Ўзбекистон Республикасида маҳкумларнинг ҳуқуқлари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Жиноят-ижроия кодексида кўрсатиб ўтилган.
Конституциянинг 29-моддасида “Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга” эканлиги кафолатланган.
Конституциянинг 33-моддасига кўра, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
34-моддада эса, “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 9-моддасида маҳкумларнинг асосий ҳуқуқлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, маҳкумлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ахборот олиш (бу ҳуқуқлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги ва «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунларида алоҳида кўрсатиб ўтилган);
жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятига, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига ўз она тилида ёки бошқа тилда таклиф, ариза ва шикоятлар билан мурожаат этиш ( Ўзбекистон Республикаси «Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг 14-моддаси, Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги (янги таҳрири) Қонунининг 15 ва 16-моддалари);
ўз таклиф, ариза ва шикоятларига мурожаат этилган тилда жавоб олиш. Мурожаат этилган тилда жавоб беришнинг иложи бўлмаган тақдирда жавоб Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида берилади. Жавобни интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс мурожаат этган тилга таржима қилиб бериш жазони ижро этувчи муассаса ёки орган томонидан таъминланади;
тушунтириш бериш ҳамда ёзишмалар олиб бориш, зарур ҳолларда таржимоннинг шу жумладан сурдотаржимоннинг хизматидан фойдаланиш;
ўқув, бадиий ва бошқа хил ахборот материалларидан фойдаланиш;
соғлиғини сақлаш, шу жумладан тиббий хулосага кўра амбулатория-поликлиника ва стatsiонар шароитда тиббий ёрдам олиш («Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг тиббий-санитария таъминоти бўйича қоидалар» (№3159, 20.05.2019 й.)да батафсил кўрсатилган).
об-ҳаво шароити йўл қўйса, ишдан бўш вақтида тоза ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиш;
жазони ижро этиш муассасасининг психологик хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан кўрсатиладиган психологик ёрдамни олиш. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиши фақат уларнинг розилиги билан амалга оширилади;
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш, дам олиш, таътилга чиқиш, шунингдек меҳнатига ҳақ тўланиши;
ижтимоий таъминот, шу жумладан қонунчиликка мувофиқ пенсия олиш (Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 62-моддаси).
Маҳкум ажнабий фуқаролар шунингдек ўз давлатларининг дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан, Ўзбекистон Республикасида дипломатия ва консуллик муассасалари бўлмаган мамлакатларнинг фуқаролари эса, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган давлатнинг дипломатия ваколатхоналари билан алоқа қилиб туриш ҳуқуқига эга.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Маҳкумларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодекси ва бошқа қонунчилик билан белгиланади.
Кодекснинг 10-моддасида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги қонунида маҳкумларнинг адвокатлардан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган.
Жазони ва жиноят-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этувчи муассасалар ҳамда органларнинг ваколатли мансабдор шахси суднинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларини қайта кўриб чиқишда, шунингдек уларни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ иштирок этишини давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган маҳкумнинг илтимосига кўра таъминлаш чораларини кўриши шарт. Бошқа ҳолларда маҳкум давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўрсатилган махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиши мумкин.
Юридик ёрдам олиш учун адвокатлар билан холи учрашувлар маҳкумларга уларнинг аризасига ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра берилади.
Адвокат билан учрашувни маҳкумнинг ўзи рад этганлиги сабабли адвокатнинг маҳкум юридик ёрдам олиши учун у билан учрашув берилиши тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилганлиги адвокат маҳкум билан холи суҳбатлашганидан кейин тасдиқланиши керак, бу ҳақда баённома тузилиб, у маҳкум, адвокат ва жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг вакили томонидан имзоланади.
Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлари ЖИКда белгиланган учрашувлар сони ҳисобига кирмайди, бундай учрашувлар сони ва муддати чекланмайди.
Юридик ёрдам кўрсатилаётганда адвокат қуйидаги ҳуқуқларга эга:
жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг, прокурорнинг, суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят бериш;
жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраб олиш.
Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлар ўтказиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.
Шунингдек, Кодекснинг 11-моддасида кўрсатилишича, маҳкум шахсий хавфсизлик ҳуқуқига эга.
Интизомий қисмга жўнатишга ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг шахсий хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда, у ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги ариза (хабар) билан жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг ҳар қандай ходимига оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат қилишга ҳақли. Маҳкумнинг аризасини (хабарини) қабул қилган ходим зудлик билан уни жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг бошлиғига тақдим этади.
Маҳкумнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги аризаси (хабари) маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги аризаларини (хабарларини) қайд этиш китобида жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг масъул шахси томонидан рўйхатдан ўтказилади.
Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи шахсий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги аризани (хабарни) олгандан сўнг маҳкумни хавфсиз жойга вақтинчалик жойлаштириши шарт.
Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи шахсий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги аризани (хабарни) кўриб чиқади ва маҳкумга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисида ёхуд уларни қўллашни рад этиш ҳақида уч сутка ичида қарор қабул қилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда маҳкумга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор дарҳол қабул қилинади.
Маҳкум қабул қилинган қарор билан имзо қўйдириб таништирилади.
Хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисидаги ёки уларни қўллашни рад этиш ҳақидаги қарор устидан юқори турувчи органга, прокурорга ёки судга шикоят қилиниши мумкин. Шикоят берилган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқилиши лозим.
Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи маҳкумнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган хавфсизлик чораларини қўллайди.
Хавфсиз жойга ўтказилган маҳкум жазони бу ерга ўтказилгунига қадар белгиланган сақлаш шароитларида ўтайди.
Асосий Қонунда белгилаб қўйилган инсон шахсий ҳуқуқ ва эркинликларидан келиб чиқиб, Кодекснинг 12-моддаси маҳкумларнинг виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган.
Унга кўра, маҳкумларга виждон эркинлиги кафолатланади. Улар ҳар қандай динга эътиқод қилишга ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликка ҳақли.
Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган шахслар ҳузурига, уларнинг илтимосига кўра, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган диний бирлашмаларнинг руҳонийлари таклиф этилади. Маҳкумларга диний расм-русумларни адо этишга, ибодат учун керакли нарсалардан ва диний адабиётлардан фойдаланишга рухсат этилади.
Диний расм-русумларни адо этиш ихтиёрий бўлиб, бу нарса жазони ижро этувчи муассасанинг ички тартиб қоидаларини бузмаслиги, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситмаслиги лозим.