Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Америка Қўшма Штатлари тинчлик институти (USIP) ҳамда “DIALOG” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида “Ҳамжамиятлар даражасида, гендерга сезгирлик ёндашуви асосида реабилитация, реинтеграция жараёнини амалга ошириш учун миллий ва маҳаллий даражадаги манфаатдор томонлар салоҳиятини ошириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда низоли ва можароли ҳудудлардан қайтарилганлар, айниқса аёлларни реабилитация қилиш ва реинтеграциялаш масаласи муҳокама қилинди.
Иштирокчилар асосий эътиборни психологик, ижтимоий ва иқтисодий реинтеграцияга қаратиб, зиддиятли ҳудудлардан қайтарилган аёллар, болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс ёндашув ва илғор тажрибага мурожаат қилишди. Хусусан, Сурия ва Ироқдан репатриация қилинганларга янада самарали ёрдам бериш учун давлат идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
– Президентимиз топшириғига кўра, “Меҳр” инсонпарварлик операцияси доирасида “қайноқ нуқталар”дан олиб келинган аёллар ва болалар давлат, жамоат ташкилотлари, меҳр-оқибатли фуқароларимиз кўмагида жамиятда ўз ўрнини топаётгани қувонарли, – дейди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева. – Меҳрга ташна бу инсонлар барча қулайликлар яратилган соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилиб, иссиқ овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур воситалар билан таъминланди. Уларга давлат ва нодавлат ташкилотлари мутахассислари томонидан тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Болалар мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларига, хотин-қизлар эса ишга жойлаштирилди. Бир сўз билан айтганда, соғлом, тинч ҳаётга қайтиш, жамиятга тўлақонли мослашиш учун зарур шарт-шароит яратилди. Шунингдек, шахсни тасдиқловчи – паспорт, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилди.
Умуман, Яқин Шарқда, жанг кечаётган ҳудудлардаги лагерларда ушлаб турилган ҳамюртларимизни қайтариш тадбирлари махсус хизматлар томонидан мунтазам равишда олиб бориляпти.
Давра суҳбати Реабилитация қилиш ва реинтеграциялашда гендерга сезгирлик ёндашувининг минтақавий тенденциялари ва истиқболи, АҚШ тинчлик институти молиявий кўмагида Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида амалга оширилган лойиҳа тажрибаси ва таҳлилий ишлар тақдимоти, Низоли ва можароли ҳудудлардан қайтарилган болалар ва оилалар реинтеграцияси, заиф тоифадаги шахслар имкониятини кенгайтиришга ёрдам бериш, Сурия ва Ироқдан қайтарилган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш ва реинтеграциялашда мувафақиятли натижага эришиш мақсадида ишлаб чиқиладиган “Йўл харитаси”га тавсия ва таклифлар бериш мавзуларини қамраб олди.
– Лойиҳада хорижий ҳамкор сифатида иштирок этаётганимиздан мамнунмиз, – деди USIP вакили Бармак Бажвак. – Конгресс томонидан асос солинган ташкилотимиз можароларсиз дунё глобал хавфсизлик учун жуда муҳим, деган ғояни тарғиб этадиган миллий, партиясиз, мустақил институт. Биз можароли минтақаларда зўравонликка асосланган низоларнинг олдини олиш, вазиятни юмшатиш ва ҳал қилишда маҳаллий ҳамкорларга кўмаклашамиз. Миссиямизни тадқиқот, сиёсат, ўқув, таҳлил ва тўғридан-тўғри ҳаракатларни ўзаро боғлаш орқали амалга оширамиз, тинч, инклюзив дунё қуришга интилаётганларни қўллаб-қувватлаймиз.
Тадбир давомида Ироқ, Афғонистон ва Суриядан қайтарилган аёллар ва болаларга ижтимоий, руҳий ёрдам кўрсатиш бўйича хизмат кўрсатувчилар салоҳиятини оширишни назарда тутувчи лойиҳа ҳам кўриб чиқилди. Чунончи, 2023 йил ноябрь ойида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика маркази ҳамда “Dialog” ННТ мазкур ташаббусни амалга ошириш бўйича музокара олиб борган. Ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган.
Айни жараёнда Оила ва хотин қизлар қўмитаси ҳамда ташхис маркази кўмагида лойиҳанинг мақсадини тушунтириш, вазифаларини белгилаш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ҳокимият, давлат идоралари, хотин-қизлар фаоллари, мактаб психологлари билан жойларда учрашувлар ташкил этилгани қайд этилди.
Муҳаррама Пирматова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА
- Қўшилди: 15.11.2024
- Кўришлар: 779
- Чоп этиш