2024 йил 28 февралда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирди.
Қонунда нималар назарда тутилган, кимлар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин? Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиев шу ҳақда сўзлаб берди:
– Кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, аҳолининг сифатли ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларини кенг амалга оширишга қаратилган қатор ишлар қилинди.
Ўтган йилда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Қонун фуқароларнинг конституциявий нормалар билан мустаҳкамланган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан фойдаланиш механизмини янада такомиллаштирди.
Бу, ўз навбатида, айрим қонун ҳужжатларини мазкур қонунга мувофиқлаштириш заруратини юзага келтирди. Шу сабабдан янги қонун билан ҳам Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш, Жиноят-ижроия ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳамда “Адвокатура тўғрисида”ги ва “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунга мувофиқ, жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишларда ҳам фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш белгиланди. Бу давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари янада кенгайтирилганини англатади.
Эндиликда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатлар инсон омили аралашувисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали автоматик танланади. Бунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартиби йўлга қўйилмоқда.
Суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарори ёки суднинг ажрими асосида ишда ҳимоячи (адвокат) иштирокини таъминлаш шартлиги қайд этилмоқда. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимоячиси сифатида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради.
Адвокатнинг тўрт соатдан кам бўлмаган муддатда суд муҳокамасига етиб келиши ҳақидаги нормани белгилаш назарда тутилмоқда. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилади.
Ўз навбатида, “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали танланган ҳамда тегишли ишда ўзининг иштирок этишини тасдиқлаган адвокат давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарорида ёки суднинг ажримида белгиланган муддатда ишга кириши шарт.
Маҳкумларнинг давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқи янада мустаҳкамланди. Жазони ва жиноят-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этувчи муассасалар ҳамда органларнинг ваколатли мансабдор шахси суднинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларини қайта кўриб чиқишда, шунингдек, уларни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ иштирок этишини маҳкумнинг илтимосига кўра таъминлаш чораларини кўриши шарт.
Бошқа ҳолларда маҳкум давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун қонунда кўрсатилган махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиши мумкин.
Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатларини кучайтиришга, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 07.03.2024
- Кўришлар: 1965
- Чоп этиш