Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26-30 июнь кунлари Ўзбекистонда биринчи маротаба Бутунжаҳон ёшлар фестивали ўтказилмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонованинг таъкидлашича, нуфузли тадбирда 92 давлатдан 700 нафардан зиёд ёшлар иштирок этмоқда. Улар фестиваль доирасидаги 15 та лойиҳада иштирок этиши кўзда тутилган. Бу тадбирлар Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Фестивалнинг очилиш маросими бугун Самарқанд шаҳридаги халқаро туризм маркази “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳудудидаги амфитеатрда ўтказилиши режалаштирилган.
Айни пайтда марказда дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёшлар иштирокида “Оммалаштиришга арзигулик ғояларни кашф этинг!” мавзусида юзма-юз учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
– Қозоғистондаги “Меҳрибонлик” кўнгиллилар жамияти вакилиман, - дейди Екатерина Тўхтарова. - Ташкилотимиз 20 йилдан бери фаолият юритиб келади ва имконияти чекланган фуқароларга турли шаклларда ёрдам берамиз, шунингдек, спорт ва ижодий тўгараклар ташкил этганмиз. Фестивалда янги дўстлар орттиришни, улар билан ғоялар алмашишни мақсад қилганмиз. Мен билан биргаликда Қозоғистоннинг 50 нафарга яқин ёшлар вакиллари Самарқандга келди, уларнинг ҳар бири жамиятнинг у ёки бу йўналиши ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Фестивалда таълим, инновация, IT, бизнес, медиа, маданият, санъат, спорт каби йўналишларда семинар ва учрашувлар ўтказилиши ҳамда уларда нуфузли спикерлар қатнашиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 26.06.2024
- Кўришлар: 1571
- Чоп этиш