Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий очиқлиги, инвестиция ва бизнес учун жозибадорлиги, мамлакатда мукаммал ҳуқуқий пойдевор яратилиши, давлатлар билан мувозанатли ва ўзаро манфаатли алоқа ўрнатилиши халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда. Бу жараённи халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан сўнгги етти йилда кўплаб олий даражадаги ташрифлар алмашилди. Жаҳон мамлакатлари етакчилари ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқот доимийлик касб этди. Натижада иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият, соғлиқни сақлаш ва экологияга оид ўзаро, минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик муҳим қўшма қарорлар қабул қилинди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро муносабатлар ривожини янги босқичга кўтариб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлашга хизмат қиладиган кўп томонлама муносабатни сезиларли даражада кенгайтирди. Энг муҳими, мамлакатимиз томонидан бу борада илгари сурилаётган барча таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, жаҳондаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётган давлатимиз кўплаб глобал ташаббусларни илгари суряпти. Дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакати билан дипломатик алоқа ўрнатган республикамиз 100 дан зиёд халқаро ташкилотга аъзо. Турли кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан шериклик жадал ривожланмоқда.
Ислоҳотларга монанд равишда сўнгги кунларда мамлакатимиз дипломатиясида яна бир тарихий воқелик содир бўлди: Ўзбекистон илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) аъзолигига сайланди.
7 июнь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида 2025-2027 йиллар учун ташкилотнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC)га сайлов бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон биринчи марта аъзоликка сайланди.
Яширин овоз бериш натижасига кўра, 185 аъзо давлат бизга овоз берди. Уч йиллик муддатга сайланадиган 54 аъзодан иборат мазкур кенгаш тузилманинг иқтисодий ва ижтимоий фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул ҳисобланади. Барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши – иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан рағбатлантириш бўйича асосий ишни бажаради.
Ўзбекистон 2022 йил кенгашнинг Ривожланиш мақсадида фан ва технология масаласи бўйича комиссияси аъзоси этиб сайланганди. Ушбу комиссия долзарб илмий, техник, инновацион ва муҳандислик масалалари бўйича малакали маслаҳат ёрдами кўрсатиш учун ташкил этилган.
БМТ таркибидаги асосий органлардан бири – EКОSОС халқаро иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда аъзо давлатлар ва БМТ тизимига қаратилган сиёсий тавсиялар ишлаб чиқадиган марказий форумдир. 1600 дан кўп нодавлат ташкилот тузилма ишида иштирок этиш учун Кенгаш ҳузурида маслаҳатчи мақомига эга. Ташкилот 15 ихтисослашган агентлик, 9 функционал комиссия, 5 ҳудудий комиссия фаолиятини мувофиқлаштиради. 11 жамғарма ва ташкилот дастурларидан марказий тузилма сифатида ҳисобот қабул қилади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон ушбу муҳим органга сайлангани давлатимиз раҳбарлигида юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кузатилаётган изчил ислоҳотлар халқаро ҳамжамият ва БМТга аъзо давлатлар томонидан кенг эътироф этилганидан далолат.
Кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларда “Инсон қадри учун” тамойили устуворлик касб этмоқда. Халқимиз фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқи ва манфаатини сўзсиз таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борадаги режалар мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларда ҳам алоҳида йўналиш, мақсад сифатида аксини топяпти.
Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида “адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш” каби мақсадлар белгиланган. “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосий ғояларидан бири ҳам айнан аҳоли талабига ва халқаро стандартга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилишдир. Шунга мос равишда ҳужжат ижтимоий хизмат кўрсатиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган муҳим мақсадларни жамлаган.
Бир сўз билан айтганда Ўзбекистоннинг БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши фаолиятида бевосита аъзо сифатида иштирок этиши айни йўналишдаги масалаларни халқаро жамоатчилик билан ҳамжиҳат ҳал этиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жасур Отаниёзов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
ЎзА
- Қўшилди: 12.06.2024
- Кўришлар: 1566
- Чоп этиш