Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан умумий овқатланиш шохобчалари: ресторан, кафе, ошхона ва буфетларда кўрсатилаётган хизматларда санитария-гигиена талаблари бузилаётгани, нархларни ошириб қўллаш ҳамда таомномаларнинг давлат тилида тақдим этилмаётгани юзасидан 250 га яқин мурожаатлар келиб тушган.
Рақобат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда республикада фаолият юритаётган 700 га яқин овқатланиш корхоналарида танланма асосида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишларда маълум бўлишича, умумий овқатланиш субъектлари томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатишда овқат тайёр бўлиш вақти, нархи ва тўлаш шартлари ҳақида тўғри тушунарли маълумот тақдим этилмаган. Шунингдек, таомномаларда тайёр овқатларнинг ҳажмлари кўрсатилмагани, йўл бўйида санитар қоидаларга номувофиқ жойларда овқат тайёрлаш, тайёр овқатни етказиб бериш, ташиш ва сақлашдаги муаммолар аниқланди.
Ўрганиш ишларида қамраб олинган 700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг 524 тасида таомнома давлат тилида эмас. 480 тасида иш режими кўрсатилмаган. 449 тасида нархномалар мавжуд эмас. 429 тасида автотураргоҳлар, 519 тасида фавқулодда вазиятлар учун чиқиш йўлаклари йўқ.
Рақобат қўмитаси томонидан юқоридаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга тегишли тартибда маълумотлар киритилди.
Юқорида келтириб ўтилган талаблар бузилишига дуч келиб, ҳуқуқлари бузилган истеъмолчиларга, Рақобат қўмитасининг 1159 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари тавсия этилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 21.10.2024
- Кўришлар: 899
- Чоп этиш