Жорий йил 22-23 февраль кунлари Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р.Алимов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси Вена шаҳри (Австрия)да бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг қишги сессиясида иштирок этди.
Тадбирда ЕХҲТнинг 52 та иштирокчи давлатидан 330 дан ортиқ парламент аъзолари ва ҳамкорлик бўйича шериклар иштирок этди. Сессия доирасида ассамблеяларнинг учта Доимий қўмитасининг мажлиси ҳамда “Европа хавсизлиги бугун ва эртага: ЕХҲТ келажаги бўйича парламент қарашлари” мавзусида ялпи сессия бўлиб ўтди.
Қишки сессияда Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг маърузалари тингланди, улар хорижий парламентарийлар ва ЕХҲТ тузилмалари вакилларига ЕХҲТ сайлов стандартларини Ўзбекистон қонунчилик амалиётига жорий этиш, шунингдек мамлакатимиздаги иқтисодий ўсишнинг яшил омили тўғрисида маълумот берди.
Бундан ташқари, Олий Мажлис вакиллари ЕХҲТ ПА Терроризмга қарши кураш махсус қўмитасининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Унда терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга қарши курашиш, ушбу чақириқ ва таҳдидлардан жабрланганларни реабилитация қилиш борасида атрофлича фикр ва тажриба алмашилди.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давомида ЕХҲТ ПА махсус вакиллари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Уларда мамлакатимизнинг ЕХҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Институт вакиллари Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолаб, уларни муваффақиятли амалга ошириш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 27.02.2024
- Кўришлар: 1896
- Чоп этиш