Ўзбекистон Болалар омбудсманига Татаристон Болалар омбудсманидан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда Ўзбекистон фуқароси Н.Қ. 20 йил аввал доимий яшаш учун Россиянинг Қозон шаҳрига кўчиб боргани, ёнғин оқибатида унинг фуқаролик паспорти ёниб кетгани ва ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаб келгани қайд этилган.
Бу вақт оралиғида унинг 6 нафар фарзанди туғилган. Қозон шаҳри судининг қарори билан у фарзандлари билан мазкур мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилган.
Татаристон Болалар омбудсмани ҳозирда бу аёл 6 нафар фарзанди билан Тошкент шаҳрида бошпанасиз ва пулсиз оғир аҳволда экани ва бу оила ижтимоий ҳамда бошқа турдаги ёрдамга муҳтожлигини билдирган.
Ўзбекистон Болалар омбудсмани хорижий сўровда баён этилган ҳолатни атрофлича ўрганиб, вазият юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ИИВга сўров юборди.
Ушбу мураккаб ҳолат комплекс равишда атрофлича ўрганилиб, Н.Қ. ва унинг 6 нафар фарзандига муаммоли масалаларда манзилли кўмак кўрсатилди.
Жумладан, аёл ва унинг фарзандлари учун энг зарурий ёрдамлар кўрсатилди. Улар озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маиший эҳтиёжлари учун зарур воситалар билан таъминланди ҳамда бу жараён давом эттирилмоқда.
Муҳими, Агентлик саъй-ҳаракатлари билан оила вақтинчалик уй-жойга жойлаштирилди. Шунингдек, ИИВ томонидан Н.Қ. ва унинг вояга етган фарзанди И.Қ. (2006 йилда туғилган)га шахсини тасдиқловчи ҳужжат расмийлаштириб берилди.
Аёл фарзандлари билан Татаристонга қайтиш ва фарзандлари у ерда таълим олишни давом эттиришини истаётганидан келиб чиқиб, ҳозирда унинг барча фарзандларига хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштирилмоқда.
Ўз навбатида, Болалар омбудсмани хорижий ҳамкасби билан Н.Қ.нинг Қозон шаҳри судининг депортацияга оид қарорининг юқори инстанцияда қайта кўрилиши, аёл ва унинг Россияда туғилган фарзандлари қонуний манфаатларини ҳимоялаш юзасидан ҳуқуқий кўмак кўрсатилишига оид музокаралар олиб бормоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 30.04.2024
- Кўришлар: 1559
- Чоп этиш