Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Қатар ахборот агентлиги – QNA “Шўро кенгаши Ўзбекистонда ўтказилаётган Осиё хотин-қизлари форумида иштирок этмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилди. Ушбу давлатнинг қонун чиқарувчи идораси ҳисобланмиш Шўро кенгаши (Мажлис Аш-Шуро) 45 аъзодан иборат: биринчи парламент сайловида 30 киши сайланган, 15 вакил тайинланган.
Муаллиф Самарқандда ўтган анжуманда Кенгаш вице-президенти доктор Ҳамда бинт Ҳассан Ас-Сулаитий хонимнинг иштироки хусусида сўз юритган.
Очилиш сессиясидаги нутқида қатарлик сиёсатчи аёлларнинг турли соҳаларда мавқеини оширишдаги саъй-ҳаракатлар учун миннатдорлик билдириб, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий имкониятини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаган.
– Марказий Осиё хотин-қизлар форуми Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўтказилаётгани мамлакатда аёллар масаласи, уларнинг ҳуқуқи ва имконияти устувор йўналишлар қаторига киритилганидан далолат, – деди Ҳамда бинт Ҳассан Ас-Сулаитий. – Спикерларнинг маърузалари мени илҳомлантирди. Айниқса, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳамда “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахуснинг қатъий даъвати барчамизга турли даражада масъулият юклади. Зеро, парламентлар ҳуқуқимизни таъминлашга, аёлларимиз барча соҳада муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиши шарт.
Мулозим зиддиятлар шароитида аёллар олдида турган муаммоларга ҳам тўхталиб, Осиё қитъасида хавфсизлик ва тинчликка эришишда аёлларнинг алоҳида ролини таъкидлади.
Мақолада Шўро кенгаши вице-президенти Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашгани ҳам қайд этилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 15.05.2024
- Кўришлар: 1632
- Чоп этиш