Воқеалар аввалида Nuz.uz нашрининг ижтимоий муаммоларни ўрганиш билан шуғулланувчи мухбири Михаил Довлатов Учтепа туманидаги 11-мавзеда яшовчиларнинг автотураржойлар (150 га яқин) ўрнида ва 98 та дарахтни кесиб, болалар боғчаси қуриш ишлари амалга оширилиши тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқмоқчи бўлгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар тарқалганди.
Кейинроқ, Олий суд ахборот хизмати томонидан Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2024 йил 16 январдаги қарорига мувофиқ, Михаил Довлатовнинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан тугатилгани эълон қилинди.
Бош прокуратура ахборот хизмати журналист билан боғлиқ ҳолатга алоқадор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.
"Шу ўринда, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолияти ва журналистларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан қўриқланиши ҳақида яна бир бор эслатиб ўтамиз," — дейилади хабарда.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти