Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2024-2025 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024-2025 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича Чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастурда:
шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;
жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларини жорий қилиш;
аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш;
ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини тадқиқ этиш йўллари белгилаб берилган.
Қарорга мувофиқ:
давлат органлари ва ташкилотларида ўз фаолияти соҳасига оид ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш фаолиятини ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштиришга масъул бўлинмалар белгиланади;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш даражаси ва сифати улар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади;
Дастурда белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши ҳамда натижаси бўйича маълумотлар ҳар чорак якунида Адлия вазирлигига тақдим этиб борилиши учун тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади;
Дастурда белгиланган чора-тадбирлар тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Адлия вазирлиги Дастурда белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилишини мониторинг қилиб боради ва ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.
ЎзА
- Қўшилди: 20.09.2024
- Кўришлар: 1440
- Чоп этиш