БМТ Наркотикларни назорат қилиш халқаро кенгаши котиби (Австрия) Марк Колхон ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси директор ўринбосари (Австрия) Жан Люк Лемае Ўзбекистоннинг 2024-2028 йилларга мўлжалланган Наркотикларга қарши миллий стратегияси бўйича ўз фикрларини билдиришди.
Маълумки, 6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакат генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади.
Фармон билан гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 — 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинди. Стратегияда ички ишлар органларини наркотестерларбилан таъминлаш, жиноятларни аниқлашда дронлардан фойдаланиш, мутахассислар тайёрлаш ҳажмини 5 бараварга ошириш ва бошқалар мақсад қилинган.
Шу кунларда мазкур стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, БМТ Наркотикларни назорат қилиш халқаро кенгаши котиби Марк Колхон ушбу стратегия гиёҳвандликка қарши кураш соҳасида «муҳим қадам» деб атади.
"Наркотикларга қарши кураш халқаро кенгаши Ўзбекистоннинг 2024-2028 йиллар учун қабул қилинган Наркотикларга қарши миллий стратегиясини гиёҳвандликка қарши кураш соҳасида миллий, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ташаббусларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам, деб ҳисоблайди", — деди Марк Колхон.
Шунингдек, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси директор ўринбосари Жан Люк Лемае ҳам стратегиянинг аҳамияти борасида сўз юритиб, халқаро миқёсда гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга имкон беришини таъкидлади.
"Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 – 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси нафақат, миллий, балки минтақавий ва халқаро миқёсда гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилишига имкон берадиган долзарб ҳужжатдир", — деди Жан Люк Лемае.
Умиджон Қурбонов, ЎзА
- Қўшилди: 13.05.2024
- Кўришлар: 1553
- Чоп этиш