Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича жиддий қадам ташланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024 йил 1 июндан бошлаб барча тоифалардаги автомототранспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича “Экологик транспорт” тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Ҳудудлар улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлик реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик зоналарга ажратиб борилади.

Транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини автоматик баҳолаш тизимига асосан диагностика текшируви жараёнида аниқлаш ва натижалари бўйича қалбакилаштиришдан ҳимояланган ҳамда электрон белгига эга бўлган экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситалари “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга бўлинади.

Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловлари жорий этилади ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш жорий этилади. Мазкур талаб:

  • биринчи босқичда (2024-2026 йилларда) - Тошкент шаҳрида;
  • иккинчи босқичда (2026-2028 йилларда) - Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва бошқалар);
  • учинчи босқичда (2028-2030 йилларда) - бошқа барча ҳудудларда амалга оширилади.

Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларидан экологик зоналар ҳудудида фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланади ҳамда жарима маблағлари мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилашга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мақсадли йўналтирилади.

2024 йил 1 июндан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини аниқлаш ва натижалари бўйича экологик стикерлар бериш мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида босқичма-босқич амалга оширилади:

  • 2027 йил 1 январга қадар - Тошкент шаҳрида;
  • 2029 йил 1 январга қадар - Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда экологик зоналарга ажратилган алоҳида экологик зоналарда;
  • 2031 йил 1 январга қадар - бошка барча ҳудудларда.

Электромобил ва электромотоцикллар ҳамда ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган бошқа турдаги транспорт воситаларига уларнинг эгалари томонидан онлайн ахборот тизимлари орқали юборилган мурожаатлар асосида реал вақт режимида “яшил” экологик тоифасига мансуб экологик стикерлар мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан диагностика текширувисиз берилади ва почта орқали юборилади.

Шошилинч ва тезкор хизмат транспорт воситаларидан ҳамда жамоат транспортидан (такси ва йўналишли таксидан ташқари) барча экологик зоналар ҳудудида ҳеч қандай чеклов ва тақиқларсиз фойдаланилади.

Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган айрим турдаги транспорт воситаларидан Вазирлар Махкамаси томонидан белгиланган тартибда экологик компенсация тўловларини амалга ошириш орқали тегишли экологик зоналар ҳудудида вақтинчалик фойдаланиш мумкин.

2024 йил 1 декабрга қадар экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларидан экологик зоналар ҳудудида фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чораларини белгилаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech