Сайловга оид саволим бор...
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Сайловга оид саволим бор...” рукни остида сайловчилар томонидан йўлланган саволларга мутахассисдан мунтазам равишда жавоблар бериб борилишини йўлга қўйди.
Сайловчиларни қизиқтирган саволларга ҳуқуқий жавоб топишга кўмаклашишда давом этамиз.
Фуқароларнинг сайловга оид саволларига Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мухтабар Ҳусанова жавоб берди.
— Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдира олмайдиган шахс нима қилиши керак? Бошқалар ёрдамида бюллетенни тўлдириши мумкинми?
— Албатта. Сайлов кодексига кўра, бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. Фақатгина бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустаснодир.
Бундан ташқари, сайловда овоз беришни ташкил этишда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, овоз бериш бинолари жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг киришига қулай, шу жумладан овоз бериш хонаси бинонинг биринчи қаватида бўлиши, участка сайлов комиссияси биносига кириш жойида ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) бўлиши ва улар белгиланган талабларга мос келиши кераклиги қонунчилигимизда белгилаб қўйилган.
Шунингдек, сайловчилар рўйхатида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкалари оптик лупалар (катталаштирувчи ойналар), қўшимча ёриткичлар, стул ҳамда Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар билан жиҳозланиши белгилаб қўйилган.
Кўришда нуқсони бўлган сайловчилар учун ахборот стендларида катта ҳажмдаги шрифтларда ва (ёки) Брайль алифбосидаги материаллар жойлаштирилиши мумкин, — дейди Мухтабар Ҳусанова.
Муҳтарама Комилова,
Аброр Содиқов, Анвар Аҳмедов (видео),
ЎзА
- Қўшилди: 14.10.2024
- Кўришлар: 888
- Чоп этиш