Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди.
Унга кўра, Конституциянинг 32 йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш учун "Конституция - эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар самарали ташкил этилади.
Конституция кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури ҳамда ташкилий қўмита тасдиқланди.
Байрамни бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва "Ўзбекистон - 2030" стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказилади.
Кейинги йилларда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва роли кенг ёритилади.
"Конституция - эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамияти, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилгани очиб берилади.
Мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти кенг тарғиб қилинади.
Конституция ойлиги доирасида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда Конституция дарслари ўтказилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 18.10.2024
- Кўришлар: 1062
- Чоп этиш