Болалар омбудсмани: Болажонларнинг дискриминация қилинишига йўл қўймаслик зарур

Болалар омбудсмани болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, зўравонликка учраётган болаларни ҳимоясига олиш бўйича изчил ишларни амалга оширмоқда.

Болалар тарбияланаётган, яшаётган муассасалардаги аҳвол ҳам назардан четда қолмаяпти.  

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Республика  Болалар ижтимоий мослашув марказида бўлиб, бу ердаги шарт-шароитларни кўздан кечирди.  

Мазкур муассаса 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, деярли 10 йил давомида турли ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳдаги болаларга, жумладан, ногиронлиги бор болаларга комплекс равишда тиббий, ижтимоий ва психологик кўмак кўрсатиб келмоқда.  

Шу билан бирга, марказ болаларга фақатгина ижтимоий кўмак кўрсатиш билан чекланиб қолмай, уларнинг ижтимоий мослашуви муаммоларини ҳал этиш юзасидан мақсадли комплекс дастурларни ишлаб чиқиб, амалга ошираётир.  

Ўрганиш давомида мутахассислар асосан «Монтессори» усулини қўллаши кўриб чиқилди. (Бу усул болани жазоламасдан ҳамма нарсани бажаришни унинг ўзига қўйиб беришни ўз ичига олади).  

«Монтессори» болажонларда мустақил фикрлаш, шахсий масъулият кўникмалари шаклланишига ёрдам бераётгани маълум бўлди.  

Шунингдек, муассасада психологик терапия, арт-терапия, эртак терапияси, сув муолажаси ва махсус кўникма (адаптация), мусиқа, спорт ва бошқа ихтисослаштирилган кўмак хоналари мавжуд.    

Ушбу марказ фаолияти билан танишув асносида болажонлар яратган ижод намуналари билан танишилди.  

– Ҳар бир ижод намунаси ўзгача, кичкинтойларнинг ички оламини намоён қилган, – дейди С.Раҳмонова. – Бундай ўзига хос болажонларнинг тўлиқ ижтимоий мослашувини таъминлаш, уларни эътибордан четда қолдирмаслик ва дискриминация қилинишига йўл қўймаслик ниҳоятда зарур. Марказ билан бу борадаги ҳамкорлигимизни фаол давом эттирамиз.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech