқлари ва гендер масалалари бўйича узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, жамиятда қонунга ҳурматни шакллантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш;
инсон ҳуқуқлари бўйича профессионал журналистларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, журналистик текширувларнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш;
олий таълим муассасалари ҳамда кадрларни, шу жумладан, судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув марказларида, шунингдек, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курсларини жорий этиш;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фундаментал ва инновацион тадқиқотларни кенгайтириш, илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳияти, илмий тадқиқотлари ва ишланмаларининг самарадорлигини ошириш, уларнинг ушбу соҳадаги халқаро тадқиқотларга интеграциялашувини таъминлаш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот тарқатиш бўйича оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада кучайтириш, журналистлар ва блогерларнинг ахборот олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш.
- Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар:
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича БМТ, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги органлари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш;
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги, жумладан, болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ҳужжатларга қўшилиши масалаларини кўриб чиқиш;
Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш бўйича Ўзбекистоннинг ташаббусларини, 2021–2023 йилларга бўлган муддатда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзо этиб сайланиши учун Ўзбекистон номзодини, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ органларига аъзо бўлиши учун миллий экспертларнинг номзодларини илгари суриш;
инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиш;
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари масаласи юзасидан халқаро ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтириш.
V. Миллий стратегияни амалга ошириш, бажарилишини мониторинг қилиш ҳамда молиялаштириш механизми
Миллий стратегияни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари иштирок этадилар. Шунингдек, Миллий стратегияни амалга оширишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинади.
Миллий стратегиянинг сифатли ва самарали бажарилишини назорат қилишнинг қуйидаги тизими йўлга қўйилади:
1) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан:
мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;
доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотни ўз веб-сайтида жойлаштириб боради;
ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган маълумотни киритиб боради;
ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлайди;
2) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига тақдим этади;
3) Миллий стратегиянинг ижро ҳолати юзасидан ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисларида вазирлик ва идораларнинг ахбороти тингланади;
4) Олий Мажлис палаталари вазирлик ва идоралар раҳбарларининг Миллий стратегия ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиб, танқидий муҳокама қилиб боради;
5) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг Миллий стратегия ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг ҳудудлар кесимида ижро ҳолати юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиб, танқидий муҳокама қилиб боради.
Миллий стратегиянинг тўлиқ ва тизимли амалга оширилиши семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар доирасида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистонда қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳамда уларнинг натижалари тўғрисида жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамият тизимли равишда хабардор қилиб борилади.
Миллий стратегиянинг барча чора-тадбирлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик доирасида халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг маблағлари, грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳам жалб қилиниши мумкин.
VI. Миллий стратегияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар
Миллий стратегия доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш назарда тутилади:
инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишнинг самарадорлиги ошади ҳамда миллий қонунчилик такомиллаштирилади;
инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш юзасидан қонун ҳужжатларидаги камчиликлар бартараф этилади, халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсияларини бажариш самарадорлиги оширилади;
инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чора-тадбирлар тизими яратилади, халқаро мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилиши устидан парламент, ҳудудий вакиллик органлари ва жамоатчиликнинг самарали назорати таъминланади;
аҳолининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим беришнинг фаолияти янада такомиллаштирилади, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданияти янада юксалади;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш орқали мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича кўрсаткичлари яхшиланади.