Тошкентда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Колумбия университети, ЮНИСEФ ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази очилди.
Ушбу марказ ижтимоий масалаларни ҳал этиш ҳамда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар тизимларини ривожлантириш бўйича инновацион саъй-ҳаракатлар маркази бўлиб, мамлакатимизда ижтимоий таъминот тизимини такомиллаштириш, ходимларнинг касбий ривожланишига, самарали дастурлар ва методикаларни яратишга, тадқиқотлар ўтказиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари бўйича илғор инновацияларни таъминлашга хизмат қилади.
— Ушбу марказнинг ташкил этилиши ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлашнинг янги босқичини англатади, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева. — Марказ нафақат билим ва инновациялар манбаи, балки ижтимоий иш ходимлари энг яхши амалиётлар ва тажриба алмашишлари мумкин бўлган жой бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, марказнинг очилиш маросимида Колумбия университети ижтимоий иш мактаби декани Мелисса Д. Бегг, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни эътироф этди ҳамда ушбу марказ фаолиятининг аҳамиятига тўхталди.
— 2023 йил 28 ноябрда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, ЮНИСЕФ ва Колумбия университетининг Ижтимоий иш мактаби (АҚШ) ўртасида Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш марказини ташкил этиш бўйича уч томонлама Ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди, — дейди Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази раҳбари Сардор Мусаев. — Шу асосида ташкил этилган марказимиз ижтимоий ҳимоя соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, мазкур жараёнда Агентлик тизимидаги муассасаларга илмий-методологик кўмаклашадиган муассаса ҳисобланади. Марказда илмий-тадқиқот ишлари, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлари ташкил этилади. Марказнинг асосий вазифалари ижтимоий ҳимоя муаммоларини ҳал этишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, ижтимоий ҳимоя соҳасида иш жараёнларини ташкил этиш методологиясини яратишга кўмаклашиш орқали Ўзбекистонда профессионал ижтимоий иш тизимини жорий этишни қўллаб-қувватлаш кабилардан иборат. Колумбия университети ижтимоий иш мактаби юз йиллар давомида шаклланган мактаб ҳисобланади. У ерда ижтимоий иш соҳасида кўплаб адабиётлар мавжуд, катта тажриба тўпланган. Ўзаро ҳамкорликдаги ушбу марказ Колумбия методологияси асосида кадрлар тайёрлаб, ижтимоий соҳада инсонларга ёрдам беришга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, ушбу марказ ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизматлар соҳасида таълим, тадқиқот ва амалиётни ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам таълим инфратузилмасини таклиф этади. Марказ Колумбия университети ижтимоий иш мактабининг (CССW) академик раҳбарлиги ва менторлик ёрдамига таянади. Колумбия университетининг ижтимоий иш бўйича етакчи ролидан фойдаланиб, заиф аҳоли ва маҳаллий ҳамжамиятлар фаровонлигини яхшилайдиган инновацион, далилларга асосланган саъй-ҳаракатларни ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди.
Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази билим алмашиш ва илғор тажрибаларни ривожлантиришда, халқаро алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 05.09.2024
- Кўришлар: 1155
- Чоп этиш