2024 йил 1 июлдан миллий қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлар мониторинг қилинади, дорилар билан боғлиқ потенциал хавф-хатарларни тезкор аниқлашга қаратилган фармакологик назорат тизими ташкил этилади, давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилинади, хусусий бандлик агентликларига айрим хизматлар учун ҳақ ундиришга рухсат этилади, айрим касалликка чалилганлар бепул даволанишади ва бошқалар…
1 июлдан миллий қонунчиликда қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:
Фуқароларга процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади
“Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, 2024 йил 1 июлдан фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:
— Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида “Мадад” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;
— ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.
Айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади
“Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, 2024 йил 1 июлдан 2026 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.
Ҳуқуқий эксперимент доирасида:
— Адлия вазирлиги ҳузурида Олий апелляция кенгаши ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида Апелляция кенгаши ташкил қилинади;
— апелляция кенгашлари маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини судгача кўриб чиқиш натижасида ушбу ҳужжатларни ўзгартириш, қисман ёки тўлиқ бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, бундан қонунчиликка мувофиқ фақат суд тартибида бекор қилинадиган ёки ўзгартириладиган ҳужжатлар мустасно;
— маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини апелляция кенгашлари томонидан кўриб чиқиш манфаатдор шахсларнинг шикоятлари ҳамда давлат хизматларини кўрсатишни мониторинг қилиш натижаларига кўра амалга оширилади;
— апелляция кенгашларининг қарорлари “E-qaror” электрон тизимида эълон қилиб борилади, шунингдек, маъмурий шикоят бўйича маъмурий иш юритуви иштирокчиларига белгиланган тартибда маълум қилинади ва маъмурий органлар томонидан уларнинг бажарилиши мажбурий ҳисобланади;
— апелляция кенгашларининг қарорлари юзасидан манфаатдор шахс томонидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин, маъмурий органлар учун мазкур қарорлар қатъий ҳисобланади ва уларнинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.
Дорилар билан боғлиқ потенциал хавф-хатарларни тезкор аниқлашга қаратилган фармакологик назорат тизими ташкил этилади
“Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, 2024 йил 1 июлдан:
— дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотлар аҳолини сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун масъул бўлган ташкилот сифатида эътироф этилади ҳамда уларга нисбатан давлат назоратини амалга оширишнинг алоҳида қоидалари белгиланади;
— дори воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ потенциал хавф-хатарларни тезкор аниқлаш ва уларга жавоб беришга қаратилган, халқаро стандартлар талаблари асосида фармакологик назорат тизими ташкил этилади;
— дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотларда уларга берилган лицензия талабларига риоя этилишини бир йилда кўпи билан бир маротаба ваколатли органни хабардор этиш орқали назорат қилиш тартиби жорий этилади;
— дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш учун ишлаб чиқилган контент Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган хулоса асосида эфирга узатилади;
— янги ташкил этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар сақланадиган божхона омборлари ва эркин омборлар мажбурий равишда “Зарур сақлаш амалиёти – GSP” талабларига мувофиқ ташкил этилади.
Электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари орқали топшириш имконияти яратилади
“Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, 2024 йил 1 июлдан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:
— электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП (my.gov.uz) орқали топшириш имконияти яратилади;
— интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилади.
Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилинади
“Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, 2024 йил 1 июлдан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайлик яратиш мақсадида:
— Mobile-ID тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;
— аввал давлат рўйхатидан ўтказилган (давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилган ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланган) ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва бу ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул амалга оширилади;
— нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади.
Айрим касалликка чалилганлар бепул даволанишади
“Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар белгиланган тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.
“Шаффоф курилиш” тизимида ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади
“Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича жалб қилинадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади.
Айрим шаҳарларда сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади
“Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади.
“Ижтимоий ҳимоя” АТда моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларнинг ҳисоби юритилади
“Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини яратиш орқали ҳар бир фуқаро (оила) учун белгиланган ижтимоий тўловлар, тақдим этилган имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамларнинг ҳар бир фуқаро кесимида “Ижтимоий ҳимоя” АТда ҳисоби юритилади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очилган давлат жамғармалари ва бошқа жамғармалар интеграция қилинади.
Давлат иштирокидаги йирик корхоналарда корпоратив котибият ташкил этилади
“Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан давлат иштирокидаги йирик корхоналарда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш учун кузатув кенгашига бўйсунадиган корпоратив котибият ташкил этилади.
Шунингдек, корпоратив бошқарувнинг янгиланган қоидалари ва ахлоқ кодекси жорий этилади.
Бундан ташқари, кузатув кенгашининг баённомаларини масофадан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон овоз бериш бюллетенлари орқали расмийлаштириш имконияти яратилади.
Хусусий бандлик агентликларига айрим хизматлар учун ҳақ ундиришга рухсат этилади
“Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, 2024 йил 1 июлдан хусусий бандлик агентликларига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган шахсларга Ўзбекистон ташқарисида ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ ундиришга рухсат этилади.
Маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлар мониторинг қилинади
"Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ваколатли банклар билан биргаликда маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилиши мониторингини ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этади.
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари устав капитали миқдори оширилади
“Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фақат акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши мумкин бўлади.
Шунингдек, устав капиталининг энг кам миқдори тўлов тизими операторлари учун 50 млрд сўм, тўлов ташкилотлари учун 10 млрд сўм этиб белгиланади.
Умиджон Қурбонов тайёрлади,
ЎзА
- Қўшилди: 01.07.2024
- Кўришлар: 1293
- Чоп этиш