Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизми
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал механизми
Халқаро универсал ташкилот сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал халқаро механизм мавжуд бўлиб, у кўп тармоқланган тузилмадан иборат.
БМТнинг асосий органлари ҳам, ёрдамчи органлари ҳам у ёки бу даражада инсон ҳуқуқларини ҳимоя этишга тааллуқли масалалар билан шуғулланадилар.
БМТ Бош Ассамблеяси инсон ҳуқуқлари соҳасида резолюциялар қабул қилиш орқали аъзо-давлатлар эътиборини инсон ҳуқуқлари борасидаги муаммоларга қаратади ва бу борада ҳамкорлик қилишга даъват этади.
Бош Ассамблеянинг асосий вазифаларидан бири инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ирқи, жинси, тили ва динини ажратмаган ҳолда амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида инсон ҳуқуқлари масалаларини ўрганиш ва тадқиқ этиш ишларини уюштириш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Бош Ассамблея инсон ҳуқуқлари бўйича конвенциялар, декларациялар ва турли резолюциялар қабул қилади ва БМТ органларининг ҳисоботларини қабул қилади ва кўриб чиқади.
Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ЭКОСОС) инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига риоя этишни ва ҳурмат қилишни таъминлаб беради.
Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳурмат қилиниши ҳамда уларга риоя этилишини рағбатлантириш мақсадида тавсиялар бериши ва ёрдамчи органлар – қўмиталар ва комиссиялар тузиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 2006 йил 5 март куни БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251 резолюцияси билан ташкил этилган бўлиб, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда ва мунтазам равишда бузиш ҳоллари билан боғлиқ воқеалар ва амалиётни муҳокама этиб боради. Мазкур резолюция асосида Кенгаш ҳар бир давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини бажарилишининг Универсал даврий таҳлилини амалга оширади ва шу орқали универсал миқёсда ва барча давлатларга бир хил муносабатни таъминлайди. Яъни, барча давлатлар Универсал даврий таҳлил доирасида инсон ҳуқуқларининг барча соҳалари бўйича Миллий маърузаларини ҳар 4 йилда Кенгашга тақдим этиб боришади.
Кенгаш бирор-бир фарқларсиз ва адолатли ҳамда тенглик асосида барча учун инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини умумҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ишига кўмаклашиши, инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқиши ҳамда улар бўйича ўзининг тавсияларини ишлаб чиқиши керак.
Кенгаш доирасида, дунёнинг ҳар қандай ҳудудида ва ҳар қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, содир этилган ва тизимли ҳамда ишончли равишда тасдиқланган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг барча қўпол бузилиши ҳолатларини кўриб чиқиш мақсадида шикоятларни кўриб чиқиш тартиботи ўрнатилди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачилари. Махсус маърузачи — инсон ҳуқуқлари бўйича муайян мамлакатдаги вазият ёки аниқ бир мавзуни ўрганиш ва бу ҳақда маърузалар тақдим этиш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан тайинланадиган мустақил экспертдир. Бугунги кунда БМТ тизимида инсон ҳуқуқларининг турли соҳаларига ихтисослашган 44 нафар махсус маърузачи мавжуд.
Хотин-қизларнинг аҳволи бўйича комиссия хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, фуқаровий, ижтимоий соҳалар ва таълим соҳасидаги ҳуқуқларини рағбатлантириш тўғрисида Иқтисодий ва ижтимоий кенгашга тавсиялар ва маърузалар тайёрлаш, шунингдек, эркаклар билан хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилини амалга ошириш мақсадида хотин-қизлар ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим муаммолар бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш тўғрисида тавсиялар ва таклифлар тайёрлаш вазифалари киради.
«БМТ – аёллар» – бу гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда иқтисодий имкониятларини кенгайтириш борасида фаолият олиб борувчи БМТнинг тузилмасидир. Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «БМТ-аёллар» тузилмаси бутун жаҳонда уларнинг муҳтожликлари ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида ташкил этилган. Мазкур тузилма БМТнинг аъзо-давлатларига, уларнинг гендер тенглигига жаҳон стандартлари даражасида эришишига ёрдам беради ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларига оид қонунларни, сиёсат стратегияларини, дастурларни ишлаб чиқишда мамлакатларнинг ҳукуматлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ишлайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун асосий масъулият юкини Бош котибнинг раҳбарлиги ва раҳнамолиги остида олиб боради. Олий комиссар ўз вазифасини бажарар экан, Бош Ассамблея, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг умумий ваколатлари, вазифалари доирасида ва қарорлари асосида иш олиб боради. Олий комиссар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳар қандай муаммони кўриб чиқиш ва инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган дунё миқёсидаги фаолиятда фаол иштирок этади.
БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ўз фаолиятида болаларни ҳимоя қилиш ва камол топтириш тўғрисидаги умумжаҳон декларациясини амалга оширишга қаратилган ҳаракатлар режасига амал қилади.
БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) маданий ҳаётда иштирок этиш ҳуқуқини татбиқ этишга қаратилган фаолият ўтказади. ЮНЕСКО ўз фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланмиш таълим соҳасида саводсизликка қарши кураш дастурларини изчил амалга ошириб келмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилоти меҳнат ва ҳаёт шароитини яхшилаш, иш билан таъминлаш соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш бўйича халқаро чора-тадбирлар ва дастурларни ишлаб чиқади. Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенция ва тавсиялари, ўз навбатида, аъзо-давлатларга мўлжалланган, яъни улар ХМТнинг миллий қонунчиликка тегишли нормаларини киритиш лозимлиги тўғрисидаги хоҳишни акс эттиради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инсоннинг соғлиққа бўлган ҳуқуқининг тарғиб этилиши ва ҳимоя қилинишидаги асосий ихтисослашган ташкилот бўлиб ҳисобланади.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича институционал тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича конвенциявий (шартномавий) органлар инсон ҳуқуқлари бўйича алоҳида шартномалар асосида тузилган ва муайян шартнома қоидаларини, унга аъзо бўлган давлатлар томонидан қандай бажариб борилаётганлигини назорат қилиб боради. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси қуйидаги қўмиталар билан ўз мажбуриятларини бажариши юзасидан ҳамкорлик олиб боради:
Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита - Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бўйича;
Иқтисодий, ижтимой ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмита - Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бўйича;
Ирқий камситишларни тугатиш бўйича қўмита - Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенция бўйича;
Қийноқларга қарши қўмита - Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция бўйича;
Хотин-қизларни камситишларга барҳам бериш бўйича қўмита - Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция бўйича;
Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита - Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бўйича.
Қўмиталарнинг асосий вазифаси пакт ва конвенциялар бажарилиши юзасидан аъзо-давлатларнинг қонунчилик, суд, маъмурий ёки бошқа чоралар тўғрисидаги маърузаларини кўриб чиқишдир. Барча аъзо-давлатлар қўмиталарга ҳуқуқлар қай даражада таъминланаётгани тўғрисида миллий маърузаларни тақдим этиши шарт.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг минтақавий механизми
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) хавфсизликни таъминлаш масалалари билан бир қаторда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам муҳим ишларни амалга оширмоқда. У БМТ томонидан инсон ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилишга доир барча ҳужжатларни эътироф этиш ҳамда уларда белгиланган тамойилларни амалга оширишга интилмоқда. Унинг БМТ билан бу борадаги ҳамкорлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар кўламининг ошиб боришига ёрдам бермоқда.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловларда кузатувчилик вазифасини бажаради ва миллий сайлов органларининг вужудга келишида кўмаклашади, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ривожланишига кўмаклашади ва техникавий ёрдам беради, турли мамлакатларда нодавлат ташкилотларининг ташкил этилиши ва фуқаролик жамиятининг шаклланишига ёрдам беради.
Низоларнинг олдини олиш ва тугатилишида ЕХҲТнинг кам сонли миллатлар бўйича Олий Комиссари институтининг ҳам роли катта. Олий комиссар низоларнинг иложи борича барвакт таҳлил қилиниши ва бартараф этилиши чораларини кўради. Консультациялар ўтказиш ва тавсиялар бериш йўли билан низодаги томонларни тўқнашувларга бормасликка чақиради.
ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг ҳар йили ўтказиладиган сессияларида ташкилот фаолиятига тегишли масалалар муҳокама этилади, минтақада хавфсизлик ва ҳамкорликни кучайтириш борасида декларация, тавсия ва таклифлар тайёрланади.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) дунёда мусулмонлар истиқомат қилувчи давлатларнинг энг йирик халқаро ташкилоти ҳисобланади. Ташкилотнинг инсон ҳуқуқларига ихтиссослашган органи сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси 2011 йил ташкил этилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ИҲТга аъзо давлатларнинг хотин-қизлар, ёшлар ва эҳтиёжманд кишиларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу борада иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий-маърифий соҳалардаги ҳуқуқларни таъминлаш, барча шаклдаги зўравонлик ва камситишларга барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий механизми
Мустақиллик йилларида мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи давлат ташкилотлари тизими шаклланди. Бу тизимда анъанавий судлов ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан иборат бўлган судлов органлари билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва нодавлат ташкилотларидан иборат бўлган инсон ҳуқуқлари бўйича носудлов органлари ҳам шаклланди.
Инсон ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикасининг суд органлари орқали ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмининг таркибий ва ҳал қилувчи қисмидир. Чунки, суд бузилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклаш тизимида энг муҳим восита ҳисобланади. Ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд томонидан муҳофаза этилиши, давлат органлари, мансабдор шахслар ва жамоат бирлашмаларининг ноқонуний ҳаракатларидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши эълон қилинди.
Мамлакатдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизими давлат ҳокимиятининг анънавий тизими сифатида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги иштироки беқиёс ҳисобланади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг прокуратура органлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, шу жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида муҳим ва асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботга риоя этиш устидан назорат қиладиган давлат органи бўлган прокуратура нафақат давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш вазифасини, балки инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим ижтимоий вазифани ҳам бажаради. Айнан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини давлат органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигидан ҳимоя қилиш Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизимига киради. Ички ишлар идораларининг асосий вазифаларига конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш, фуқароларнинг ҳамда корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мулкини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар хил жиноий тажовузлардан ва бошқа ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва содир этилган жиноятларнинг қисқа фурсатда тўлиқ очилишини таъминлаш, жиноятни содир этиш сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш, содир этилган жиноятларни тергов қилиш, паспорт тизими фаолиятини таъминлаш (фуқароларга паспорт берилишини, уларнинг рўйхатдан ўтиши ва чиқишини, визаларини расмийлаштириш), йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, маъмурий жавобгарлик ва жиноий жазоларни бажарилишини таъминлаш, вояга етмаганлар билан ишлаш, фуқаролар томонидан ўқ отар қуролларни сотиб олиш, сақлаш ва олиб юриш тартибини назорат қилиш ва расмийлаштириш каби кўплаб вазифалар киради.
Ўзбекистон Республикасининг адлия органлари инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш тизимида муҳим аҳамият касб этиб, анъанавий тарзда ҳуқуқни қўлловчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сирасига киради. Адлия вазирлиги томонидан ижтимоий-сиёсий ҳаётни, давлат тузилишини, шу жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасини эркинлаштириш, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлашга йўналтирилган қонунлар ижросини таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда. Вазирликнинг бевосита иштирокида инсон ҳуқуқларини, тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари яратилди, ҳуқуқни қўллаш амалиётини доимий таҳлил этиб бориш ва мониторинг қилиш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар ишлаб чиқиш тизими жорий қилинди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатура институтининг роли катта ҳисобланади. Адвокатура институти ваколатларининг кенгайиб, фаолиятининг ривожланиб бориши инсон манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг носудлов механизми янада такомиллашиб бораётганидан ва кучли фуқаролик жамиятининг пойдевори мустаҳкамланиб бораётганидан дарак беради.
Мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш орқали давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқароларларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ўзига хос самарали механизмга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг қабулхоналари тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнамоқда. Тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур қабулхоналар, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, банк кредитлари ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш ва бошқа масалалардаги тўсиқларни бартараф этишда муҳим роль ўйнамоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий механизми тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар алоҳида ўрин эгаллайди. Миллий институтлар тизими таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Президент ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсмен), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази институтлари киради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича носудлов органлар тизимида яна бир асосий ўринни эгаллаб турган фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлмиш нодавлат нотижорат ташкилотлари катта роль ўйнайди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларидан бири сифатида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли ҳам кейинги пайтларда, алоҳида аҳамият касб этмоқда.